Жамият | 22:50 / 16.09.2019
49211
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги тўйхонада оммавий заҳарланиш юз берди: шифокорларга кўра беморларнинг аҳволи оғир эмас

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги тўйхона ресторанлардан бирида кўплаб одамларнинг заҳарлангани ҳақида хабар пайдо бўлди. Хабарни уйланган боланинг ўзи жойлаштирган. Бу миш-мишларни текшириш мақсадида Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига бордик.

У ерда беморларга қараётган шифокорлардан бири бизга маълумот беришга рози бўлди. Шифокорнинг айтишича, шанба куни бўлгани тахмин қилинаётган тўйда овқатдан заҳарланган 10 дан ортиқ одам мурожаат қилган ва улар келишда давом этишмоқда: «Ўша тўйда заҳарланган одамлар ҳамон келмоқда. Уларнинг аҳволи оғир эмас», — дейди шифокор Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Facebook ижтимоий тармоғидаги машҳур самарқандликлар гуруҳида фойдаланувчилардан бири шундай пост қолдирган: «14 сентябрь куни ҳавас қилиб тўй қилдим. Киши бошига 180 минг сўмдан тўладим. Кейин нима бўлди? 200 киши овқатдан заҳарланди. Улар орасида меҳмонлар, дўстлар, қўшнилар бор эди. Қанчалик алам қилаётганини сўз билан изоҳлай олмайман».

Бу катта эҳтимол билан ўша кўпчилик заҳарланган тўй ҳақидаги пост. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълумот олишга уриндик, аммо кеч бўлиб қолгани сабаб бошқарма вакиллари эрталаб воқеа юзасидан тўлиқ маълумот беришларини билдиришди.

Kun.uz мазкур воқеа юзасидан эртага Самарқанд вилоят ДСНЭМ маълумотини ҳам олишга уриниб кўради.

Мавзуга оид