Ўзбекистон | 08:43 / 17.09.2020
25903
10 дақиқада ўқилади

Янги Меҳнат кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг мақсади – ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини, улар билан бевосита боғлиқ бўлган якка меҳнат ва ижтимоий муносабатларда мувозанат ва мувофиқликни таъминлаш асосида тартибга солишдан иборат.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи ва эркинлиги, шунингдек, меҳнат қилиш ҳуқуқи, эркин иш танлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитлари ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларига оид давлат кафолатларини ўрнатиш;

иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жойлаштириш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш бўйича ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш;

меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантириш;

ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;

меҳнат бозорининг самарали ишлашини таъминлаш.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидагиларни тартибга солади:

ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги якка тартибдаги меҳнат муносабатлари;

якка тартибдаги меҳнат муносабатлари билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни.

Якка тартибдаги меҳнат муносабатлари билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларга қуйидагилар киради:

ходимнинг айни иш берувчи билан меҳнат муносабатлари;

ходимни айни иш берувчи билан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича муносабатлари;

меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик жараёнида юзага келадиган жамоавий меҳнат муносабатлари;

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, меҳнат муҳофазаси қоидалари ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари бўйича муносабатларни ўз ичига олган норматив ҳужжатларга риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш;

меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича муносабатлар.

Агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасида белгиланган меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидалари чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан таъсис этилган ёки ташкил этилган ташкилотлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги ташкилотларга ҳам татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрларини ўз ичига олган бошқа норматив ҳужжатларнинг амал қилиши давлат хизматчиларига, шунингдек, қонунда назарда тутилган хусусиятларга эга муқобил хизматни ўтаётган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётганларга, шунингдек, ички ишлар органларида, давлат хавфсизлик хизматида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва бошқа уларга тенглаштирилган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари махсус қонун ҳужжатларига зид бўлмаган доирада қўлланилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари прокуратура органлари ходимларига нисбатан “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига зид бўлмаган доирада қўлланилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қутқарув хизмати қутқарувчилари меҳнат муносабатларининг қутқарув хизмати тўғрисидаги махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмларини тартибга солади.

Суд ҳукми билан содир этган жинояти учун жазони ўтаётган шахсларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида назарда тутилган имтиёзлар ва чекловлар билан бирга тартибга солинади.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрларини ўз ичига олган бошқа норматив ҳужжатлар қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар ушбу Кодексда белгиланган тартибда бир вақтнинг ўзида иш берувчи ёки уларнинг вакиллари сифатида иштирок этмаса) қўлланилмайди:

чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;

кузатув кенгаши аъзолари, ташкилотларнинг тафтиш комиссиялари аъзолари (тафтишчилари)нинг ушбу ташкилотда тегишли функцияларни бажаришлари муносабати билан;

фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишлар (хизматлар) кўрсатувчи шахслар;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шахслар.

Агар муносабатлар, шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юзага келган бўлса, бироқ кейинчалик ушбу Кодексда ёки бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат муносабатлари деб тан олинган бўлса, бундай муносабатларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва меҳнат нормаларини ўз ичига олган бошқа норматив ҳужжатлар қўлланилади.

Якка тартибдаги меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги ҳамда меҳнат ва бандлик соҳасидаги камситишларнинг тақиқланиши;

айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишда асосланган фарқларни ўрнатиш;

меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш кафолати;

ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашувига йўл қўймаслик.

Ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга.

Меҳнат ва касбий фаолиятда камситиш тақиқланади. Меҳнат ва касбий фаолият соҳасида жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб ҳар қандай тўғридан-тўғри чеклашлар ёки имтиёзлар белгилаш камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат ва (ёки) касбий фаолият соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситиш факти бўйича белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Камситилган шахснинг камситишни бартараф этиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва унга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволари қаноатлантирилади. Камситилган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар суд тартибида ҳал этилади, камситувчи хусусиятга эга ҳаракатларда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Меҳнат ва касбий фаолиятнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (оилавий мажбурияти бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалар) тўғрисида алоҳида ғамхўрлик билан боғлиқ асосли фарқлашлар, истиснолар, имтиёзлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Aйрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишдаги асосланган фарқлар ходимнинг иш берувчи билан меҳнат муносабатларининг хусусияти, меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи, ходим меҳнатининг шартлари ва хусусияти, иш берувчининг ҳолати, айрим тармоқлар ва касбларнинг ўзига хос хусусиятлари, организмнинг психофизиологик хусусиятлари, оилавий мажбуриятлар ва бошқа холисона ҳолатлар туфайли бўлиши мумкин.

Меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг ўз меҳнат қобилиятидан келиб чиқиб, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, меҳнат фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини, фаолият турини, касб ва мутахассисликни, иш жойини ва меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Меҳнат муносабатлари билан боғлиқ меҳнат эркинлиги, меҳнат шартномаси эркинлигида намоён бўлади, бу қуйидагиларни англатади:

ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат шартномасини тузишдаги эркинлигини, ходимни ва иш берувчини меҳнат шартномаси тузишга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини. Aгар иш берувчининг шартнома тузиш мажбурияти ушбу Кодексда, қонунда ёки ихтиёрий мажбуриятда назарда тутилган бўлса, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини тузишга мажбурлигини;

меҳнат шартномасининг шартномавий (зарурий ва қўшимча) шартларини томонларнинг келишувига кўра белгилашни;

иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга кўра меҳнат шартномасини ўзгартириш имкониятини;

ҳар қандай меҳнат шартномасини томонларнинг розилиги билан исталган вақтда бекор қилиш имкониятини;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда, ходимнинг ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи;

меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун ушбу Кодексда белгиланган асослар мавжуд бўлса, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи;

ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда меҳнат шартномасида уни бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутиш имконияти.

Мажбурий меҳнат тақиқланади.

Ҳар қандай жисмоний шахсдан, ўз ихтиёри билан ўз хизматини таклиф қилмаганлиги учун жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизмат мажбурий меҳнат деб эътироф этилади. Жазолаш таҳдиди остида деганда, жисмоний шахсга, унинг ихтиёрий розилиги бўлмаган меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки таҳдид қилиш тушунилади.

Мажбурий меҳнат қуйидагиларни ўз ичига олмайди:

ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида ҳарбий хусусиятдаги ишларни ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган ишларни бажаришни;

фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий қилиниши муносабати билан бажарилиши белгиланган ишларни;

суд ҳукмининг қонуний кучга кириши муносабати билан суд ҳукмининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижро этилиши учун масъул бўлган давлат органи назорати остида бажарилган ишларни.

Мавзуга оид