Ўзбекистон | 16:02 / 30.08.2021
36912
4 дақиқада ўқилади

«Қайси давлат раҳбари ўзига қаршилик қилганларни, қамалиб кетганларни қамоқдан чиқариб, яна иш, машина, кабинет, мукофотлар беради?» - Қудратулла Рафиқов   

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қудратулла Рафиқов Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида сўзга чиқди.

“Менинг ёшим ҳам 75га чиқди. Деярли 60 йилдирки, шу давлатга хизмат қилиб келмоқдаман. Ҳар хил лавозимларда, Тошкент шаҳрида турли лавозимларда ишладим. Мустақиллигимизга 30 йил бўлган бўлса, шундаги фаолиятимнинг 20 йилини Жиззах вилоятида ўтказдим. Нега, деган савол бўлиши мумкин. Мустақиллигимизнинг илк йилларида анча ўйинлар, сиёсий масалалар бўлган. Ўша замонларда шундай вақт бўлиб қолдики, ҳатто менинг қадрдон дўстларим ҳам мендан сал узоқроқ юрадиган, гаплашишга ҳам ор қиладиган бўлиб қолди.

Мен учун шундай қийин пайтда Шавкат Миромонович Жиззах вилоятига ҳоким бўлиб борган. Мен учун катта бошини кичик қилиб биринчи президент ҳузурига кириб, рухсат олиб, мени Жиззах вилоятига олиб кетди. Лавозимларга қўйдилар, бирга олиб юрдилар, маслаҳатлар бердилар. Кўпчилик шунда бу ёш йигит Тошкентдан келиб бир-икки йилда қайтиб кетади, деб ўйлашган. Лекин ундай бўлмади, Шавкат Миромонович Мирзо Улуғбек туманида ишлаб юрган пайтларидаёқ йўл қурарди, кўчаларга асфальт қиларди, ижтимоий объектлар ишга туширарди ва бундан болаларча хурсанд бўларди. Худди шу тажрибани Жиззах вилоятида ҳам қўллади, вилоятда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, Жиззах пахта режасини ҳам бажарди. Мен учун Жиззах вилояти - иккинчи ватаним, энг қадрдонларим шу вилоятда.

Мустақиллик даврининг бошларида жуда кўп корхоналар сабабсиз ёпилди. Авиация заводи бор эди, 60 минг одам ишлар эди. Текстил комбинати бор эди, 5 минг одам ишларди. Трактор заводи, Кабел заводи, Агрегат заводи, Миконд заводи, “Ташсельмаш”, “Ўзбексельмаш”... Мана, Тошкентда ўтирган раҳбарлар яхши билади. Қани улар? Нима учун ёпилди? Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Бунга жавоб бериш учун кўп ўйлашимиз керак.

1966 йилда кучли зилзила бўлган. Шунда иттифоқнинг 15та республикаси келиб, Тошкентни қайта тиклашга кўмаклашган. Мана, Козим Носирович шу ерда ўтирибдилар (Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов - таҳ.). Мен “ўша даврда қурилган иморатлар квадрат метри билан Шавкат Миромонович даврида, 2,5 йилда қурилган импортларнинг квадрат метри ўртасида фарқи қанча экан” десам, уч-тўрт кундан кейин ҳисоблаб чиқиб “7-8 баробар кўп экан”, деб айтдилар. Тошкент - Янги Тошкент бўляпти. Ўзингизлар кўриб турибсизлар. Кўпчилик қайтиб келяпти, ўша ерда олган 500-600 доллар шу ерда бериляпти, қурувчиларимизнинг ҳаммаси қайтиб келяпти. Бу президентимизнинг Тошкент шаҳрига бўлган муҳаббати деб биламан. 

Айтинг-чи, қайси давлат раҳбари энди ишга киришган пайтида ўзига қаршилик қилганларни, сиёсий ўйинларда қамалиб кетганларни қамоқдан чиқариб яна иш беради, тагига машина, кабинет бериб, мукофотлар беради? Йўқ бунақа давлат. Гап ким ҳақида кетаётганини балки биларсизлар, балки билмассизлар. Шавкат Миромонович 30 йилда боши эгилиб турган Тошкент зиёлиларининг қаддини кўтарди. Мен Тошкент зиёлилари номидан бошим ерга теккунча таъзим қиламан”, деди Қудратулла Рафиқов тадбир давомида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид