14:34 / 29.09.2022
37003

Фуқарони бўғиб қийнаган “опер”лар судда оқланди. Фарғона вилоят ИИБдаги вазият изидан чиққанми?

Фарғонада ИИБ ходимлари қуюшқондан чиқмоқда. Ваколат чегарасидан чиқиб, фуқароларга жисмоний тажовуз қилмоқда. Сўнгги йилларда жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатлар вилоятдаги вазият ислоҳ қилишга муҳтож эканидан дарак беряпти.

Фарғона шаҳри ички ишлар бўлими ходимлари хизмат хонасида фуқарони калтаклаган. Хонадаги кузатув камераси қайд этган тасвирда ички ишлар ходими хизмат кийимидаги икки нафар шахснинг бири фуқарони бўғиб қийнаётгани, бу вақтда иккинчи ходим уни аёвсиз калтаклаётгани кўринади.

Олишув бошланган вақтда хонада бўлган, жанжалда иштирок этмаган уч нафар эркакнинг фақат биттаси фуқарони ички ишлар ходимлари қўлидан ажратишга уринади. Бироқ шунда ҳам ходимлар фуқарога куч ишлатишда давом этишади.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов Kun.uz’га фуқарога куч ишлатган ходимлар ҳудудий ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими катта тезкор ходими ва профилактика инспектори эканини маълум қилди. Улар томонидан қийноққа солинган шахс эса Азизбек Мелибоев экани маълум.

 Кузатув камераси ёзиб олган видеодан лавҳа.

Шохруҳ Ғиёсов ўз Telegram-каналида воқеа бундан бир йил муқаддам, 2021 йил 14 июлда Фарғона шаҳри ИИБда содир этилганини маълум қилди. Ғиёсовнинг баёнотида келтирилишича, рўй берган ҳолат юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда 2021 йил 2 декабрда судга оширилган.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг баёнотида жавобгарликка тортилган ходимларнинг ҳар иккиси профилактика инспектори экани келтирилади. Қайд этилишича, бу ходимлар Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳукми билан ҳар иккисига нисбатан иш ҳақининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Бироқ, Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2022 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, М.А. ва Б.Т.нинг хатти-ҳаракатларида “жиноят аломатлари мавжуд эмас”лиги сабабли улар айбсиз деб топилган ва уларнинг ҳар иккиси ЖПКнинг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

Бу ҳукм устидан Фарғона вилояти прокурори кассация тартибида Олий судга протест киритган. Бу протест белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирилаётгани маълум қилинади.

“Жиноят иши Олий судда кассация тартибида кўрилиши бўйича суд жараёни якуни юзасидан батафсил ахборот берилади”, дейилади Олий суд раиси матбуот котиби ахборотида.

Кузатув камераси ёзиб олган видеодан лавҳа.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов бу ходимлар суд томонидан оқланган бўлса-да, ўтган йили, яъни ҳодиса содир бўлган вақтда уларга интизомий жазо қўлланганини маълум қилди. Жумладан, Жиноят-қидирув бўлими катта тезкор ходимига қаттиқ ҳайфсан берилган бўлса, профилактика инспектори ҳайфсан билан жазоланган.

Вазирлик мутасаддиси ҳолат бўйича тўпланган барча материаллар, жумладан, воқеанинг видеоёзуви ҳам прокуратура органига ҳудудий ички ишлар бошқармаси томонидан тақдим этилгани, бу жараёнда ҳеч нарса яширилмаганини билдирди.

Шохруҳ Ғиёсов воқеа тафсилотларидан тўлиқ хабардор эмаслиги, аслида ички ишлар тизими раҳбарияти фуқаролар билан мулоқот чоғида қуюшқондан чиқиб кетадиган, лавозим ваколатларини суиистеъмол қиладиган ходимларга нисбатан тоқатсиз эканини айтмоқда. У ушбу ходимлар суд томонидан оқлангани учун ишлаб юргани, суд қарорлари ижроси барча учун бирдай мажбурий эканини таъкидламоқда.

Кузатув камераси ёзиб олган видеодан лавҳа.

Бу воқеа Фарғона вилоят ИИБ ходимлари фуқарони қийноққа солгани ҳамда ваколат чегарасидан четга чиққани эҳтимол тутиладиган ягона ҳолат эмас.

Шу йил 27 август куни Қувасой шаҳрида 60 ёшли фуқаро ИИБ ходимлари томонидан “мастлик ҳолатини текшириш учун тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда” соғлиги ёмонлашиб вафот этгани айтилди. Аммо марҳумнинг яқинлари бунинг бутунлай аксини, марҳум ўлимидан аввал профилактика инспектори хонасига олиб кириб қийноққа солинганини айтишмоқда. Афсуски, марҳум қандай қилиб участкавойлар қўлига тушиб қолгани-ю, нега мастлик ҳолатини текшириш керак бўлгани ҳозирча жиддий ўрганилгани йўқ.

Ўтган йилнинг апрелида, карантин қоидалари енгиллаб, одамлар кўчаларда тиббий ниқоблардан деярли воз кечиб бўлган кезларда Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли Аҳрор Анваров “тиббий ниқобсиз кўчада юргани учун профилактика инспектори хонасига суҳбатга олиб кирилгани”дан кўп ўтмай вафот этганди. Аҳрор Анваровнинг яқинлари ҳам унинг ИИБ идорасига олиб кирилгунига қадар соғлиғидан ҳеч қандай шикояти бўлмаганини айтишган.

Салласи деса калласини олиб келишга ўрганган фарғоналик ИИБ ходимлари яқинда блогер Олимжон Ҳайдаровни асоссиз айбловлар билан 15 суткага қамоққа тиқишга муваффақ бўлишганди. Аммо орадан 2 кун ўтиб, Ҳайдаров айбсиз деб топилган бўлса-да, унга нисбатан “материал” тайёрлаган ходимларнинг жавобгарлик масаласи юмалоқ ёстиқ қилиб юборилди.

Қўл остидаги ходимларини муттасил ҳақорат қилиб келадиган Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Азиз Аҳмаджоновнинг қилмишлари юқорига маълум бўлган эса-да, унга фақатгина сўкингани акс этган аудиолар интернетда тарқалгач чора кўрилди. Шунда ҳам тизимдан четлатилмади. Шу хулқи билан туманлардан бирида профилактика инспектори бўлиб қолди.

Top