Жаҳон | 15:45 / 10.02.2023
90500
9 дақиқада ўқилади

Туркиядаги навбатдаги зилзила янада даҳшатли бўлиши мумкин. Бу ҳолда Истанбул жиддий зарар кўради

10 феврал ҳолатига кўра, Туркиянинг жануби-шарқида юз берган зилзила қурбонлари сони 18 минг кишидан ошди (қўшни Сурия билан қўшиб ҳисоблаганда 21 мингдан). Бу сўнгги ўн йилликларда содир бўлган минтақадаги энг кучли зилзиладир. Афсуски, тадқиқотчилар Туркия яқин йилларда яна бир шундай даҳшатли табиий офатни бошидан кечиришини айтмоқда. Ва бу сафарги эпик марказ 15 миллион аҳолига эга Истанбул шаҳри бўлиши мумкин. Олимлар маҳаллий ҳукуматнинг бунга тайёрланмаётганидан қаттиқ норози.

Фото: Nicole Tung / Bloomberg / Getty Images

Истанбулдаги зилзила муқаррар, олимларнинг бунга ишончи комил. Минглаб инсонлар ҳалок бўлиши, миллионлаб кишилар эса уйсиз қолиши мумкин

«Бу муқаррар, факт», — деган эди Истанбул техника университети қошидаги Евросиё геофанлар институти директори бўлган профессор Окан Туйсуз 2006 йилда Британиянинг The Guardian газетасига берган мақоласида.

«Биз магнитуда кучини биламиз. Биз зилзила юз бериши мумкин бўлган жойни ҳам биламиз. Биз фақат бу қачон содир бўлишини билмаймиз. Аммо 2030 йилга қадар Истанбулда 7,6 магнитудали зилзила содир бўлиши эҳтимоли 65 фоиз. Бу эса жуда юқори эҳтимоллик», дея Истанбулдаги зилзила ҳақида гапирган Туйсуз.

Сўнгги ўн беш йил ичида олимлар ушбу хавотирли тахминни тасдиқловчи яна кўплаб ҳисоб-китобларни чоп этди (юз бериши эҳтимоллиги 35 фоиздан 95 фоизгача, муддат 2045 йилгача, магнитуда 7 баллдан юқори).

Зилзиланинг кўлами нафақат турк тадқиқотчилари, балки АҚШ Геология хизмати мутахассислари, Италия, Франция, Япония ва ҳатто халқаро суғурта компаниялари томонидан ҳам прогноз қилинган.

Ҳамма гап шаҳарнинг географик жойлашувида. Истанбул Анадолу ва Евросиё тектоник платолари туташган нуқтада, Мармар денгизи остидан ўтувчи Шимолий Анадолу ёриғидан 15-20 километр жанубда жойлашган. Айнан мана шу омил сейсмик хавфни келтириб чиқаради. Платоларнинг ёриқ бўйлаб ҳаракатланиши кўп асрлар давомида катта зилзилаларга олиб келган.

500 йилдан сал кўпроқ вақт ичида Истанбулда йирик табиий офатлар 6-7 марта содир бўлди. Уларнинг энг ҳалокатлиларидан бири 1766 йилда, шаҳар яқинидаги ёриқ шохчаси ҳаракатланганда юз берди (олимлар ҳозир ҳам айнан мана шу сценарий қайтарилишидан хавфсирамоқда).

Истанбулга энг яқин бўлган охирги кучли зилзила 1999 йилда рўй берган. Ўшанда фалокат эпимаркази 90 километр шарқдаги Измит шаҳрида жойлашганди. Ушбу зилзила сабаб 17 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Бу 1939 йилдан бери Туркия бўйлаб шарқдан ғарбга, Шимолий Анадолу ёриғи бўйлаб «ҳаракатланаётган» 7,0 магнитудали зилзилалар қаторидаги еттинчиси бўлганди. Кучли силкинишлар нуқтаси борган сари Истанбулга яқинлашмоқда.

Башорат қилинган зилзила ҳатто шаҳарнинг ўзида содир бўлиши ва оқибатлари аввалгиларига қараганда анча каттароқ бўлиши мумкин. Истанбул мэрияси томонидан 2020 йилда сейсмологлар кўмагида тайёрланган ҳисоботдан маълум бўлишича, 7,5 магнитудали зилзиладан шаҳарнинг барча 39 та тумани турли даражада зарар кўради. Вайронгарчиликнинг нисбатан каттароқ хавфи мегаполиснинг Европа қисмида, Мармара денгизи қирғоғида кузатилади. Масалан, Овчилар туманида мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қурбонлар сони 465 нафарга етиши, жароҳатланганлар сони эса 1500 дан ошиши мумкин. Туманнинг 104 минг аҳолиси эса уйларидан ажралади. Зайтунбурни туманида эса 668 киши ҳалок бўлиши, 5330 дан ортиқ бино қулаши мумкин.

Кўплаб муҳим тарихий бинолар (масалан, Аё София ва Мовий масжид) жойлашган шаҳарнинг энг қадимий туманларидан бири бўлмиш Фотиҳ туманида зилзила янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Биноларнинг 72 фоизи қулаши, бир ярим минг киши ҳалок бўлиши хавфи мавжуд.

Профессор Туйсуз айтган энг ёмон сценарийга кўра, Истанбул ҳудудининг 40 фоизи фалокат зонасида бўлади ва шаҳарга ёпириладиган цунами баландлиги етти метрга етади.

Истанбул мэриясининг 2021 йилда тақдим этилган яна бир ҳисоботида қайд этилишича, 7,5 магнитудали зилзила натижасида шаҳарнинг тахминан 209 000 та биноси тўлиқ ёки қисман вайрон бўлиши мумкин (шаҳарда умумий 1,16 миллионта иншоот бор). Бу уч миллионга яқин киши уйсиз қолишига олиб келади. Экспертлар айтишича, асосий хавф кутилаётган ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар 2000 йилгача қурилган ва бу бинолар қурилишида олимлар ҳозир тахмин қилаётган хавфлар ҳисобга олинмаган. Истанбулда ўн минглаб шундай бинолар мавжуд.

Расмийлар табиий офат сабаб кўриладиган иқтисодий зарарни 17 миллиард долларга баҳолаган.

Ўшанда шаҳар мэрияси шаҳар учун ерости сувлари пайдо бўлиши харитаси ишлаб чиқилгани ва мутахассислар ушбу сувни жабрланувчиларнинг вақтинчалик яшаш жойларига (бу ерда қутқарув ускуналари ва гуманитар ёрдам йиғилади, шунингдек, уйидан айрилганлар учун палаткалар берилади) олиб келиш йўлини излаётганини таъкидлаганди.

Расмийлар фикрига кўра, бу фалокатга қарши туришга ёрдам берадиган ягона профилактик чора эмас. Масалан, Истанбулда фавқулодда вазият юз бериши бўйича мунтазам равишда кенг кўламли машғулотлар ўтказилади: фуқароларнинг телефонларига зилзила ҳақида огоҳлантиришлар юборилади, хабар телеканаллар ва радиостанциялар, масжидлар ва муниципалитетларнинг овоз кучайтиргичлари орқали эълон қилинади.

Ўтган йили шаҳарнинг энг сейсмик фаол ҳудудларидан бири бўлган Буюкчекмеcэ туманига цунами ҳақида эрта огоҳлантириш берувчи тизим ўрнатилди. Бу тизим цунами ёпирилишидан 5-7 дақиқа олдинроқ зарба ҳақида огоҳлантириш имкониятига эга. Истанбулдаги эски биноларни реконструкция қилиш ва янги мустаҳкам биноларни лойиҳалаш Жаҳон банки томонидан ҳам ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келинади. Банк ҳозиргача бу дастур учун 550 млн доллар сарфлаган.

Сўнгги йилларда Истанбулда тартибсиз қурилишлар фаол равишда амалга оширилмоқда. Ҳокимият бир неча ўн йилдан бери эҳтимолий фалокатга тайёргарлик кўриш бўйича ўз режаларини бажаргани йўқ

Аммо мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича мутахассисларда барибир кўплаб норозиликлар бор. Сейсмолог, Туркия Геофизика муҳандислари палатаси аъзоси Ҳалук Эйидўғаннинг Reuters нашрига айтишича, шаҳар ҳокимиятининг баёнотларига қарамай, камида сўнгги ўн беш йил ичида янги мигрантларни жойлаштириш учун шаҳарда тартибсиз қурилишлар олиб борилмоқда.

Юқори хавф, хусусан, девелоперлар таъмирлаш давомида қўшимча қаватларни қўшган эски биноларда яратилган. Янги қаватлар эски бинолар юкини оширди ва уларни сейсмологик стандартларга жавоб бермайдиган қилиб қўйди. Биргина 2019 йилда эълон қилинган «қурилиш амнистияси» доирасида шаҳар ҳокимиятига қарийб етти ярим миллион ноқонуний бино қурилиши бўйича аризалар келиб тушган.

Шунингдек, Истанбулнинг 2003 йилда ишлаб чиқилган зилзила оқибатларига қарши курашиш бўйича бош режаси охирги марта 2018 йилда янгиланганди. Зилзила хавфини бошқариш шаҳар департаменти раҳбари Тўфон Қаҳрамон 2020 йилда шу вақтгача бирорта ҳам бино бош режа талаблари бўйича қайта қурилмаганини тан олди, лекин келажакда 790 мингта иншоот хавфни баҳолаш тизимидан ўтказилишига ваъда берди.

«Баъзи бинолар учун ечим ушлаб турувчи тузилмаларни мустаҳкамлаш бўлиши мумкин, бошқалари учун эса тўлиқ реконструкция», деган Тўфон.

Босфор университети профессори Дўған Калафатнинг сўзларига кўра, бу жуда кечиккан реакция. Олим расмийларни 2020 йилгача тўпланган маълумотлар асосида бутун уй-жой фондини комплекс баҳолаш тугагунига қадар энг ишончсиз биноларни реконструкция қилишни бошлашга чақирди.

Ҳалук Эйидўған, расмийларнинг Зайтунбурни туманидаги суст ҳаракатини мисол қилиб келтиради. Туман Шимолий Анадолу ёриғининг хавфли қисмига яқин жойда жойлашган. Ҳатто 2000-йиллар бошидаги бош режада ҳам бинолар сифати ниҳоятда пастлиги, уларни комплекс реконструкция қилиш зарурлиги, ҳудудда жабрланганлар учун бошпана тармоғини яратиш лозимлиги айтилган.

Аммо йигирма йил давомида Истанбул мэрияси зилзилага тайёргарлик кўриш бўйича фаол иш бошламаган.

«Бош режа жавонда қолди, унга ҳеч ким тегмади», дейди эксперт.

«Қолаверса, охирги йилларда туманда бадавлат харидорлар учун янги кўп қаватли уйлар қурилди. Камбағал маҳаллий аҳоли эса хавфсиз бўлмаган уйларда яшашда давом этмоқда», дея изоҳ беради Эйидўған.

Профессор Окан Туйсуз The Guardian газетасига берган интервьюсида ижтимоий тенгсизлик нимага олиб келишини тушунтирган:

«Истанбулнинг Европа қисми (зилзилага камроқ чидамли) юмшоқ тош устига қурилган, шимолий ва Осиё қисмлари эса қаттиқ эски тош устига бино қилинган. Мана нима учун бадавлат аҳоли Босфорда (шимолда) виллалар қуришни афзал кўради».

Яна бир хавф шундаки, Истанбулнинг ҳамма аҳолиси ҳам яқинлашиб келаётган фалокат ғоясига кўникишга тайёр эмас. «Кўпчилик бундай келажакка фаталистлар каби ёндашади: агар тақдирда шундай ёзилган бўлса бу шундай бўлади. Одамлар ҳақиқатни шунчаки эътиборсиз қолдириб, қўрқувини шу тарзда бостиришга ҳаракат қилади», дейди уч йил Измит зилзиласидан жабрланганларга маслаҳат берган психолог Иброҳим Эке.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Истанбулда фалокатга қарши профилактика чораларини кўраётган фаол аҳоли ҳам бор. Улар барча эҳтиёт чораларини кўради ва ҳатто бинолардан фавқулодда чиқиш йўлларини тўсиб қўювчи машиналарни қидириб кўчаларда патруллик қилади.

Мавзуга оид