Жаҳон | 08:48 / 23.12.2025
2188
4 дақиқада ўқилади

Трамп ўз номи билан аталадиган жанговар кемалар қурилишини эълон қилди

АҚШ президентининг айтишича, АҚШ Денгиз кучлари янги “Трамп” синфига мансуб кемаларни фойдаланишга қабул қилади. Унинг сўзларига кўра, улар “бошқаларнинг барчасидан юз баробар кучлироқ” бўлади ва Америка флоти флагманига айланади.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ Денгиз кучлари учун янги — “Трамп” синфига мансуб икки ҳарбий кема қуриш режаларини эълон қилди. У Флорида штатининг Мар-а-Лаго (Mar-a-Lago)даги қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет, давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Денгиз кучлари вазири (Navy Secretary) Жон Фелан ҳузурида, душанба куни, 22 декабрда, бу кемаларнинг сув ҳажми 30 000 тоннадан 40 000 тоннагача бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, кемалар илғор қурол-яроғ билан жиҳозланади: гипертовушли ракеталар, электр релсли тўплар ва қудратли лазер тизимлари, шунингдек, ҳозирда ишлаб чиқилаётган — ядровий жанговар қисмларга эга денгиз базали қанотли ракеталар ҳам бўлади.

Янги кемалар “ҳар қандай бошқа, қачонлардир қурилган ҳарбий кемалардан юз баробар кучлироқ” бўлади ва “АҚШ ҳарбий флоти флагманлари”га айланади, деди Америка давлат раҳбари.

Шу тариқа, “Трамп” синфига мансуб жанговар кемалар ҳозир АҚШ Денгиз кучлари фойдаланишда турган эсминец ва крейсерлардан анча катта, аммо 1990-йилларгача хизмат қилган “Айова” синфидаги кемалардан кичикроқ бўлади, деб қайд этади AFP агентлиги.

Доналд Трампнинг сўзларига кўра, янги синфга мансуб илк икки жанговар кемани қуриш учун тахминан 2,5 йил керак бўлади. Кейинчалик АҚШ Денгиз кучларида уларнинг сони аввал 10 тага, кейин эса 20–25 тага етказилади.

AFP эслатишича, Трампнинг АҚШ Денгиз кучлари учун янги жанговар кемалар яратиш ҳақидаги баёноти АҚШ ва Хитой ўртасида стратегик қарама-қаршилик кескинлашаётган шароитда берилди. Кейинги йилларда Хитой Халқ Республикаси ўз ҳарбий-денгиз флотини сезиларли даражада кучайтирди, яқинда Хитойда учинчи авиаташувчи ҳам фойдаланишга қабул қилинди.

Шунга қарамай, АҚШ президенти янги жанговар кемалар Пекинга қарши туриш учун яратилмаётганини таъкидлади. “Бу кимгадир қарши туриш учун. Хитойда эмас, бизда Хитой билан ажойиб муносабатлар бор, — дея Трампдан иқтибос келтиради Fox News телеканали ўз сайтида. — Менда ХХР раиси Си билан ажойиб муносабатлар бор, ва бу — Хитой эмас. Бу — ким бўлса ҳам: сен ким билан тўқнаш келишингни билмайсан, лекин биз куч орқали тинчликни хоҳлаймиз”.

Доналд Трамп янги синфга мансуб жанговар кемалар яратилишини АҚШ мудофаа саноатини рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар билан боғлади. У келаси ҳафта ҳарбий соҳага оид йирик пудратчилар билан учрашишни, уларни етказиб бериш муддатларини қисқартиришга ва мудофаа заводлари қурилишига сармояларни оширишга чақиришни режалаштираётганини билдирди.

Fox News маълумотига кўра, ҳозир АҚШ Денгиз кучлари таркибида тахминан 294 та ҳарбий кема бор. Таққослаш учун: Пентагон маълумотларига кўра, Хитой Халқ-озодлик флоти 370 та бирликка — ерусти кемалари ва сувости қайиқларига эга.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид