Иш ҳақи бўйича жорий этилаётган янги тизим «яширин иқтисодиёт»ни камайтирадими?
Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, яшаш сифатини яхшилаш, тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек молия тизимини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас таркибий қисмидир. Шу жиҳатдан, Президентнинг жорий йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони соҳада ўзига хос янги қадам бўлди, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат қабул қилингунига қадар иш ҳақи, солиқлар, йиғимлар, жарима ва бошқа тўловлар ҳамда пенсия ва унга устамалар миқдорини аниқлаш учун умумий кўрсаткич сифатида энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан фойдаланилган. Ўтган йиллар давомида барча соҳада олиб борилган ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида ягона умумий кўрсаткичдан фойдаланиш муҳим ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни синхрон ва пропорционал ошириш зарурати билан асосланган. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақи ошганда нафақа, пенсия, божлар, жарима ва бошқа тўловларнинг мутлақ миқдори ошарди.
Шу билан бирга, ҳозирда энг кам ойлик иш ҳақини кўплаб тўловлар миқдорини аниқловчи умумий кўрсаткич сифатида қўллаш, жамиятни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларини таъминловчи, иқтисодиётнинг “нозик созлаш” механизмларидан фойдаланиш имконини бермаяпти. Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида мазмунан бир хил, лекин таркиби ва миқдори бўйича турлича бўлган энг кам иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тушунчаларини қўллаш, аниқроғи қонун ҳужжатларида фойдаланишда сезиларли хатоликларга олиб келмоқда. Иш берувчи ва ишчилар кўп ҳолларда ушбу тушунчаларнинг қай бири меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича кафолат эканини тушунишмаяпти.
Эндиликда, мазкур ҳолатни бартараф этиш мақсадида давлат раҳбарининг янги фармонига асосан, 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб таъсир этиш соҳаси ва ўрнатилган миқдоридан келиб чиқиб, бир-биридан фарқланадиган учта кўрсаткични амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилмоқда. Биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори меҳнат муносабатлари ва бандлик соҳасида фойдаланилади ва меҳнат меъёрларини тўлиқ бажарган ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг, шунингдек, ишсизлик бўйича нафақаларнинг энг қуйи чегараси ҳисобланади. Иккинчидан, базавий ҳисоблаш миқдори тадбиркорлик субъектлари томонидан иқтисодий фаолиятни олиб бориш учун тўланадиган солиқлар, йиғимлар, жарималар, патент нархлари ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорини ҳамда оилаларнинг кам таъминланганлик мезонини белгилаш учун фойдаланилади. Учинчидан, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсия ҳисоблашда қўлланиладиган иш ҳақи миқдорини, меҳнатда майиб бўлганлик билан боғлиқ пенсияга устама ва тўловларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорини ҳисоблашда қўлланилади.
Бундай тартибга ўтиш молия тизимининг ижтимоий-иқтисодий устувор йўналишлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, базавий тўловлар миқдорларини бир-биридан мустақил, дифференциал тарзда ўзгартириш имконини беради. Масалан, солиқлар, давлат божлари ва маъмурий жарималар миқдорини оширмасдан пенсия тўловларини жадал равишда ошириш мумкин бўлади. Шу ўринда мисол келтирсак, ҳозиргача умумий овқатланиш корхонасида кўп ҳолларда ишловчи ходимларга ҳисобхона ҳисоботларида энг кам иш ҳақи яъни, 202 730 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Ҳақиқатда “конверт усулида” ундан анча кўп миқдорда иш ҳақи тўланиб келинган. Эндиликда, мазкур Фармон билан барча хўжалик юритувчи субъект, ташкилот ва муассасаларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 577 170 сўмдан иборат бўлади.
Бунинг афзаллик томонлари шундаки, авваламбор, ходимларнинг пенсияга чиқиш даврида пенсия миқдори ҳисобланишида юқори сумма белгиланишига замин яратилади. Давлат бюджетига иш ҳақидан солиқ тўланиши ошади. Яширин иқтисодиётнинг камайишига ҳисса қўшилади.
Фармонга мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткасини кўриб чиқиш ва алоҳида нафақа ҳамда компенсация турларини белгилашнинг мутлақ миқдорини, шунингдек, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш тизимини белгилаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш кўзда тутилган.
Фармонда кўрсатилган чораларнинг ҳаётга кенг жорий этилиши энг кам иш ҳақи тушунчаси киритилган барча қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришларни киритиш, бунинг учун амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, уларни синчковлик билан ўрганишни талаб қилади, дейди депутат.
Мавзуга оид
17:53 / 24.08.2024
АҚШнинг санкциялар сиёсати глобал яширин иқтисодиётни яратди — WSJ
19:26 / 07.05.2024
Қатъий белгиланган АОС сақланиб қолиши керак — эксперт
19:40 / 04.05.2024
“Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?
11:29 / 01.05.2024