Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қадимда келинлар таққан зебигардон тақинчоғи нега юрганда шиқирлайдиган қилиб ясалган?
Чайка қуши нима учун ўтлоқда ер тепкилаб рақсга тушади? Португалиядаги кутубхона тунда китобларни муҳофаза қилишда қайси жонзотдан фойдаланади? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг учинчи ўйинидан репортаж.
Фото: Заковат
Кузги мавсумнинг учинчи ўйинида Бобур Ёқубов жамоаси иштирок этади.
Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):
- Нодирбек Қосимов - муҳандис-технолог;
- Асрор Норқулов - молиячи;
- Бобур Ёқубов - суд-тиббий эксперти (жамоа сардори);
- Нурбек Йўлдошев - фалсафа доктори;
- Рустам Жабборов - журналист;
- Улуғбек Қулмуродов - Давлат статистика қўмитаси ходими.
1-раундда меҳмонхона ҳақида савол ўйналди. Беш юлдузли меҳмонхоналардаги қўл сочиқларида қоладиган доғлар қаердан пайдо бўлиши ҳақидаги саволга жамоа тўғри жавоб бера олмади ва ҳисоб томошабинлар фойдасига очилди – 0:1.
2-раундда жамоага блиц саволлари тушди. Блицнинг биринчи саволида Амир Темур шимолий давлатларга юриш қилганида отлиқ аскарлар нега кўп миқдорда намат олиб юрган, деган мазмунда бўлди. Афсуски, жамоа блицнинг биринчи саволидаёқ қоқилди ва ҳисоб 0:2 га айланди.
Кейинги раунд саволи чайка қушининг ғаройиб рақси ҳақида бўлди. Қуш нега бундай рақсга тушиши ҳақидаги саволга жамоа муддатидан олдин жавоб бериб, ҳисобни қисқартирди. Ҳисоб – 1:2.
Тўртинчи раундда яна бир ажойиб савол ўйналди. Қадимда келинлар тақиб юрадиган зебигардон тақинчоғини усталар нега юрганда шиқирлаб овоз чиқарадиган қилиб ясаган, деган саволга, афсуски, жамоа тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 1:3
Ўйин ўзининг ҳал қилувчи нуқтасига яқинлашмоқда. Билимдонлар ушбу ўйинда ижобий натижа қилишни хоҳлашса, янада уюшқоқ ўйнашлари талаб этилади.
5-раундга келиб ҳам вазият ўнгланавермади. Жадидлар халққа ўз фикрларини етказишда кўпроқ нимадан фойдаланган, деган саволга муҳокама давомида тўғри вариант айтилган бўлса-да, якунда нотўғри вариант танланди. Ҳисоб – 1:4.
Навбатдаги раундда берилган Португалиядаги музейнинг ноодатий китоб қўриқчилари ҳақидаги саволга жамоа тўғри жавоб излашга астойдил ҳаракат қилиб кўрди. Тажрибали билимдонлар жавоб топишда тўғри йўналиш олди, бироқ тўғри жавоб бироз бошқача бўлиб чиқди. Ҳисоб эса энг қалтис нуқтага етиб борди – 1:5.
Агар билимдонлар ушбу раундда ҳам очко ололмаса, телеўйинни тарк этиш хавфи остида қолади. Бундай ҳолатга эса ҳеч бир жамоа рози бўлмайди.
7-раунд саволи Беларусдаги бир нақл ҳақида бўлди. Нақлга кўра, аёлларга қайси ишни қишда тўхтатиш тавсия қилинмаслиги сўралди. Етарлича вариантга эга бўлмаган жамоа клуб ёрдамига мурожаат қилди. Клуб эса жамоага бир неча вариантларни айтиб кўрди. Афсуски, клуб томонидан айтилган вариантлар орасида тўғри вариант чиққан бўлса-да, жамоа нотўғри вариатга тўхталди. Шу тариқа ўйин ачинарли ҳисоб билан якунланди – 1:6.
Бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг, тажрибали билимдонлардан ташкил топган жамоа телеўйинни тарк этишга яққол номзод бўлиб қолмоқда. Агарда кейинги ўйинларда бундан ҳам ёмонроқ ҳисоб қайд этилмаса, жамоа мавсум ўйинларидан чиқиб кетади.
Бизнингча, жамоанинг муваффақиятсиз ўйинига бир нечта сабаблар мавжуд. Биринчидан, жамоа аъзоларидан барчаси ҳам бирдек “Заковат”нинг клуб ўйинларида мунтазам қатнашаётгани йўқ. Шунингдек, жамоа ўйиндан олдин етарлича тайёргарлик кўрмагани ҳам салбий натижага сабаб бўлса ажаб эмас. Айрим тўғри вариантларни танлай олмаслик ҳам (жадидлар ҳақидаги ва клуб ёрдами олинган саволда) ҳисобнинг бундай хунук кўриниш олишига ҳисса қўшди. Ёмон натижанинг яна бир эҳтимолий сабаби, жамоа мазкур таркибда доимий ўйнаб юрмаганида бўлиши ҳам мумкин. Жамоага уюшқоқлик етишмагани бизни шундай фикрга етаклади.
6:4 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг, шу кунгача ўйнаган жамоалар орасида ҳозирча Фаррух Рафиқов жамоаси финал учун номзод бўлиб турибди. Ҳали олдинда томошабинларни Жобир Аҳмедов ва Нодира Турғунова жамоаларининг кутиб турибди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллифи — Абдувоҳид Аҳмедов, Андижон шаҳри.
Бошловчи: Канадалик ёзувчи Артур Хейлининг 1965-йилда ёзилган машҳур “Меҳмонхона” романи бор. Романда меҳмонхонадаги икир-чикирларгача ёзилган. Меҳмонхонанинг кир ювиш бўлими ишчилари дастурхонлардан ҳам кўра кўпроқ доғ қўл сочиқларни ювишда кўп қийинчиликка дуч келишлари ёзилган. Ундаги доғлар овқат ёғларидан бўлмаган.
Диққат савол: Қўл сочиқлардаги, салфеткалардаги доғлар қаердан келган?
Жавобни Улуғбек Қулмуродов беради: Лаб бўёғи.
Тўғри жавоб: Саволда беш юлдузли меҳмонхоналар ҳақида гап кетяпти. Суҳбатлашиш жараёнида кўпроқ бизнес тўғрисида гаплашилинади. Эслатма, қайдлар, ё ҳисоб-китобларни ёзишга тўғри келиб қолса, қоғоз топилмай қолганда қўл сочиққа, баъзи “фаросати ошиб кетганлар” дастурхонга ҳам ёзиб ташлашар экан.
Ҳисоб: 0️-1️
Савол муаллифи Абдувоҳид Аҳмедов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Блитс савол
Бошловчи: 1-2 саволлар муаллифи - Отабек Умаров, Тошкент шаҳридан.
1-Савол:
Марсел Брионнинг “Мен ким, Соҳибқирон” асарида шимолий давлатларга юриши пайтида отлиқларга араваларда эскироқ бўлса-да, кўпгина намат олиб юришга буюрилган.
Диққат савол: Отлиқларга намат, кигиз нима учун керак?
Жавобни Рустам Жабборов беради: Отларнинг туёқларини муҳофазалаш учун
Тўғри жавоб: Шимолда узоқ вақт дарёлар музлайди, мус устида юролмайди. Отлиқлар дарё устига намат тўшаб, кейин отларни олиб ўтишган.
Ҳисоб: 0-2
Савол муаллифи Отабек Умаров 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи — Латофат Зоирова, Қоровулбозор тумани
Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Ушбу видеода сиз чайканинг ғаройиб рақсини кузатяпсиз. Унинг ўз маъноси, мантиғи бор.
Диққат савол: Қушча нимага бу ҳаракатларни такрорлаяпти?
Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.
Жавобни Нурбек Йўлдошев беради: Бу одатда ёмғир ёғган пайтда чувалчанглар чиқади. Чайка ёмғир ёғаётган эффект ҳосил қилсам, чувалчанглар чиқади дея шу ҳаракатларни такрорламоқда.
Жамоа тўғри жавоб берди
Ҳисоб: 1-2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи — Сайдулло Сотипов, Қизилтепа тумани.

Бошловчи: Диққат, эътиборингизни экранга қаратинг.
Қадимда келинлар тақадиган зебигардон сурати. Зебигардон тақиб юришга доимо ноқулайроқ тақинчоқ бўлган. Ҳам оғир, ҳам юрганда шақир-шуқур овоз чиқарган. Зебигардонни заргарлар атайлаб овоз чиқарадиган қилиб ишлаб чиқарган экан.
Диққат савол: Нега атайлаб уни овозли қилиб ишлаб чиқаришган?
Жавобни Нодирбек Қосимов беради:
Овоз аёл киши келаётганини билдириш. Номаҳрам одам овозни эшитиб, ўзини четга олган.
Тўғри жавоб: Ўша пайтларда келинлик зийнати зебигардон билан деган гап бўлган. Келинларга уйда бўлганда уни ечиш мумкин бўлмаган. Хўш, юрса, шақир-шуқур қилса, унда нима қилиш керак? Келин унинг овози чиқмаслиги учун доимо қўлини кўксига қўйиб юрган. Кўрганлар, ана келин-у, мана келин деб мақташган.
Ҳисоб: 1-3
Савол муаллифи Сайдулло Сотипов 3 миллион сўм пул мукофотни қўлга киритди!
5-раунд. Савол муаллифи — Муборак Тоирова, Нуробод тумани.
Бошловчи: ХХ аср бошларида жадидлар жуда фаол бўлишган. Халққа ўз фикрларини А орқали эмас Б орқали таъкидламоқчи бўлишган. Шундан улар Б га кўп эътибор беришган.
Диққат савол: Бир дақиқадан сўнг А ва Б ни изоҳи билан айтинг.
Жавобни Рустам Жабборов беради:
А - китоблар, китоблар ундан аввал ҳам мавжуд эди.
Б - газета, чунки кунлик янгиликларни бериб туради. Китоб ўзгармай қолиши мумкин, аммо газета доимий ўзгариб туради.
Тўғри жавоб:
А - матбуот
Б - театр
Ҳисоб: 1-4
Савол муаллифи Муборак Тоирова 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи — Илгизбек Шомирзаев, Ўш шаҳридан
Бошловчи: Португалиянинг Коимбра университети кутубхонасида 60 мингга яқин қадимий китоблар сақланади. Бу китобларни сифатли сақланишида шу ерда яшовчи волонтёрларнинг ёрдами катта экан. Анча йиллардан бери ўнлаб китоб қўриқловчилар кутубхонада яшашади. Энг қизиғи, кутубхонанинг иш вақти тугаши билан улар фаолиятларини бошлашади. Эрмитаж ва Третяков галереясидаги волонтёрлар эмас, улар бошқа волонтёрлар. Португалияда бошқа волонтёрлар фаолият олиб боришади.
Диққат савол: Бир дақиқа ўйлаб, уларни, яъни Португалиядаги волонтёрларни топишингиз керак.
Жавобни Асрор Норқулов беради: Бойқуш
Тўғри жавоб: Китобларнинг асосий кашандаси куялар ва капалаклар ҳисобланади. Кутубхонада иш тугаши билан шу ерда яшовчи кўршапалаклар фаолиятини бошлашади
Ҳисоб: 1-5
Савол муаллифи Илгизбек Шомирзаев 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи — Ҳулкарой Мамажонова, Тўрақўрғон тумани
Бошловчи: Белорусларда шундай нақл бор: аёллар қишда БУ ИШни тўхтатмасликлари керак деган. Жуда аҳамиятли бўлмаганида бу ибора катта бир мақол тариқасида айтилмаган бўлар эди.
Диққат савол: Нақлда аёллардан қишда нимани тўхтатмаслик сўралади?
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди
Жавобни Бобур Ёқубов беради: Хоналарни шамоллатиб туриш
Тўғри жавоб: Йилнинг совуқ пайтларида инсонларда, айниқса, кекса, чақалоқларда иммунитет паст бўлади. Шундан беларус аёлларидан қишда болани эмизишдан тўхтатиб қўймаслик сўралади.
Ҳисоб: 1-6
Савол муаллифи Ҳулкарой Мамажонова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг яхши савол муаллифи - Сайдулло Сотибов, Аёллар тақинчоғи ҳақидаги саволи учун
Сайдулло Сотибов 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Ўйиннинг энг фаол билимдони - Нурбек Йўлдошев
Нурбек Йўлдошев 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Қуйида ўйиннинг тўлиқ видеосини томоша қилишингиз мумкин:
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025