Спорт | 15:55 / 04.04.2024
8599
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда талабалар ўртасида Coca-Cola ҳомийлигидаги турнир ўтказилади

Фото: ПФЛ

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ЎФА ва ПФЛ Coca-Cola билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги талабалар ўртасида мини-футбол бўйича иккинчи бор Students cup мусобақасини ташкиллаштирмоқда.

«2022 йилда илк бор ташкил этилган мини-футбол мусобақаси талаба ёшлар томонидан илиқ қарши олиниб, ҳар бир учрашув ўзига хос байрамга айланиб кетганди. Орадан икки йил ўтиб Coca-Cola мазкур лойиҳани тиклашга қарор қилди. 

Students cup Ўзбекистон президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва Workout спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5282-сон қарори ҳамда 2023 йил 7 апрелдаги «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-115-сонли қарорига асосан ҳаваскорлар футболини оммавийлаштириш, ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш, олий таълим муассасалари талабаларини мини футбол мусобақасига жалб қилиш мақсадида ташкил этилади», дейилади ПФЛ матбуот хизмати хабарида

Лига томонидан илгари сурилган ташаббус олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов ҳамда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан тўла қўллаб-қувватланган.

Айни вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси олий таълим муассасалари ўртасида III босқичли Талабалар лигаси мусобақасини ўтказиб келмоқда. Students cup Талабалар лигаси каби даврий мусобақа ҳисобланмайди. У кубок шаклида ўтказилади ва бир неча кун ичида ғолиб жамоа аниқланади. Лига Coca-Cola билан ҳамкорликда бошқа лойиҳаларни ҳам амалга ошираётганидан келиб чиқиб, Students cup пойтахт ва Тошкент вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этилади. 

«4 апрел санасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари иштирокида Students cup мусобақасини ташкил этиш юзасидан учрашув бўлиб ўтади. Мусобақа билан боғлиқ тафсилотлар Лига саҳифаларида ёритиб борилади. 

Мусобақада иштирок этишни мақсад қилган жамоа олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланган талабномани Ташкилий қўмитага ([email protected]) тақдим этиши лозим. Талабноманинг намунавий шакли ҳамда мусобақа Низоми Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тегишли олий таълим муассасаларига тақдим этилади», дейилади ПФЛ хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид