Давлат бюджети харажатлари оширилади: йўл ва сувга кўпроқ пул ажратилади
Давлат бюджети харажатлари 13,1 триллион сўмга оширилади. Туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун кўпроқ маблағ ажратилади. Шунингдек, олий ўқув муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш учун ҳам пул ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилиб қабул қилинди, дея хабар бермоқда Сенат матбуот хизмати.
Хабар қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинган қарорлар, тасдиқланган дастурлардаги устувор вазифалар ижроси, қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб этаётгани боис Давлат бюджети харажатлари 13,1 трлн сўмга оширилади.
Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги 6155-сонли фармонига биноан қуйидаги соҳаларга маблағ ажратилиши назарда тутилмоқда:
- туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун 410 млрд сўм;
- эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилмалар билан таъминлашга 350 млрд сўм;
- Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 124,2 млрд сўм;
- «Эл-юрт умиди» жамғармасига нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга (82тадан 350тага) ошириш учун 80 млрд сўм;
- 2021/2022 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизларига грантларни 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш учун 64,4 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш тадбирларини давом эттириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори (2021 йил 27 мартдаги 5041-сон) ижросини таъминлашда:
- оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун ваколатли банклар устав капиталини 1,3 трлн сўмга ошириш;
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини молиялаштиришга қўшимча 1,5 трлн сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Қонун билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари учун 6,4 трлн сўм (13,4 дан 19,8 трлн сўмга) йўналтирилмоқда.
Ушбу маблағлардан:
а) республика бюджетига ички йўл ва ичимлик суви таъминоти (3,2 трлн сўм) ва оилавий тадбиркорлик (1,5 трлн сўм) дастурлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларини (1,1 трлн сўм) барпо этиш учун 5,8 трлн сўм;
б) оилавий тадбиркорлик дастури доирасида лимончилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида «Турон банк»нинг устав капиталини ошириш учун 100 млрд сўм;
в) чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун кредит линияларини молиялаштиришга 550 млрд сўм ажратиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Туризм ва спорт вазирлигининг ташкил топиши ҳамда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиши ҳам амалдаги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритишни талаб этган.
Aввалроқ 2021 йил учун давлат бюджети харажатлари 12,6 триллион сўмга оширилиши маълум қилинганди.
Мавзуга оид
12:32 / 08.09.2024
“Ўзсувтаъминот” муҳим эслатма билан чиқди
22:38 / 07.09.2024
Сувсиз Ўзбекистон. Эски мавзунинг янги тафсилотлари
18:20 / 24.08.2024
Тошкент вилоятида ичимлик сувидан ноқнуний фойдаланган корхона раҳбари 5 йилга қамалди
18:44 / 05.08.2024