Спорт | 18:15 / 08.08.2021
30227
9 дақиқада ўқилади

Тимановскаянинг ўтмишдошлари. Мусобақадан ватанга қайтмаган спортчилар

Токио олимпиадаси нафақат 5 йил кутилгани ва ғалати ҳолатда, мухлисларсиз ўтаётгани билан, балки сиёсий можаро билан ҳам ёдда қоладиган бўлди. Ҳа, бу гал ҳам катта саҳнада Беларусь сиёсати пайдо бўлди.

Фото: Getty Images

100 ва 200 метр масофаларга югуришда иштирок этиб келган 24 ёшли енгил атлетикачи Кристина Тимановская уни рухсатини сўрамаган ҳолда бошқа дистанцияга (4х400 метрга эстафета) қўйишгани учун мамлакат олимпия қўмитасини танқид қилди. Бу ҳолатда ҳам ўз одатига кўра ҳаракат қилган Беларусь томони спортчи қизнинг муаммосини ҳал қилиш ўрнига уни Япониядан мажбурлаб олиб кетмоқчи бўлишди. Бироқ Токио аэропортида япон полициясидан ёрдам сўраган спортчи қиз ўзини жиддий жазо кутаётган Беларусга эмас, Польшага кетишга эришди.

Спортчи қизга сиёсий босим ўтказилаётганини билган қатор мамлакатлар унга сиёсий бошпана беришларини маълум қилишди. Польша эса сиёсий бошпана ва спорт билан шуғулланиш имконини тақдим этишини билдирди. Қизиғи, бундай сиёсий шармандалик ҳолатлари собиқ иттифоқ давлатлари тарихида кўп бўлган. Бундай ҳолат асосан тоталитар тузум ҳукмрон бўлган давлатларда кузатилган. Қуйида йирик мусобақалар вақтида сиёсий бошпана сўраган спортчиларни ёдга оламиз.

Фигурали учувчилар

Белоусова ва Протопопов советларнинг фигурали учиш спорти юлдузлари бўлишган. Бу суратда улар 1968 йилги Олимпия ўйинларида чиқиш қилишмоқда, ўшанда улар олтин медалларга эга чиқишган.

Россиялик фигурали учувчилар Людмила Белоусова ва Олег Протопопов 1979 йил Швейцариядаги гастролдан қайтмайди. Айнан улар собиқ иттифоқ фигурали учишининг феноменал даврини бошлаб берганди. Бу мактаб ҳамон дунёда етакчилик қилмоқда. Фигурали учишда бурилиш ясаган олимпиада чемпионлари бу вақтда спортдан кетган ва муз устида балет билан шуғулланишарди. Олег 47, Людмила 43 ёшда бўлган. Улар бу қарор санъат билан боғлиқ эканини айтишади. Спортчилар кейинчалик АҚШда маҳаллий фигурали учувчиларга маслаҳатлар беришади.

1990 йил яна тўрт нафар россиялик фигурали учиш усталари Америкага кўчиб кетишади. Улар Вероника Першина, Игор Шпилбанд, Елена Криканова ҳамда Георгий Сур. Бу спортчиларнинг мураббийи Татяна Тарасова ўз хотира китобида бу ҳақда шундай ёзганди: «Москвада кишан тақишлари осон бўлиши учун ҳаммадан олдин қўлимни чўзиб юришим керак эканини тушундим». Ўшанда Россияда машҳур қўшиқда айтилганидек «бироз бошқача вақтлар ҳукмрон бўлган».

Ҳарбийдан қочиш айблови

Александр Могильнийга ватанида қамоқ хавфи бўлган

1989 йил Швеция пойтахти Стокҳолмда Ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Ўшанда СССР жамоаси аъзоси Александр Могилний қайтиб келмайди ва қочиб кетади. Бунинг сабабларини спортчи ҳеч кимга тушунтирмайди.

9 кун ўтиб АҚШ унга сиёсий бошпана беради. Маълум бўлишича, спортчи мамлакатда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини билгач, уйга қайтмасликка қарор қилади. У ЦСКА ҳарбий жамоаси аъзоси бўлади ва кичик лейтенант ҳарбий даражаси ҳам бўлади. Унга нисбатан хизматдан қочиш айблови билан иш очишган.

АҚШда ҳам Сашанинг фаолияти яхши ривожланади. У МХЛ жамоасида сардор бўлган илк россияликка айланади, Стенли Кубогини ютади, икки марта мавсум рамзий жамоасидан ўрин олади.

1990 йил АҚШнинг Сиеэтл шаҳрида Эзгулик ўйинлари ўтказилади. Мусобақа бошланиши олдидан россиялик ҳоккейчи, икки карра жаҳон чемпиони Сергей Федоров ғойиб бўлади. Кейинчалик у АҚШнинг «Детройт Ред Уингз» жамоаси билан шартнома имзолаганди. Бироқ у ватани билан алоқани узишни истамайди ва кейинчалик чиндан Россия миллий жамоаси сафида майдонга тушишда давом этади. У МХЛда порлаб, уч марта Стенли Кубогини ютади, бир марта мавсумнинг энг яхши ҳоккейчиси бўлиб, бу номни қўлга киритган илк европаликка айланади.

Шахматчилар

Карпов-Корчной баҳси вақтида
CORBIS VIA GETTY IMAGES

1976 йил Нидерландияда шахмат бўйича халқаро турнир ўтказилади. Мусобақада қатнашган россиялик гроссмейстер Виктор Корчной қайтиб Россияга бормайди. У бундай қарор қабул қилишига сиёсий сабаблар асос бўлганини айтган кам сонли спортчилардан эди. 1978 йил Корчной жаҳон чемпионлиги учун ўйинда яна бир россиялик Анатолий Карповга қарши баҳс олиб бориши керак бўлади. Ўшанда рус матбуоти хабарларда Корчнойнинг исмини ҳам ёзмай, шунчаки Карповнинг рақиби деб атайди.

Кейинчалик шахматчига Россия фуқаролиги қайтиб берилади. У кетганидан кейин қайта қуриш бошлангани, тинчгина кетганида, оила аъзолари муаммога дуч келишмаган бўлишини айтди.

Ўша йили яна бир россиялик шахматчи Борис Спасский кўчиб кетади. Жаҳон чемпиони бўлган шахматчи Франция фуқароси бўлган қизга уйланади. 1989 йилги Нью-Йоркда ўтган мусобақадан россиялик шахматчи Гата Камский қайтмайди. Ўшанда у 15 ёшда бўлади ва Америкада қолиш қарорини шахматчининг отаси Рустам Собиров қабул қилади.

Яна икки совет спортчилари — шахматчи Елена Ахмиловская 1988 йил, баскетболчи Марина Аброскина 1990 йил СССРдан кетиб қолади. Улар америкалик ва мексикалик йигитларга турмушга чиқишади.

1972 йил СССР сафида олимпиада чемпиони бўлган литвалик каноэчи Владас Чесюнас 1979 йил Германиядан сиёсий бошпана сўрайди. У СССРдан чиқиб кетган кўпчилик спортчилардан фарқли ўлароқ бир йил ўтиб мамлакатга қайтиб келади. Бу борада ҳам турли миш-мишлар юради. Ғарб матбуоти спортчини КГБ ортга қайтарганини ёзса, спортчининг ўзи қайтиб келганини айтади.

Владас Чесюнас, 1972 йилги сурат
GERBERT BAGDASARYAN/TASS

Чесюнасга СССРда қайтганидан кейин ёмон муносабатда бўлишмагани аниқ. Чунки у университетни тамомлайди, мураббий бўлиб ишлайди, ҳатто чет элга ҳам чиқиб келади.

Бардаги исён

1950 йил спортчилари ёппасига қочиб кетишидан қўрққан Чехословакия коммунистик ҳукумати ҳоккей миллий жамоасини Лондондаги жаҳон чемпионатига юбормайди. Бу ҳақда эшитган спортчилар барда ўтирган вақтда ҳукуматни кескин танқид қилишади. Оқибатда уларни қўлга олишади ва 11 нафари қамоққа ҳукм қилинади. Чехословакия ҳоккейи кескин орқага кетади ва унинг даражасини тиклаш учун бир неча йил талаб қилинади.

Мельбурндаги Олимпиадада Венгриянинг 1918 йил намунасидаги байроғи кўтарилганди 

1956 йилги Мельбурн олимпиадасида венгриялик спортчилар мамлакатнинг 1918 йилги байроғини кўтаришади. Бу воқеадан кўп ўтмай Венгрияда коммунистик тузумга қарши қўзғолон бошланади. Венгриялик кўплаб спортчилар эса олимпиададан кейин Ғарб мамлакатларига кетиб қолади.

«Толибон» босими сабаб

1996 йилги Атланта олимпиадаси вақтида ироқлик оғир атлетикачи Риёз Аҳмад Саддам Ҳусайн бошқарувидаги тузумга қайтишни истамай, АҚШдан сиёсий бошпана сўрайди. Ўша мусобақада афғонистонлик боксчи Жавид Оман Муҳаммад ҳам сиёсий бошпана сўраб Канадага мурожаат қилади ва унинг сўрови қабул қилинади. Боксчи Афғонистонда ўз ҳукмини ўтказа бошлаган толиблар томонидан коммунистликда айбланади. Чунки спортчи Россияда шуғулланарди.

Куба – қочоқлар сони бўйича чемпион

Кубалик спортчиларнинг жуда кўпчилик қисми кейинчалик сиёсий бошпана сўраб бошқа мамлакатларга, асосан АҚШга кетиб қолади. Бу ҳақда Россияда латифа ҳам бор: «Биласизми, нега Куба олимпия жамоаси яхши эмас? Чунки кубалик яхши югурадиган ва яхши сузадиганлар аллақачон Америкада».

Масалан, бокс бўйича жаҳон чемпионлари Гильермо Ригонда ва Эрисланде Лара, енгил атлетикачи, 2012 йилги Лондон олимпиадаси финалчиси Орландо Ортега, футбол бўйича миллий жамоаси биратўла етти нафар футболчиси турли йилларда йирик мусобақалардан ватанига қайтмаган. Ортега 2013 йил Москвадан АҚШга учиб кетади. У 2016 йилдан буён Испания шарафини ҳимоя қилади.

Орландо Ортега Лондон Олимпиадасида Куба шарафини ҳимоя қилганди
AFP/GETTYIMAGES

Жуда кўп кубалик бейсболчилар ҳам мамлакатни тарк этган. Масалан, 2009 йил кубалик Аролдис Чэпман (уни кубалик ўт ўчирувчи дейишади) ва унинг дўсти Жасиэл Пуих АҚШга кетиб, у маҳаллий клублар билан катта суммадаги шартномалар имзолашади. Улар Америкада бир неча миллион доллар маош олишади. Таққослаш учун, Кубада профессионал спортчининг ўртача ойлик маоши 20 долларни ташкил этади.

Кубада узоқ йиллар профессионал спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритган ғалабаси учун тақдим этилган мукофот пуллари давлат ғазнасига топширилган. 2013 йилдан эса кубалик спортчилар олган мукофотининг 80 фоизини ўзида қолдириши мумкин. Шу орқали ҳукумат яхши спортчилар четга чиқиб кетишини тўхтатмоқчи бўлган, аммо уларнинг мамлакатни тарк этиши тўхтагани йўқ.

Мавзуга оид