Ўзбекистон | 20:50 / 07.08.2024
43913
8 дақиқада ўқилади

Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат

Миллионлаб ўзбекистонликни қамраб олиб, 3 йил давом этадиган “акция”да ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 8 тоифадаги объектларга инсон омили ва қоғозбозликларсиз кадастр ҳужжатлари берилади. Kun.uz кўпчиликни қизиқтираётган саволлар билан Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Узоқберген Жаксимуродов билан суҳбат ташкил этди.

6 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун юзасидан лойиҳани ишлаб чиққан масъуллар билан интервью ташкил қилдик. Меҳмонимиз – Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Узоқберген Жаксимуродов.

Бу қонунни қабул қилиш учун қандай сабаб ва асослар бор эди?

– Бу қонун президентимизнинг ўтган йили Адлия вазирлигига юклатилган топшириғи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 3 ойдан сўнг кучга киради ва қонунда аниқ санаб ўтилган 8 турдаги ер участкаларини ўз ичига олади. Бу қонуннинг аввалги акциядан нима фарқи бор, дейишингиз мумкин. Аввалги акцияда фуқароларнинг ўзи аризалар билан мурожаат қилишган бўлса, бу қонунда шу турдаги барча ер участкалари ҳақидаги маълумотлар бирма-бир тўпланади. Бу иш аввал кадастр агентлигида бор маълумотлар асосида автоматик, кейин эса жойларга чиқиб текширилади.

Қонуннинг парламентдаги муҳокамаси жараёнида Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов қарийб 4 миллион фуқаро ушбу қонун доирасида ерга эгалик ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлигини айтди. Агар рақамлар аниқ бўлса нима учун бу “акция” шу муаммодаги одамлар учун хослаб чиқарилмади?

– Бу масала икки йил давомида тегишли соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб келинмоқда, аммо қарийб 4 миллион аҳоли ҳақидаги маълумот ҳам аниқ рақамларни англатмайди. Чунки ер участкалари кадастрларини рақамлаштириш ҳам 2020 йилдан бошлаб амалга оширилиб келинмоқда. Баъзи камчиликларни бартараф этиш учун ҳам бу қонунни катта масштабда ҳал қилиш назарда тутилган.

Қонунда қандай турдаги эгаллаб олинган ер участкаларини ўз номига қонуний ўтказиб олиши мумкин?

– Қонун юқорида таъкидланганидек 8 турдаги ер участкаларини ўз ичига олади, булар:

  • 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;
  • боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
  • кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
  • давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
  • ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.

Ҳокимлар бир ерни бир неча тадбиркорларга сотиб юборган ёки фойдаланиш учун бергани оқибатида фуқаролар ўртасида низолар келиб чиқса, бу ҳолатлар қандай бартараф этилади?

– Ҳокимларнинг қарорлари шаҳар архивида сақланади ва биринчи кимга қарор чиққан бўлса, ўшанга берилади. Агар фуқаролар ўртасида низо чиқадиган бўлса, бу вақтинча тўхтатиб турилади. Ва бу жараён суд томонидан ҳал қилинади. Бундан мақсад, иш кўраётган органларнинг иши тўхтаб қолмасин. Бу олдинги амалиётлардан ўтган. Яъни ўзбошимчалик билан эгалланган ердаги мулкларни қурган одам вафот этган бўлса, уни орқасида қолган одамлар ўртасида низо чиқиши мумкин. Шунда низо бартараф этилгунга қадар иш тўхтаб туради.

Бирор фуқаронинг кўчмас мулки юқоридаги 8 та ҳолатдан бирига тушди, энди ўша фуқаронинг кейинги қадами қандай бўлади?

– Фуқародан ҳеч қандай ортиқча ҳаракат талаб қилинмайди, чунки бу иш инсон омили томонидан ҳал қилинмайди. Бу рақамлаштириш орқали ҳал қилинадиган масала ҳисобланади. Хусусан, Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади. Шунингдек, 10 та ваколатли орган ҳам (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “O'zbekkosmos” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади. Ушбу маълумотлар эълон қилингач, тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади.

Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади. Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.

Тўловлар қандай асосга кўра белгиланмоқда?

– Аввалги акцияда белгиланган тўлов миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробарида белгиланган эди, аммо бу суммани барча фуқароларнинг тўлашга қурби етмаган эди, шу сабабли баъзи аризаларни кўриб чиқиш охирига етмай қолган эди. Бу сафар бу тўлов табақалаштирилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Мисол учун Тошкент шаҳри миқёсида бу тўлов энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробарида белгиланган, вилоят ичидаги марказлар миқёсида 3 баробар кўрсаткичда, қолган барча туманларда энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробарида сумма белгиланган. Бунда 10 фоиз миқдордаги сумма космик суратларга кетадиган харажатларни қоплаш учун ишлатилади, аммо келиб тушган пулнинг 64 фоизи ўша ноқонуний ўзлаштирилган ер участкаси ҳудудидаги камчиликларни бартараф этиш учун сарф қилиниши белгиланган. Тўловларнинг яна бир жиҳати борки, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг молиявий аҳволини ҳисобга олган ҳолда турли чегирмалар ҳам белгиланган.

Фуқароларга ушбу ерлар нега айнан ижара ҳуқуқи бўйича ва 99, 49 йил каби турли муддатларга бериляпти?

– Аслида амалдаги қонун бўйича ер бериш тартиби 3 хил турда сақланиб қолинган, бу аввал 6 хил тартибда эди. Доимий фойдаланиш ҳуқуқи фақат давлат органларига тегишли ерлар учун ишлайди, ноқонуний эгалланган ерлар учун эса ижарага бериш орқали буни амалга ошириш керак. Бу муддат Ер кодексидан келиб чиқиб, энг максимал муддат 99 йил этиб белгиланган. Шу билан бирга фуқароларда бошқа ҳуқуқий асосларга кўра, кейинчалик бу ерларни хусусийлаштириши мумкин.

Ушбу қонундаги имтиёзлардан фойдаланиб, фуқаролар анча йиллардан бери ўзини қийнаб келаётган масалаларга ҳам ечим топиши мумкин. Масалан, “прописка” билан боғлиқ муаммолар, фарзандини мактаб, боғчага навбатга қўйиш ёки ўша биноларга коммунал хизматларни улашга доир.

Суҳбатни тўлиқ YouTube саҳифамизда томоша қилинг.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид