20:18 / 20.11.2019
6
18191

«Она тили таълими тилшунослик исканжасида». Профессор дарсликларни ислоҳ қилишга чақирди

Умумий ўрта таълимда она тилини ўқитиш дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш керак, чунки ҳозир ўтилаётган қатор мавзуларни тил малакаси сифатида амалда ишлатиб бўлмайди, деб ҳисоблайди филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев.

Олимнинг бу борадаги мулоҳазалари қуйида қисқароқ шаклда келтириб ўтилади.

Кераксиз мавзулар

Тарихда илм ва олимлар турли томондан тасниф қилинган. Жумладан, Абу Ҳомид Ғаззолий илмларни учга: фойдали, фойдасиз ва зарарли илмларга бўлган.

Менимча ҳам, она тили бўйича ҳосил қилинадиган малакани иккига ажратиш мумкин:

1) тил жамиятидан ўзлаштириладиган малака (фонетик ва грамматик малака);
2) мактабда эгалланадиган малака (имло, пунктуация, лексика ва б.)

Фонетика ва грамматиканинг имло билан боғлиқ жиҳатидагина таълимга эҳтиёж сезамиз. Фонетика ва грамматикага доир бундан бошқа билимларни кераксиз билим, дейиш мумкин. Шу асосда она тили таълимида «керакли» (ишлайдиган) ва «кераксиз» (ишламайдиган) билимни фарқлаш лозим.

Она тили дарсликларига йиллар давомида кириб қолган ва «ишламайдиган», таълимига давлат маблағи, ўқувчининг вақти ва ота-онанинг пули беҳуда сарфланаётган бундай мавзуларни қандай ажратамиз? Айрим мисолларни келтираман:

1. Урғу билан боғлиқ мавзулар. Ўзбек тили – агглютинатив тил. Бундай тилларда грамматика жуда ривожланган, шунинг учун сўз маъноларини урғу фарқламайди ва у нутқда сезиларсиз бўлади (кўзлар –  «кўп кўз»; кўзлар – «мўлжаллар»). Уни таълим билан ривожлантириш имконсиз. Ўзбек тилидаги сўз урғуси қоидалар асосида аниқланади, нафақат ўқувчи, ҳатто ўқитувчининг ўзи ҳам уни топишда қийналишининг сабаби ана шунда. Уни ўқитишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Бу мавзу 1-синфдан 11-синфгача тахминан 5 соат ҳажмида ўқитилади. 

2. Сўз ясалиши билан боғлиқ мавзулар. Тил эгалари нутқида сўз ясамайди, балки (тубми, ясамами) тайёр сўздан фойдаланади. Сўз ясамас эканмиз, бу бўйича билимлар ҳам ишламайди. Демак, бу мавзу таълими ҳам кераксиз. Мавзу 1-синфдан 11-синфгача тахминан 12 соат ўқитилади.

3. Сўзларнинг бирикиш усуллари (бошқарув, мослашув, битишув) билан боғлиқ мавзулар. Оғзаки ва ёзма нутқ учун бу билимлар ҳам мутлақо ишламайди. Қолаверса, мутахассис сифатида айта оламанки, бу мавзулар рус тили грамматикасидан айнан кўчирилган, ўзбек тили табиатига сира ҳам мос эмас. Бу мавзуга ҳам 1-синфдан 11-синфгача тахминан 5 соат ажратилган.

Яна жуда кўп мисол келтириш мумкин. Аммо фикримизни асослаш учун ушбу далиллар етарли.

Совурилаётган маблағлар

Мамлакат бўйича бир синф учун мўлжалланган «Она тили» дарслиги тахминан 500 минг нусхада чоп этилади. Демак, бир дарсликни йилда шунча ўқувчи ўқийди. Агар бир синфда 30 нафар ўқувчи ўқиса, республика бўйича тахминан 16 минг синф бор. Ҳар бир синфда ўтиладиган 1 соатлик мавзу учун давлат хазинасидан 1 соатга маблағ тўланади. 16 минг синфда бир соатлик мавзу 16 минг соат бўлади. Агар бир соатлик дарс учун ўқитувчига тўланадиган иш ҳақи ўртача 30 минг сўм бўлса, 16 минг соатга тақрибан 480,0 млн сўм маблағ сарфланади. Бундан келиб чиқадики, фақат юқорида келтирилган «кераксиз» мавзуларга бағишланган 22 соатга тахминан 10 млрд 560 млн сўм кетади.

Шундай қилиб, «Она тили» дарсликларини таҳлил қилиш натижасида кераксиз, тил малакаси учун «ишламайдиган», фақат билим сифатида қоладиган жами 312 соатлик мавзуларни аниқладим.

Бу мавзулар ўқувчиларга бемисл оғир ва ортиқча юк бўлаётир, ўқитувчиларга эса беҳад катта ташвиш туғдирмоқда. Улар ОТМга кириш тестларидан бошқа ҳеч нарсага ярамайди (булар, албатта, менинг шахсий фикрларим ва зарур бўлса, бу масалада мутахассислар билан баҳслашишга тайёрман).

Кўринадики, биргина «Она тили» таълими фойдасиз мавзулари билан давлат ғазнасига қанчалик зарар келтиради? Яна назарий мавзуларни «такрорлаш» учун берилган қанчадан-қанча мавзулар, дарсликларда бу мавзуларга ажратилган саҳифалар, ўқувчининг вақт бюджети, соғлиги, ота-онанинг репетиторга қиладиган харажатини ҳам ҳисобга олсак-чи?

Таклифлар

Биринчидан, «Она тили» дарсликларини аёвсиз «фильтр»дан ўтказиб, бўш қолган соатларни она тилидан зарур ва ҳаётий компетенция учун «ишлайдиган» билим материаллари билан тўлдириш лозим.

Иккинчидан, бошқа ўқув предметларини ҳам шу йўсинда тафтиш қилиб чиқиш зарур.

Бу – маблағларнинг ҳавога совурилишини тўхтатишга ва мамлакатимиз равнақи учун ҳар бир тийинни оқилона сарфлашга олиб келади.

Бахтиёр Менглиев,
филология фанлари доктори, профессор.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top