Жаҳон | 14:39 / 21.04.2018
9738
2 дақиқада ўқилади

Серж Саргсян намойишчиларга чақириқ билан чиқди

Фото: РИА «Новости»

Арманистон янги бош вазири Серж Саргсян ўзининг тайинланишига қарши бўлган норозилик намойишлари етакчиси Никол Пашинянни мулоқотга чақирди. Бу ҳақда бош вазир сайтида хабар берилган.

«Рўй бераётган ички сиёсий жараёнлардан чуқур ташвишдаман. Мен ортга қайтариб бўлмайдиган йўқотишлардан қочиш учун Миллий йиғилиш (парламент) депутати Никол Пашинянни сиёсий мулоқот ва музокаралар столига ўтиришга чақираман. Буни дарҳол амалга ошириш лозим», - дейилади хабарда.

Шунингдек унинг таъкидлашича, ҳукумат фуқароларнинг тинч акцияларга бўлган ҳуқуқини ҳар доим ҳурмат қилган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, бироқ рўй бераётган жараёнлар тахмин қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон полицияси Ереван марказида 106 намойишчини қўлга олгани хабар берилганди

Ереван ва Арманистоннинг бошқа шаҳарларида оммавий митинглар душанба куни, мамлакат собиқ президенти Серж Саргсяннинг номзоди бош вазир лавозимига илгари сурилгани туфайли бошланди. Мухолифат бунга қарши чиқди. Полиция ўнлаб намойишчиларни қўлга олди, уларнинг аксарияти кейинчалик қўйиб юборилди. Сешанба куни Арманистон парламенти Саргсянни бош вазир этиб сайлади.

“Фуқаролик шартномаси” мухолиф партия етакчиси, парламент депутати Никол Пашинян Арманистонда “бахмал инқилоби” бошлангани ҳақида маълум қилди. Унинг мақсади – мамлакатда ҳокимиятни ўзгартириш. Пашинян ўзининг барча тарафдорларини бўйин эгмаслик бўйича тинч акцияларни ўтказишга чақирди.

 

Мавзуга оид