Жамият | 20:11 / 06.06.2020
36855
12 дақиқада ўқилади

Олмалиқдаги комбинат ишчиларига нега чалажон товуқлар тарқатилди? Мутасаддилар изоҳ берди

3 июнь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ишчиларга товуқлар тарқатилгани ҳақидаги хабарга илова қилинган суратлар ижтимоий тармоқда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Суратлардаги патлари тўкилган товуқлар ниҳоятда абгор ҳолатда экани кўринади, уларнинг орасида ўлганлари ҳам кўзга ташланади. Интернет фойдаланувчилари айтаётганидек, комбинат чиндан ҳам ишчиларига касалланган ёхуд ўлик товуқларни тарқатдими? Kun.uz мухбири мутасаддилар билан суҳбатлашиб, воқеага ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, бу хабар даставвал Олмалиқ шаҳар ҳокимлигининг Telegram’даги каналида чиққан. Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзиеванинг айтишича, комбинат ўз ходимларининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиб келиши, бу хабарни ҳам бошқаларга ибрат бўлиши учун ҳокимликнинг расмий каналида чиқаришга қарор қилган.

Суратга изоҳ: Айни пайтда ушбу хабар Олмалиқ шаҳар ҳокимлигининг Telegram’даги каналидан ўчирилган.

“Telegram’даги ботимизга келган мурожаатлар, фуқаролар томонидан юборилган суратларга асосланиб бу хабарни чиқаргандик. Бу мавзу Одноклассники’да ҳам муҳокамаларга сабаб бўлаётгани учун ҳокимлик ахборот хизмати сифатида муносабат билдириб қўйишни, ҳолат турлича талқин қилинишининг олдини олишни истагандик. Қолаверса, комбинат раҳбарияти ишчи-ходимларининг ижтимоий ҳимоясига ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келади, уларга тез-тез турли маҳсулотлар тарқатиб турилади. Комбинатнинг навбатдаги хайрли ишини олқишлаш, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида “Баракалла, ОКМК!” деган олқиш билан ушбу хабарни тарқатгандик. Бундан ҳеч қандай ғараз мақсад, комбинатни ёмонотлиқ қилиш кўзланмаган. Шуни тушунишларини истайман.

Telegram’даги ботимизга комбинат бошқарув раиси буйруғининг нусхаларигача жўнатилган. Ўша ерда ишловчи одамлардан бу ҳақда суриштирдик, улар тасдиқлашди. Буйруқ нусхаси қўлимизда борлиги учун ахборот хизматига мурожаат қилмадик. Қолаверса, суратларни ҳам ОКМК кийимида тушган ишчиларнинг ўзлари жўнатишган эди. Суратларни хабаримиз қуруқ гап эмаслигини билдириш учун жойлагандик. Лекин жамоатчилик хабарнинг мазмуни қолиб, суратлар муҳокамасига киришиб кетишини, ҳолат бу даражада шов-шувга айланишини кутмагандик очиғи.

Хабар 3 июнь куни кечки 11дан кейин эълон қилинганди. Ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилингандан сўнг 4 июнь куни соат 10ларда хабарни каналдан ўчириб ташлашга мажбур бўлдим. Шаҳар ҳокимлигининг расмий каналида 4 июнь куни ОКМК ахборот хизматининг ҳолат бўйича муносабати ҳамда 5 июнь куни эса менинг тушунтиришим эълон қилинди”, дейди Дилфуза Рўзиева.

Суратга изоҳ: ОКМК бошқарув раисининг тегишли буйруғи.

ОКМК ахборот хизмати хизмати раҳбари Умида Қаршибоеванинг айтишича, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги расмий каналида эълон қилинган хабарда келтирилганидек, товуқлар комбинат ишчи-ходимларига ойлик маоши ҳисобидан тарқатилгани англашилмовчиликдир.

“Аслида товуқлар бепул тарқатилган. Бу ҳақда Telegram’даги расмий каналимизда 1 июнь куни чиққан эълонимиздаям ёзилган.

“Олмалиқ КМК” АЖ бошқарувининг 2019 йил йил 20 сентябрдаги қарори ҳамда озиқ-овқат дастури ижросини таъминлаш, комбинат ишчиларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида комбинат бошқаруви раисининг тегишли буйруғи билан 1 бошдан товуқ ажратилиши белгиланди. Комбинат раҳбарияти ва комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши томонидан билдирилган таклиф асосида ажратилаётган ушбу товуқ бепул тарзда ишчи-ходимларга тарқатилмоқда.

Товуқларимизнинг тухум бериши пасайган. Шунинг учун товуқларни ишчи-ходимларга бепул тарқатиш, ўрнига янги жўжаларни олиб келишга қарор қилинганди. Товуқ фабрикамиз тўлиқ қувват билан ишлаши керак.

Товуқларнинг пулини ишчиларнинг ойлигидан ушлаб қолиш хаёлимизнинг чеккасига ҳам келгани йўқ. Комбинат бошқаруви раисининг 2020 йил 29 майдаги буйруғида товуқларнинг таннархи кўрсатиб ўтилган. Кўпчилик шуни нотўғри тушуниб, товуқларнинг пулини иш ҳақидан ушлаб қолинаркан деб ўйлаган. Лекин ундай бўлгани йўқ. Аввал-бошдан улар ишчиларга беғараз ёрдам сифатида берилиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Фақатгина товуқлар моддий ёрдам сифатида берилгани учун бу жараёнда юзага келадиган даромад солиғи (1020 сўм) ўрнатилган тартибда ишчиларнинг ойлик маошидан ушлаб қолиниши айтилганди. Ҳар бир ишчига бир бошдан товуқ берилиши белгиланганди. Кўп қаватли уйларда яшовчилар орасида товуқларни олишдан бош тортганлар бўлди, ҳовлида яшайдиганлар 3-4 бошдан олди. Олганлар учун олмаганлар даромад солиғи тўламайди-ку, тўғрими?! Шунинг учун комбинат бошқаруви раисининг бошқа бир буйруғи чиқарилди ва унда ходимлардан ҳеч қандай маблағ ундирилмаслиги, барчаси комбинат ҳисобидан қопланиши белгиланди”, дейди Умида Қаршибоева.

ОКМК Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи Элёр Ҳайдаров комбинат раҳбари буйруғида товуқларнинг нархи 8200 сўм этиб белгиланганининг сабабини бухгалтерия ҳисоб-китоблари, яъни товуқларни фабрика ҳисобидан чиқариш учун тузиладиган ҳужжатларда акс эттириш учун кўрсатилганини билдирди.

“Фабрикамизга товуқлар бир кунлик жўжалик вақтида олиб келинади. Улар 120 кундан кейин тухумга киради. Қайсидир даврда ҳосилдорлиги ошади, камаяди ёки тўхтайди. Қайси жараёндалигига қараб товуқларнинг қолдиқ суммаси бўлади. Солиштириш учун айтишим мумкин: 3 июнь куни ишчиларга тарқатилган товуқларнинг таннархи ўтган йили 17200 сўм бўлган. Бу йилга келиб тухум бериши камайиб кетган ҳолатида 8200 сўмлик ҳолатга келган. Буни ҳисоб-китобларимиздаям кўриш мумкин.

Корхона ишчиларга бу товуқларни бепул тарқатгани билан буни ҳисоботларда акс эттиришимиз керак. Шу сабабли товуқларни фабрика ҳисобидан чиқариш учун тузиладиган актда уларнинг нархи кўрсатилади. Яъни юқоридаги буйруқда ҳар бир товуқ учун 8200 сўмдан ушлаб қолиниши ҳақида умуман гап кетмаган. Аксинча, буйруқ “Биз сизларга айни пайтдаги таннархи 8200 сўм бўлган товуқларни бепул беряпмиз”, деган мазмунда кўрсатилган ва бу ҳисоб-китобларимиз учун жуда муҳим”, дейди у.

Маълум бўлишича, ОКМК тасарруфидаги паррандачилик фабрикасида айни пайтда 30 минг бошга яқин товуқ боқилмоқда. Улар бир кунда ўртача 36 минг донагача тухум бериб келган. Мутасаддиларнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда акс этган товуқларнинг абгор ҳолати уларнинг туллаётгани билан боғлиқ.

“Шунга эътибор беришингизни истардим, фабрикамизда товуқлар салқин муҳитда сақланади. Фабрикадаги энг юқори температура 26-27 даражани ташкил этади. Улар куннинг иссиғида икки соатча йўлда бўлган, шу сабабли ҳолсизланиб қолган.

Товуқларнинг патсиз эканига келсак, уларда фақатгина майда патлар йўқ. Бу товуқлар қуёш нурини кўрмасдан битта жойда сақланаётган, тухум бериб турган товуқлар. Эътибор қилинса, қанот патлари мавжуд. Тухум беришда ана шу патларигина муҳим роль ўйнайди, майда патларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.

Ўзи товуқларнинг кичик патлари мавсумий бўлиб, тез-тез туллаб, яъни тўкилиб туради. Улар кун салқин бўлганда ўзини ҳимоя қилиш учун чиқса, кунлар исиб кетганда тўкилади. Суратларга синчиклаб қаралса, товуқларнинг пастки қисмида майда патлар қайтадан ўсаётганини кўриш мумкин. Маълум вақтдан кейин улар товуқнинг бутун баданини тўлиқ қоплайди.

Товуқларнинг туллаши уларнинг қандайдир касалликка чалинганини англатмайди. Фабрикамизда уларнинг саломатлиги мунтазам назорат қилинади, турли касалликларга қарши ўз вақтида эмлаб борилади. Бундай зотдаги – “Ломанн сэнди”, “Ломанн Браун” товуқларида саксон ҳафталик бўлганидан кейин тухум бериш хусусияти камаяди. Айни пайтда уларнинг тухум бериши 50-60 фоизга камайиб кетган. Бундай вазиятда товуқларга бераётган емимиз, қилаётган харажатимиз қопланмайди. Шунинг учун уларни гўштга топширишимиз ёки аҳолига сотиб юборишимиз мумкин эди. Бироқ раҳбарият уларни ишчиларга тарқатишни маъқул кўрди”, дейди паррандачилик фабрикаси ветеринар-врачи Анвар Ҳайдаров.

Умида Қаршибоеванинг таъкидлашича, товуқларнинг сувсизланиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда кўринганидек абгор ҳолатга келиб қолиши уларнинг нотўғри “транспортировка” қилингани билан боғлиқ.

“Таъминотчилар ҳам ҳар хил. Топшириқни ўз вақтида бажарай деб шошилган бўлишлари мумкин. Кўз олдида ўйнаб турган товуқлар бунчалик сулайиб қолишини билмаган бўлиши мумкин. Эрталабки ёки кечки салқинда олиб келиш хаёлларига келмаган.

Қолаверса, комбинатимизда иш сменали. Кўпчиликнинг иш вақти тугашига қараб олиб келишган. Вақтлироқ олиб келиб қўйилиб, ишчилар сменасини топшириб чиққунигача ҳам анча вақт ўтган, бу ҳам товуқларнинг ҳолсизланиб қолишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Шунча вақтдан бери ишчи-хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси ҳақида қайғуриб келаётган, бу борада республикада энг олд ўринларда турган комбинат касалланган товуқларни ходимларига тарқатиб, мисқоллаб йиғилган обрўсини тўкмайди, шуни билишингизни истардим”, дейди у.

Элёр Ҳайдаровнинг айтишича, ҳар бир ходим 30 бошгача товуқ олиши мумкин. Ундан ортиғига рухсат йўқ. Яна товуқ берилишини кутаётганлар бор.

“Товуқлар талабнома асосида тарқатилган, рўйхатлари турибди. Тарқатиш жараёнида бирорта муаммо кузатилмаганди. Фақатгина комбинат тасарруфидаги марказий таъмирлаш-механика заводи ишчиларига товуқлар тарқатилаётганда пешин пайти бўлган, куннинг иссиғида қолган товуқлар ҳолсизланиб қолган. Қолаверса, товуқларнинг туллаганини кўриб айрим ишчилар уларни касал деб ўйлаб, олишдан воз кечишган. Товуқлар ҳеч кимга мажбурлаб ўтказилгани йўқ. Ким хоҳласа олди, хоҳламаганлар олмади.

Оддий мисол, рух ишлаб чиқариладиган заводимиз 2023 бош товуқ олиб кетган. Ишчилари кўп, яна 2000 бош товуқ олиб кетиш керак, қачон товуқларни берасизлар деб сўрашмоқда.

Товуқларни олиб кетишдан олдин етказиб берувчиларга тушунтирамиз. Фабрикага бориб товуқларни олиб келган заҳоти соя-салқин жойга тушириб, сув бериш кераклигини тайинлаймиз. Товуқнинг тана ҳарорати 41 даражани ташкил этади. Оддий инсон ҳар ярим соатда ярим пиёла сув ичса, шуни 10 грамм деб оладиган бўлсак, битта товуқ тана ҳарорати баланд бўлгани сабабли ҳар ярим соатда икки марта 10 граммдан сув ичади”, дейди у

Мутасаддиларнинг айтишича, ишчиларга тарқатилган товуқларнинг орасида ўлиб қолганлари йўқ. Ҳолсизлигидан ҳаракатсиз бўлиб қолган товуқларни ҳам салқин жойга олиб ўтилиб устига сув пуркалса ва ичирилса, улар жонланган.

“Товуқлар фабрикада сақланган 80 ҳафта – 600 кун давомида бир кун ҳам қуёш нурини кўрмаган. Бундай ҳолатда уларнинг кўзлари юмилиб, қолаверса, иссиқ натижасида ҳолсизланиб қолган бўлиши мумкин. Лекин улар тирик бўлган. Яна бир марта айтаман, куннинг иссиғида комбинатга оборилгани учун улар сулайиб қолган, сувсизланган.  

Худди шундай товуқларни олиб кетган ходимларимизнинг айтишича, товуқлар маълум вақтдан кейин жонланган. Товуқларни олган 16 корхонада ишловчи исталган ишчининг уйига бориб кўрсатишимиз мумкин.

Агар товуқларни сўядиган махсус цехларимиз бўлганида, уларни сўйиб, ўратиб, совуткичларда сақлаб, ишчиларга тарқатганимизда талаб кетишарди. Афсуски, бунга шароитимиз йўқ.

Биз буни ҳозир колбаса цехларига топширадиган бўлсак, 15 минг сўмдан тижорат таклифи бериб сотиб оламиз деган ташкилотлар жуда кўп. Тошкент шаҳридаги саноат зонасида фаолият юритадиган колбасачилар билан гаплашдим, бир бош товуқни 15 минг сўмдан оламиз дейишди. Айримлар 14 минг сўм нарх таклиф қилишди. Ўзимиз “транспортировка” қилиб олиб кетамиз, бу борада муаммо бўлмайди дейишди. Бу ҳақда раҳбариятга ҳам ёзма равишда маълум қилганман. Лекин комбинат раҳбарияти товуқларни ишчиларга тарқатишни лозим топди.

Комбинатимизда ҳар йили ишчи-ходимларга картошка, пиёз, гуруч каби кўплаб истеъмол маҳсулотлари текин тарқатиб келинади. Яқинда имтиёзли нархда ишчиларга қўй тарқатилди. Ҳар килограмм гўшт учун бозор баҳосида 32 минг сўмдан нарх белгиланиб, қўйларнинг нархи белгиланди, пулини ишчилар ойликларидан бўлиб берадиган бўлди. Ўзимизнинг товуқ фабрикамизда етиштирилган товуқлар ҳам худди шу тарзда ходимларга бепул тарқатилди. Товуқларни олганларнинг аксарияти уларни боқаяпти, боқишга шароити бўлмаганлар сўйиб олишяпти”, дейди Элёр Ҳайдаров.

Унинг айтишича, икки кун давомида ОКМК таркибидаги 16 та корхона ишчиларига 5856 бош товуқ бепул тарқатилган. Талабга қараб яна тарқатиш режалаштирилган.

Жамшид Ниёзов 

Мавзуга оид