Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябр куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.

Бу шаҳарнинг асоси ва драйвери – Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Иқтисодиёт, иш ўринлари, уй-жойлар, маданият ва таълим масканлари ушбу мажмуа негизида шаклланган.

Шаҳарда Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институти филиаллари очилган. Яқинда буларга қўшимча Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Муҳандислик мактаби ташкил этилди.

Президент аввало мазкур мактаб фаолияти билан танишди. Бу ерда Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади, минг нафар ходимнинг малакаси оширилади. Дарс жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади.

Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, “GP Günter Papenburg AG” ва “Aurubis AG” компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Мактаб шунга мувофиқ, механика, металлургия, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, фойдали қазилмаларни бойитиш, энергетика йўналишлари бўйича замонавий ўқув-амалиёт ускуналари билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари мазкур хоналарда бўлиб, иш ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди. “Замон ўзгараяпти, ҳар бир соҳага инновациялар кириб келаяпти. Шунга муносиб малакали кадр бўлиш учун доим ўз устингизда ишлашингиз керак. Комбинат тақдири рақамлаштиришда. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда. Келгусида унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.

Қисқа вақтда бу ерда 100 дан ортиқ ёшлар ўқиб, тармоқ корхоналарига ишга жойлашган. Президент мактабнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ўқувлар мунтазам ташкил этилиши, энг муҳими, амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.