18:16 / 27.11.2020
18631

Тароқ-пичоқ, жанговар елпиғич ва узук – Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган совуқ қуролларнинг намунавий классификатори маълум қилинди

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 10 ойи давомида фуқаролар орасида ўткир тиғли, кесувчан ёки зарб берувчи 36 минг 537та предмет аниқланган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департамент Юридик таъминлаш бошқармаси бош юрисконсультанти, майор Сарвар Мамадалиевнинг маълум қилишича, йилдан йилга жамоат жойларида ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар кўпаймоқда.

Сарвар Мамадалиев

“Мисол учун, 2017 йилда жами 1 391та ўткир тиғли, кесувчан ёки зарб берувчи (чиллаклар) предметлар аниқланган бўлса, 2018 йилда 4 223та, 2019 йилда 4 451та, 2020 йилнинг 10 ойида эса бу кўрсаткич 36 537тага етган.

Шунингдек, 2020 йил 9 ойида Жиноят кодексининг 104-моддасида назарда тутилган 791та жиноятдан 302таси совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланиб содир қилинган”, – дейди ИИВ вакили.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, 2020 йил 5 ноябр куни президент томонидан имзоланган қонунга кўра, Жиноят кодексининг 104- ва 105-моддаларида инсон ўлимига олиб келиши мумкин бўлган предметлардан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун ҳамда қўл ва оёқ ёрдамида тан жароҳатини етказганлик учун бир хил жазо тури белгиланган. Эндиликда қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этганлик учун ушбу моддаларнинг иккинчи қисми билан малакаланиши ва оғирроқ жазо тури тайинланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлик учун жавобгарлик назарда тутувчи 185-2-моддаси билан тўлдирилган, унга кўра, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, агарда совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш, худди шунингдек, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрганлик учун эса ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган совуқ қуролнинг намунавий классификатори ҳам тақдим қилинди. Уларнинг ичида жанговар арбалет ва камонлар, найза, жанговар пичоқ ва қилич, жанговар елпиғич ва ханжар, кастет ва нунчаки, жанговар узук, тароқ-пичоқ, зонт-пичоқ ва ҳасса-ханжарча каби совуқ қуроллар бор.

Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган совуқ қуролларнинг батафсил намунавий классификатори қуйидаги расмларда.

Бундан ташқари кўрсатилган ашёлардан ташқари инсон ҳаёти ва соғлиғи учун юқори хавф туғдирувчи тиғининг ёки кескичининг (дамининг) узунлиги тўқсон миллиметрдан ортиқ бўлган, тугмаси ёки пишанги босилганда сопидан автоматик равишда чиқадиган ва маҳкамланадиган ёхуд оғирлик кучи ёки тезкор ҳаракат ҳисобига сурилиб чиқадиган ҳамда автоматик равишда ўрнашадиган тиғли совуқ қурол ва пичоқларнинг, шунингдек қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган зарб бериб-парчаловчи ва улоқтирувчи таъсирга эга ашёлар ҳам бўлиши мумкин.

Совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларнинг намунавий КЛАССИФИКАТОРИ

Шунингдек, кўрсатилган ашёлардан ташқари, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун юқори хавф туғдирувчи касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёхуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи ашёлар ҳам бўлиши мумкин.

Top