Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Совуқ қуролни мақсадли ёки бемақсад олиб юрганлик қандай аниқланади? ИИВ мутасаддиси жавоб берди
Бугун, 27 ноябр куни АОКАда Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд вакиллари иштирокида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департамент юридик таъминлаш бошқармаси бош юрисконсульти, майор Сарвар Мамадалиев фуқароларнинг совуқ қурол олиб юришдан мақсади қандай аниқланиши ҳамда бу борада ходимлар томонидан мансаб ваколатлари суиистеъмол қилинишига доир саволга жавоб берди.
«Пичоқ ёки бошқа маиший мақсадларда фойдаланиладиган ашёларни ғилофи бўлмаса, уларни қалинроқ матога ўраган ҳолда санчувчанлик ва кесувчанлик хусусиятини йўқотиш даражасида ўраб, кўринмайдиган ҳолда олиб юриш мумкин. Яъни бошқа шахсга тўқнашиб кетганда тан жароҳати етказиш хусусияти бўлиши керак эмас», - деди ИИВ вакили.
Сарвар Мамадалиевнинг сўзларига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бу каби ҳолатларни қандай тартибда расмийлаштириш кераклиги белгиланган.
«Агарда, ҳақиқатан ушбу ашёлар ўткирлаш мақсадида олиб кетилаётган бўлса ёки қассоб бир ҳовлига қўй сўйгани кетаётган бўлса, уларнинг чиққан жойи ва борадиган жойи аниқ. Бундан ташқари, ҳар бир профилактика инспекторида ўз ҳудудидаги аҳоли ҳақида маълумотлар мавжуд. У ошпазми, қассобми ёки сантехникми, билади. Иккинчидан, у ҳақда суриштирилади, совуқ қурол туридаги буюмлар унинг касб фаолияти билан боғлиқлиги ўрганилади. Бундан ташқари, чархлайдиган жой бўлса қайси ҳудудга боришига ҳам эътибор қилинади. Балки бозорга бошқа ҳудудга бориб, бир йўла ўша жойда пичоғини чархлатиб келаман дейиши ҳам мумкин. Бунда барча ҳолатлар ҳисобга олинади», – деди у.
ИИВ вакилининг таъкидлашича, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жазо суд томонидан тайинланади.
«ИИВ ходимлари томонидан ҳолат аниқланади ва расмийлаштирилади. Ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ва суд жараёнларида ҳам фуқароларда ўзини бевосита ёки адвокат орқали ҳимоя қилиш, тортишувчанлик ва далилларни келтириб, айбсизлигини исботлаш ҳуқуқи бор. Шунингдек, бунда ҳар бир ҳолатга холисона баҳо берилади.
Айтайлик, кеч соат 12 ёки 1да совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёни хилват жойларда олиб юриш қайси касбга тўғри келади? Ёки мактаб, олий ўқув юртларига олиб бориш қандай мақсадларга тўғри келади? Бу жойларда пичоқ ёки совуқ қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган ашёларни олиб юришга зарурият йўқ.
Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда фақатгина ИИВ ходимлари эмас, жамоатчилик ва маҳалла ҳам ёрдам беради. Шунингдек бу йўналишда ички ишлар вазирининг буйруғи ҳам қабул қилинган”, – деди Сарвар Мамадалиев.
Мавзуга оид
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
17:45 / 30.04.2026
Форма ортидаги схема: Самарқандда лейтенант миллион долларлик ишда гумонланмоқда
10:56 / 17.04.2026