12:54 / 27.01.2021
5214

Тошкентда совуқ қурол ва бошқа буюмлар топилиши билан боғлиқ 655та ҳолат аниқланди

Жорий йилнинг бошидан буён Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари фуқаролардан совуқ қурол ва бошқа буюмлар топилиши билан боғлиқ 655та ҳолатни аниқлашди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабарида айтилган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ва Миллий гвардия хизматчилари томонидан текширувлар давомида 567та пичоқ, 3та болта, 11та кастет, 34та бита ва бошқа буюмлар топилди.

Фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-2-моддаси (“Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш”) бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, ўқув даргоҳларида ўтказилган текширувлар давомида ўқувчилардан 25та пичоқ, 7та кастет ва бошқа хавфли буюмлар топилди. Ўсмирларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилди, уларнинг баъзиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) бўйича баённомалар расмийлаштирилди.

Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш — базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Top