Ўзбекистон | 20:28 / 22.05.2016
31431
3 дақиқада ўқилади

21 май куни Устюрт газ-кимё мажмуаси фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон ва Корея Республикаси бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ҳван Гё Ан 21 май куни Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланиши ва унинг ишга туширилишига бағишланган маросимда иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Устюртдаги маросимда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари раҳбарлари газ-кимё мажмуасининг муваффақиятли ишга туширилишини икки мамлакат ҳамкорлигида муҳим босқич деб атади, қайд этди Yonhap агентлиги.

«Лойиҳа ўзида ҳамкорликнинг янги моделини тақдим этиб, хом ашё ресурсларини экспорт қилишдан биргаликда ишлаб чиқариш ва ташқи бозорга юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб беришни кўзда тутади», — деди Жанубий Корея бош вазири.

Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган. Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда.

Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Магистрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.