Ўзбекистон | 11:33 / 30.11.2022
66873
2 дақиқада ўқилади

Олмазорда профилактика инспектори ўлдириб кетилди

Ҳодиса ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлган. Қотил воқеа жойидан яширинган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкентнинг Олмазор туманида хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходими ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

«30 ноябр куни соат 00.50 ларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротов тумандаги Ғалаба маҳалласига тезкор чақирув бўйича етиб боради. Хизмат вазифасини бажараётган вақтида муқаддам судланган 30 яшар эркак ходимнинг ҳаётига тажовуз қилиб, воқеа жойидан яширинади», дейилади хабарда.

Н.Бобомуротов олган жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилган.

«Воқеа тафсилотлари тўлиқ ўрганилгандан сўнг жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади. Ижтимоий тармоқ фаолларидан вазиятни ёритишда фақат расмий манбалардан фойдаланишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддиновнинг қўшимча қилишича, ҳозирда прокуратура ҳамда ички ишлар органларининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, ходимнинг ҳаётига тажовуз қилишда гумонланаётган шахсни қўлга олиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Мавзуга оид