Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“O’ZLITINEFTGAZ” АЖ қошида “NEFTGAZ-MALAKA” ўқув-тадқиқот маркази очилди
19 август куни “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ қошида ташкил этилган “NEFTGAZ-MALAKA” ўқув-тадқиқот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказ соҳадаги ёш мутахассисларнинг салоҳиятини ва тажрибасини оширишга мўлжалланган.
Бугунги кунда нефть ва газ нафақат саноатнинг энергетикаси таркиби, балки юқори қўшимча қийматга эга янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қимматли хом ашё ҳисобланади. Ер ички қисмининг бойлигини ҳар томонлама кўриб чиқиш ва ундан фойдаланиш ўзининг меҳнат ва билимлари билан бу ютуқларни кўпайтирадиган олимлар ва амалиётчиларга боғлиқ. Соҳадаги мутахассислар малакасини ошириш эса бевосита шу соҳанинг ривожланишини таъминлайди. Шу муносабат билан 2022 йил 19 август куни “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ қошида ташкил этилган “NEFTGAZ-MALAKA” ўқув-тадқиқот маркази ишга тушди.


“Бу ўқув марказини очишдан мақсадимиз – нефт-газ ва энергетика тизимидаги корхоналарнинг ўрта ва юқори поғонадаги муҳандисларининг билимларини, тажрибаларини ошириш. Малака оширишга асосан халқаро экспертларни, хорижлик мутахассисларни жалб қилганмиз. Мутахассисларимиз халқаро стандартлар асосида олган билимларини иш жараёнига татбиқ қилади ва биз буни мониторинг қилиб борамиз”, дейди “O’ZLITINEFTGAZ” базавий стандартлаштириш бўлими бошлиғи Ирода Усмонова.
Марказнинг очилиш маросими доирасида Россиянинг “Rock Flow Dynamics” компанияси ташаббуси билан ўтказилаётган Технологиялар кунига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда иштирок этаётган Россиянинг “Хром инжиниринг” компанияси директорлар кенгаши раиси Андрей Похумов олиб борилаётган бу ҳамкорликдан мамнунлигини ҳамда мазкур маркази талабалар учун ҳақиқий ривожланиш маркази бўлишини таъкидлади.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги 309-сонли қарори имзоланиб, унга мувофиқ «O‘ZLITINEFTGAZ» АЖга таълим кластерига кирувчи саноат корхоналари ўрта ва юқори поғонадаги муҳандис-техник ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш юклатилган.
Ушбу марказнинг мақсади нефть-газ саноатининг муҳандислик-технологик бўлинмалари фаолиятининг янги қоидаларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш билан бирга, нефть-газ операцияларининг халқаро стандартларига жавоб бера оладиган муҳандис-мутахассисларни қайта тайёрлашдир.


Айтиш мумкинки, соҳа мутахассисларининг тизимли малакасини ошириш инсон омилининг нефть ва газ операцияларига салбий таъсирини камайтиради ва минималлаштиради.
Мутахассисларни қайта тайёрлаш тизими халқаро стандартлар талабларига мувофиқ Миллий кадрларни қайта тайёрлаш дастури “Ўзбекнефтгаз” АЖга хорижий менежерлар хизматидан воз кечиш имконини беради.
"O‘ZLITINEFTGAZ" АЖ бошқарув раиси Улуғбек Назаров янги ўқув-тадқиқот марказида мутахассисларни тайёрлаш босқичлари ҳақида маълумот берди:
“Ёш муҳандисларимизни янги стандартлар асосида ишлашга тайёрлаб, бир йиллик иш жараёнида мониторинг қилиб кейинги босқичда яна бир поғонага кўтарилади. Иккинчи поғонада технологик бошқарув жараёнига тайёрланишади. Учинчи босқичда эса иқтисодий таҳлиллаш юзасидан билим-тажрибалар ўрганилади”,- дея маълум қилди бошқарув раиси.


“O’ZLITINEFTGAZ” АЖ – 60 йиллик тарихга эга бўлиб, ушбу марказ ўзида юқори илмий-техник салоҳиятни ҳамда олимлар ва мутахассисларнинг бой тажрибасини бирлаштирган ва Ўзбекистонда углеводород конларини ўзлаштириш ҳамда нефть-газ саноати объектларини қуриш учун ҳар томонлама илмий, технологик ва лойиҳавий ёрдам кўрсатадиган, шунингдек, республикада энергетикани ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқадиган Бош инжиниринг компаниясидир.


Бугунги кунга қадар институт 400 дан ортиқ мутахассис, шу жумладан, нефть ва газ саноати, шу орқали мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ўз ҳиссаларини қўшган олимларнинг илмий қўллаб-қувватлаши билан нефть ва газ объектларини лойиҳалаш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Журналист Гулмира Тошниёзова
Оператор ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов