Ўзбекистон | 12:27 / 25.03.2020
57660
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар учун ёзги таътил муддати қисқаради - Вазирлик

Халқ таълими вазири матбуот котиби Анвар Умаровнинг маълум қилишича, коронавирус туфайли ўқитувчиларга берилган таътил ёзги меҳнат таътилининг бир қисми ҳисобланади.

«Республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди. Ушбу меҳнат таътили ўқитувчиларнинг ёзги даврда бериладиган меҳнат таътилининг бир қисми бўлиб, амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ расмийлаштирилади.

Яъни ўқитувчилар ҳозирда олган таътил даврининг фойдаланилмаган қисмини ёзда давом эттиради. Бошқача айтганда, ёзги таътил даври мос равишда қисқаради. 2019/2020 ўқув йили учун режалаштирилган таътил (2020 йилнинг 21 мартдан – 27 мартгача) даврида кўзда тутилган педагогик юкламалар педагоглар томонидан ўрнатилган тартибда ойлик иш ҳақлари сақлаб қолинган ҳолда масофадан туриб бажарилиши белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, дарслар бошлангандан кейин ўқитувчиларнинг таътили ҳам тугайди. Бу бўйича қўшимча ахборот берилади», деди у АОКА қошида коронавирусга қарши ташкил этилган штабда ўтказилган брифинг чоғида.

Вазирлик расмийси ўқув йили қачон якунланиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарган.

«Амалдаги тартибга кўра, ўқув йили 25 майда якунланади. 26 майдан 15 июнга қадар 9-11-синфларда битирув имтиҳонлари ўтказилади. Республика Махсус комиссияси қарори билан 16 мартдан бошлаб таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинган.

Албатта, таътилнинг давомийлиги тиббий профилактика (карантин) жараёнларининг давом этишига боғлиқ. Республика Махсус комиссияси қарорига асосан, таътилнинг давомийлигига қараб ўқув жараёнларини давом этиши ёки этмаслиги ҳақида ўқувчилар ва ота-оналар хабардор қилинади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Анвар Умаров ўқитувчиларнинг аттестацияси онлайн тарзда ўтказилмаслигини маълум қилди. 

«Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 15 мартда ўтказилган йиғилиш баёни ҳамда 23 март куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, одамлар тўпланиши мумкин бўлган барча тадбирлар тўхтатилган, жумладан педагог кадрлар аттестацияси жараёнлари ҳам қолдирилган.

Аттестация жараёнлари онлайн шаклда ўтказилмайди. Педагог кадрлар учун малака синовлари қачон ўтказилиши ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан келишилган ҳолда қўшимча хабар берилади», деди Анвар Умаров.

Мавзуга оид