Ўзбекистон | 15:00 / 23.09.2025
3011
8 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкентда Cleveland Clinic билан стратегик ҳамкорликда CAU Hospital университет шифохонасини қуриш лойиҳаси бошланди

AKFA Group ва Central Asian University (CAU) минтақада соғлиқни сақлашнинг янги стандартларини белгилашга қаратилган кенг кўламли тиббий лойиҳа – Central Asian University Hospital (CAU Hospital) қурилиши бошланганини эълон қилди.

Фото: Central Asian University

Лойиҳа бир асрдан ортиқ тарихга эга соғлиқни сақлаш соҳасидаги жаҳон етакчиси Cleveland Clinic билан стратегик ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 18 сентябр куни Cleveland Clinic Connected халқаро дастури доирасида Ўзбекистонда ташхис қўйиш, даволаш ва тиббиёт кадрларини тайёрлашнинг илғор стандартларини жорий этишни кўзда тутувчи стратегик битим имзоланди.

"AKFA Group, Central Asian University ва бутун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун бу янги сифат стандартлари сари қўйилган қадамдир. Биз тиббиёт, фан ва таълим яхлит тизим сифатида ишлайдиган инфратузилмани яратмоқдамиз. CAU Hospital илғор тажрибалар маркази, даволаш, ўқитиш ва тадқиқотлар халқаро стандартлар асосида бирлаштирилган клиникага айланади", – деди AKFA Group асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Central Asian University Hospital – умумий майдони 91 500 м² бўлган, икки босқичда амалга ошириладиган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади.

CAU Hospital клиник ёрдам, таълим ва тадқиқотлар жаҳон даражасидаги сифат тизимига интеграциялашган Илғор тажриба маркази (Center of Excellence) сифатида фаолият юритади. Шифохона халқаро протоколларни жорий этиш, кўп тармоқли ёндашув ва доимий хавфсизлик текширувини таъминлайдиган минтақавий билим ва инновациялар марказига айланади.

Шифохона 120 ўринга ва йилига 269 минг нафаргача беморга мўлжалланган. Унинг таркибида қабул-диагностика бўлими, 8 та жарроҳлик хонаси (шу жумладан, 2 та гибрид), туғуруқ блоги ва асосий бўлимлар мавжуд бўлади: терапия, педиатрия, онкология, аёллар саломатлиги ва реанимация.

Лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси президентининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва жаҳон даражасидаги тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича стратегик ташаббусларига мос келади. Таъкидлаш жоизки, CAU Hospital бўлажак мутахассислар учун ўқув базаси сифатида ҳам хизмат қилади: симуляция маркази, лабораториялар, ҳамширалик мактаби ва резидентура дастурлари клиник муҳитга интеграция қилинади.

Шифохона вертолёт майдончаси билан жиҳозланган бўлиб, у тўғридан тўғри қабул ва реанимация бўлимлари билан боғланган. Бу шошилинч ёрдам радиусини 350 кмгача кенгайтириш ва мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам тезкор равишда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.

"Cleveland Clinic бир асрдан ортиқ вақт давомида беморларга ғамхўрлик қилиш, тадқиқот ва таълимни бирлаштирган. CAU билан ҳамкорлик клиник жараёнлар ва рақамли ечимлардан тортиб мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлашгача бўлган энг яхши халқаро амалиётларни жорий этиш имконини беради. Биз биргаликда Ўзбекистон ва минтақада одамлар саломатлиги учун экотизим яратмоқдамиз", – деди Томмазо Фалконе, Cleveland Clinic ижрочи вице-президенти, халқаро ва ривожланаётган бозорлар бўйича президенти.

Меъморий лойиҳа HKS (АҚШ) халқаро бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг асосий хусусияти модулли архитектура бўлиб, у янги тиббий технологиялар ва келажакдаги соғлиқни сақлаш муаммоларига мослашувчан муҳитни таъминлайди. Алоҳида эътибор ҳудудларга ажратишга қаратилган: беморлар, ходимлар ва логистика йўналишлари ажратилган бўлиб, бу хавфсизликни оширади, ҳаракатланиш вақтини қисқартиради ва клиник натижаларни яхшилайди.

"Биз шифохонани келажакдаги инновацияларга максимал даражада тайёр бўлиши учун лойиҳалаштирдик. Архитектура янги технологияларни бирлаштириб, беморлар ва шифокорлар учун қулай муҳит яратишга имконият беради. Бизнинг мақсадимиз – ўн йиллар ўтса ҳам замонавий бўлиб қоладиган келажак клиникасини яратиш", – деди суҳбат чоғида HKS архитектура бюросининг минтақавий директори ва ҳамкори (RIBA) Френсис Галлахер.

Касалхона қурилиши Central Asian University 45 гектарлик кампусининг кенг кўламли кенгайтириши асосий элементи сифатида тақдим этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида янги Тиббиёт мактаби (4 минг талабага мўлжалланган), Стоматология мактаби (1,5 минг талаба), Муҳандислик мактаби (1,8 минг талаба ва 200 магистрант), замонавий лабораториялар ва рақамли инфратузилма барпо этилади. Шифохона клиник амалиёт, таълим ва тадқиқотларни жаҳон даражасидаги ягона экотизимга бирлаштирган ҳолда кенгайтиришнинг марказий объектига айланади.

Матбуот анжумани доирасида Ўзбекистонда тиббиёт таълими ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг янги босқичи рамзи бўлган, келажак авлодларга қаратилган вақт капсуласини тантанали равишда кўмиш маросими ўтказилди.

Cleveland Clinic ҳақида

Cleveland Clinic – клиник ва касалхона ёрдамини илмий тадқиқотлар ва таълим билан бирлаштирган нотижорат кўп тармоқли академик тиббиёт маркази. У 1921 йилда Кливлендда (Огайо штати) ҳамкорлик, раҳм-шафқат ва инновация тамойиллари асосида ажойиб соғлиқни сақлаш тизимини яратишни мақсад қилган тўртта шифокор томонидан ташкил этилган. Cleveland Clinic бир қатор тиббий ютуқлар, жумладан, аорта коронар шунтлаш операцияси ва АҚШдаги биринчи юз трансплантацияси билан машҳур.

Бугунги кунда Cleveland Clinic тизимида 82,6 мингдан ортиқ ходим, жумладан, 5786 нафар шифокор ва тадқиқотчи, шунингдек, 140 та тиббиёт йўналиши бўйича 20,7 минг нафар ҳамшира ва мутахассис фаолият юритмоқда. Тизим 23 та касалхона, 280 та амбулатория маркази ва Кливленддаги 173 акр майдондаги асосий кампусни ўз ичига олади. Клиника ҳар йили АҚШнинг барча штатлари ва дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакатидан миллионлаб беморларга хизмат кўрсатади.

Cleveland Clinic Connected ҳақида

Cleveland Clinic Connected бу – иштирокчиларга ўз тиббиёт муассасаларида ёрдам сифати, хавфсизлиги ва клиник натижаларини яхшилаш учун Cleveland Clinic’нинг эксперт билимларидан фойдаланиш имконини берувчи халқаро дастур. Дастур илғор тажрибаларни мослаштириш ва маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам АҚШ, ҳам халқаро бозорлардаги тажрибаларни бирлаштиради. Дастур иштирокчилари, шунингдек, Cleveland Clinic’нинг глобал нуфузига асосланган ўқитиш, тажриба алмашиш ва маркетинг ёрдами учун ноёб имкониятларга эга бўлади.

Central Asian University (CAU) ҳақида

2019 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган Central Asian University мамлакатдаги энг жадал ривожланаётган хусусий университетлардан бири ҳисобланади. У тиббиёт, стоматология, бизнес, архитектура ва дизайн, муҳандислик, туризм ва меҳмонхона хўжалиги ҳамда бошқа талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича халқаро таълим дастурларини таклиф этади. Замонавий кампус, халқаро тажрибага эга ўқитувчилар ва амалий таълимга эътибор CAU’ни бутун дунё талабалари учун жозибадор танловга айлантирмоқда.

Central Asian University Round University Ranking 2025 жаҳон рейтингида TOP-1000 таликка кирди, THE Impact Rankings 2025 рейтингида дебют қилди, Science and Innovation Awards томонидан 2024 йилда Ўзбекистоннинг энг инновацион университети деб топилди, шунингдек, AD Scientific Index томонидан 2025 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши ёш университети деб тан олинди.

CAU стратегик халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда ва Германия, Швейцария, АҚШ ва бошқа мамлакатлар университетлари билан қўшма академик ва тадқиқот лойиҳаларини амалга оширмоқда. Инновацион таълим модели ва глобал ҳамкорликка йўналтирилгани туфайли университет минтақадаги олий таълим етакчиларидан бири сифатида ўз мавқейини мустаҳкамламоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида