Жамият | 18:39 / 25.02.2026
17346
2 дақиқада ўқилади

Зоминда йўқолиб қолиб, кейин жасади топилган 2 ёшли бола ЙТҲ қурбони бўлгани аниқланди

Хоразм вилоятидан Зомин туманидаги тоғли қишлоққа саёҳатга келган оила фарзанди сирли равишда ғойиб бўлиб, бир неча кундан сўнг жасади топилганди. Уни “Зомин” санаторийсида фелдшер бўлиб ишлаган эркак машинасида уриб кетгани маълум бўлди. Судланувчи 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Фото: Kun.uz

2025 йил июн ойида Зомин туманида рўй берган ҳолат апелляция судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши ЖИБ Зомин туман судида кўриб чиқилиб, 2025 йил 10 декабрда ҳукм эълон қилинган. Унга кўра, 1994 йилда туғилган, “Зомин” санаторийсида фелдшер бўлиб ишлаган О.Т. (эркак) Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Суднинг ҳукми билан О.Т.га 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 24 февралдаги ажримига асосан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорлари устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

Фожиа Зомин туманида 2025 йил 23 июн куни рўй берганди. Хоразм вилояти Урганч шаҳридан бир оила дам олиш мақсадида Зомин туманидаги тоғли қишлоққа келган. Улар маҳаллий аҳоли уйларидан бирида яшаш учун тўхтаган. Тахминан соат 19:30 ларда оиланинг икки ёшли ўғли хонадондан чиқиб кетган ва изсиз йўқолган. Бир неча кун ўтиб, болакайнинг жасади уйдан тахминан бир километр узоқликдаги тепаликдан топилганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид