Жамият | 14:33 / 24.05.2021
16711
4 дақиқада ўқилади

«Ҳамма нарсада Аллоҳга суяниш керак» — Қуръон мусобақаси ғолиби Муҳаммадиброҳим қори билан суҳбат

Kun.uz шу ой якунланган Қуръон мусобақасининг бош ғолиби – андижонлик Муҳаммадиброҳим Каримов, унинг отаси ва устози билан суҳбатда бўлди.

16 май куни Тошкент шаҳрида Azon TV ташаббуси билан марҳум Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб «Қуръон мусобақаси – 1442» танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Қуръон мусобақасига қатнашиш учун Ўзбекистон бўйлаб мингдан зиёд аризалар келиб тушган бўлиб, илк босқичда улардан 280 нафари саралаб олинган. Финалга эса 28 нафар қори етиб келди.

Андижонлик Муҳаммадиброҳим Каримов мусобақанинг ҳифз йўналишида (Қуръонни тўлиқ ёд олган қорилар) мутлақ ғолиб бўлди ва «Spark» автомобили билан тақдирланди.

Kun.uz жамоаси Андижонда Муҳаммадиброҳим Каримов хонадонида бўлиб, қорининг отаси Тоҳиржон Каримов ва устозларидан бири билан суҳбатлашди.

Муҳаммадиброҳим қорининг отаси Тоҳиржон Каримов

«Ўғлим Муҳаммадиброҳим қорини ёшлигидан Исломга қизиқиши баланд бўлган. 6 ёшида 1 пора Қуръонни ёд олган бўлса, 12 ёшда тўлиқ 30 пора Қуръон ёдлаган. Боболари Андижондаги Девонабой масжидига олиб борган, у ерда Ҳусанхон қори ака деган устоздан таълим олган. Шундан сўнг Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги масжидларда рамазон вақтида хатмларга ўтиб юрди. Ўзининг илми ва ҳаракати билан Ўзбекистон Халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилинди.

Мана, Аллоҳнинг фазли билан Қуръон мусобақасида ҳам ғолиб бўлди. Бу йўлда оналари ва боболарининг хизматлари катта бўлган», – дейди қорининг отаси Тоҳиржон Каримов.

Муҳаммадиброҳим қорининг устози Муҳаммадайюб Файзуллоҳ

«Муҳаммадиброҳим қори – Андижондаги етук қорилардан бири. У кишига ўзи халқ баҳосини бериб бўлган. Аллоҳ таоло Қуръонни туширган замон ва маконни улуғ қилган. Қуръон ёзилган қоғозлар ва битиклар ҳам эъзозланиб юқорига қўйилар экан, Қуръонни ўзига жо қилган қалблар ҳам инсонлар томонидан эъзоз қилинади.

Қуръоннинг қиёматгача сақланиш воситаларидан бири – унинг китобларга ёзилиш бўлса-да, аммо унинг асосий сақланиш жойи – мўминларнинг қалбларидир. Чунки Қуръони Карим қалблардан қалбларга ўтади. Унинг зикри қачонки, устозни олдида ўтирган вақтда осон бўлади», – дейди устозларидан бири Муҳаммадайюб Файзуллоҳ.

Шунингдек, қаҳрамонимиз Муҳаммадиброҳим Каримовнинг ўзи ҳам Қуръонни қандай ёд олгани, бу йўлда оиласининг қўллаб-қувватлашини сўзлаб берди ва Қуръонни ёд олмоқчи бўлган ёшларга маслаҳатлар берди.

«Azon TV ташкил қилган Қуръон мусобақасидан бағоятда хурсанд бўлдик, бунда қатнашишлик илинжи бор эди. Ҳамма нарсада биринчи бўлиб Аллоҳга суяниш ва жидду-жаҳд қилиб шу йўлда ҳаракат қилиш керак, шунда ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан», дейилади.

Алҳамдулиллаҳ, қатнашиб бош соврин "Spark" автомобили билан тақдирландик ва уни уйга олиб келиб отамизга топширдик.

Ёшлигимизда кўп ўқиганмиз, қайта-қайта устозларга имтиҳон топширардик. Ҳусан қори ака устозимиз бўлган, у кишига шогирд бўлганимдан, илм олганимдан фахрланаман.

Аллоҳ таоло Қуръонни бандаларига осон қилиб қўйганини айтган, ўқимоқчи бўлган ёшларга унга яқинлашавериш керак. «Кимки ҳаракат қилса, топади» дейилади.

Қуръон ўқиётганимизда беихтиёр онамизни эслаб кўзимизга ёш келади. Болалигимизда ўқишдан маҳзун ҳолатларда келганимизда, онам бизнинг кайфиятимизни кўтариб, бизга далда бўладиган гаплар гапирган, овқатларимизгача олиб бориб берарди. Ота-онанинг хизматларини гапирадиган бўлсак, вақтларимиз етмайди. Китобларда ҳам келади, «Кибор уламолар, подшоҳлар ва президентлар битирган биринчи мактаб – оналар мактабидир. Агар сен қизни етук оналикка тайёрлайдиган бўлсанг, келажакда етишиб чиқувчи катта бир томирни тайёрлаган бўласан», дейилади».

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид