07:40 / 17.02.2021
23821

Чироқчида ИИБ ходими мактаб ўқувчисини шахсий машинасида уриб кетди. Боланинг аҳволи оғир

16 феврал куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида йўл-транспорти ҳодисаси оқибатида мактаб ўқувчиси оғир тан жароҳати олган. Автомашина рулида ИИБ ходими бўлгани айтилмоқда.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлган, Чироқчи туманидаги 1-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Гулзар Абдалованинг айтишича, у 16 феврал куни кундузи соат 14:00ларда пиёдалар ўтиш жойидан болаларни йўлнинг нариги чеккасига ўтказиб қўяётган бўлган.

Чап томондан ҳаракатланиб келаётган машина пиёдаларга йўл бериш учун тўхтагач, пиёдалар ўтиш жойи (зебра)дан болаларни ўтказган. Шунда ўнг томондан қаймоқранг «Nexia» автомашинаси катта тезликда келиб, 2014 йилда туғилган Фозилбек Қулмуродовни уриб кетган.

Бола машина остига кириб кетган ва машина қарийб 100 метр жойгача уни судраб борган.

Давлат рақами 70 M 674 EA бўлган, «Nexia» русумли шахсий автомашинадан ички ишлар органи хизмат либосидаги ҳайдовчи тушиб келиб, аввало ўқитувчини ҳақорат қилгани айтилмоқда.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, ҳайдовчи уриб юборилган ва қонга беланиб ётган болага ёрдам кўрсатмаган, аввалига машинасига миндиришни истамаган.

Ҳаттоки, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган болани бошқаларнинг ёрдами билан машинасидан туширган. Яъни беморга қўлини теккизишни истамаган.

Kun.uz воқеа юзасидан ахборот олиш учун Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизматига мурожаат қилганида, матбуот котиби Ирода Расулова ҳозирча ҳолат ўрганиб чиқилаётгани ва бу борада кейинроқ батафсил маълумот эълон қилинишини билдирди.

Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасида Фозилбек Қулмуродов беморлар китобида негадир «ўзи келди» деб қайд этилган. Ҳолбуки, биздаги маълумотларга кўра, автоавария натижасида унга оғир тан жароҳати етказилган ва у ҳушсиз бўлган.

Жонлантириш бўлимида ётган болани кўрикдан ўтказган ва операция қилган врачлар унинг аҳволи оғир эканини маълум қилди.

Ўралжон Камолов,
Kun.uz мухбири

Top