Ўзбекистон | 15:00 / 17.07.2025
2028
5 дақиқада ўқилади
Реклама

Agro inVitro: экологик кўчатлар етиштириладиган Марказий Осиёда етакчи лабораториялардан бири

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни жорий этиш — бугунги кунда нафақат иқтисодий, балки экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳам асосий шартига айланган. Агробанк ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида барпо этилган Agro inVitro мажмуаси — нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда аналогига эга бўлмаган, йирик лаборатория мажмуаси сифатида эътироф этилмоқда. 

Кўчатлар: генетик барқарор, вируссиз ва тайёр маҳсулот сифатида

20,4 гектар майдонда жойлашган, ушбу замонавий комплекс қишлоқ хўжалигида самарадорлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Agro inVitro мажмуасининг энг катта ютуқларидан бири — микроклонал усулда кўпайтирилган, вируслардан холи кўчатлар етиштирилишида намоён бўлади. Ин витро технологияси ёрдамида етиштирилган кўчатлар генетик жиҳатдан барқарор, совуқ ва қурғоқчиликка чидамли навлардан иборат. Энг муҳими — бундай кўчатларни исталган фаслда экиш мумкин.

Пестицидсиз, тоза ва серҳосил маҳсулот

Agro inVitro'да кўчатлар пестицид ва агрессив кимёвий моддаларсиз, табиий биомувозанатни сақлаган ҳолда етиштирилади. Бу нафақат экологик тозаликни таъминлайди, балки тупроқ унумдорлиги ва ўсимликларнинг соғлом ўсишига хизмат қилади.

Бу ерда кўчатларни суғориш ва озиқлантириш жараёнлари одатий усуллардан кескин фарқ қилади. Азот, фосфор, калий, магний, калций ва витаминлар билан бойитилган формулалар, стерилланган сув билан томчилатиб суғориш — барчаси кўчатнинг тез ва соғлом ривожланишига йўналтирилган.

Иссиқхона ва очиқ дала бош агрономи Азамат Турсуновга кўра, кўчатлар махсус сувлар билан озиқланади:

 “Бу Ўрта Осиё учун янги бўлган филтрлаш системаси саналади. Дастлаб, келаётган сув ортиқча тупроқдан тозалайдиган филтрдан ўтади. Ундан кейин оддий филтрдан ўтиб иккита 190 тоннали бакларга келиб тушади. Бакдан чиққан сув бирданига ўсимликка берилмайди. Унинг таркиби махсус мосламада тузлардан тозаланади. Энг қизиғи, сув ултрабинафша нурлар билан туздан тозаланади. Яъни инсон ичадиган сув ҳам бу даражада тозаланмайди”.

Тажриба натижалари: тезроқ илдиз, эрта ҳосил, юқори сифат

Бугунги кунда лабораторияда узум, гилос, шафтоли, нектарин, ўрик, лимон, ёнғоқ ва анор каби дарахтларнинг ўнлаб навлари етиштирилмоқда. Каталогда жами 137 турдаги кўчатлар мавжуд. Улар нафақат маҳаллий бозор, балки экспорт учун ҳам тайёрланмоқда.

Инвитро шароитида етиштирилган кўчатлар маҳаллий шароитдаги кўчатлардан бозоргир ва сифатли мева бериши билан ажралиб туради. Ҳозирги кунда аҳоли хонадонларидан ва интенсив усулда етиштирадиган боғдорчилик хўжаликларидан буюртмаларимиз бор. Agro inVitro лабораторияларида тайёрланган кўчатлар маҳаллий муҳитга тез мослашади. Йил 12 ой бу кўчатларни экиш мумкин. Табиий муҳитда етиштирилган мева билан бир хил таъм ва мазага эга бўлади. Экспортбоп, тайёр маҳсулот ҳолатида берамиз. Кўчат етиштиришда биз Италиянинг Battistini Vivai ва Vitroplant компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. 3 йиллик ҳамкорлик давомида бизнинг ходимларимиз Италияда малака оширяпти, у ердаги тажрибали мутахассислар келиб ходимларимизни ўқитяпти, малакасини оширишяпти, энг охирги Европа тажрибаларини қўллаган ҳолда кўчат етиштириш билан шуғулланяпмиз. Салоҳият жиҳатидан бизнинг комплекс Ўрта Осиёда 1-ўринда туради. Иссиқхона лойиҳамиз дунёда 5-ўринда барпо қилинган комплекс ҳисобланади” – дейди Agro inVitro корхонаси раҳбари Озодбек Сайдиев.

Тажриба майдонларида олиб борилган кузатувларга кўра, Agro inVitro кўчатлари:

  • одатий кўчатларга нисбатан тезроқ илдиз отади,
  • эрта ҳосил беради,
  • ва мева сифати жиҳатидан юқори натижалар кўрсатган.

Agrobank ташаббуси: қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашув

Мазкур лаборатория мажмуаси Agrobank ташаббуси билан ташкил этилган.

Бу банкнинг фақат молиялаштириш эмас, балки амалий агро-технологик ечимларни амалга татбиқ этишга интилган янги стратегиясини намоён қилади.

Агар Agro inVitro каби лойиҳалар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кенгайтирилса:

  • маҳаллий кўчатларга боғлиқлик ошади,
  • импортга боғлиқлик камаяди,
  • ҳамда ўзбек кўчатлари ва мевалари ташқи бозорларга экспортбоп маҳсулот сифатида чиқиши мумкин.

Agro inVitro — бу оддий кўчат етиштириш эмас, балки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига технологик ёндашув. Мазкур лойиҳа нафақат тадбиркорлар, балки умумий миллий аграр сиёсат учун ҳам стратегик аҳамият касб этади.