17:20 / 29.01.2020
0
26529

Коронавирус: Авиакомпаниялар Хитойга парвозларни бекор қилмоқда

Британиянинг British Airways авиакомпанияси 29 январь куни коронавирус туфайли Хитойга барча парвозлар бекор қилинишини эълон қилди.

Фото: PA MEDIA

«Биз йўловчиларимиздан келтирилган ноқулайлик учун узр сўраймиз, аммо йўловчилар ва парвозлар хавфсизлиги биз учун устувор ҳисобланади», дейилади авиакомпания баёнотида.

Айни вақтда авиакомпания сайтида Хитойга тўғридан-тўғри рейслар учун чипталарни буюртма қилиб бўлмайди. Бунга қадар авиаташувчи Пекин, Шанхай ва Гуанчжоуга доимий рейсларни (дастлабки иккиси ҳар куни) амалга ошириб келмоқда эди.

Reuters агентлигининг ёзишича, хусусан, дунёнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлган United Airlines 1 февралдан 8 февралгача АҚШдан Пекин, Ҳонгконг ва Шанхайга 24та рейсни бекор қилди.  Грузия Хитой билан авиаалоқани 29 мартгача тўхтатишга қарор қилди. Жанубий Кореянинг Air Seoul лоукостери ҳам худди шундай йўл тутди, Тайваннинг China Airlines компанияси эса 10 февралгача бир нечта рейсни бекор қилди. Air Canada Хитойга ҳар ҳафтада бўладиган 33та рейсдан айримлари бекор қилинганини хабар қилди, Германиянинг Lufthansa компанияси ҳам бу йўналишга парвозлар камайганини билдирди. Шунингдек, Scoot (Сингапур лоукостери) ва AisAsia (Малайзия) ҳам Хитойга рейсларни бекор қилди.

Британия ТИВ шу кунларда қироллик фуқароларига Хитойга бормасликни тавсия этганди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда тарқалган коронавирусни юқтириб олиш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 132 нафарга етган, яна 6 минг киши вирусдан зарарланган.

Турли давлатларнинг ҳукуматлари айни вақтда вирус ўчоғи бўлган Хубэй провинциясида қолаётган фуқароларини олиб кетиш учун ҳаракат қилмоқда.

Британия ТИВ маълумотига кўра, айни вақтда Уханда ва унинг атрофидаги ҳудудларда 300 нафардан ортиқ британиялик бор. Улар ватанга эвакуация қилиниб, икки ҳафта давомида карантин ҳудудида сақланиши режалаштирилган.

Австралия ҳам Хитойдан 600 нафар фуқаросини қайтармоқда, мамлакат ҳукумати уларни Ҳинд океанидаги Рождество оролида (Австралия қирғоқларидан 1500 км масофада) алоҳида жойлаштирмоқчи.

Шунингдек, Япония, АҚШ ва Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатлари Ухандаги фуқароларини олиб кетиш учун ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг Ухандаги ўзбекистонликларни олиб чиқиб кетиш бўйича мурожаати Хитой ҳукумати томонидан рад этилган.

Бироз аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини Хитойга боришдан тийилишга чақирганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top