Жаҳон | 12:31 / 10.11.2023
8151
3 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпаниялари Ан-24 ва Ан-26 самолётларининг хизмат муддатини узайтиришни сўради

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ҳозирда 50 йиллик Ан-24 ва Ан-26 самолётларининг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.

Фото: Picture Alliance

Россия авиакомпаниялари вакиллари тегишли идоралардан ўртача ёши 50 йил бўлган Ан-24 ва Ан-26 самолётларининг хизмат муддатини узайтиришни сўради. Бу ҳақда 8 ноябр, чоршанба куни «Интерфакс» агентлиги хабар берди.

«Ангара» авиакомпанияси бош директори биринчи ўринбосари Сергей Зориннинг сўзларига кўра, бугунги кунда Россияда 150 га яқин маҳаллий минтақавий самолётлар мавжуд. «Улардан 95-98 таси Ан-24 ва Ан-26 бўлиб, ишлаб чиқарилган санаси - 1962 йил, ўртача ёши - 50 йил. Фуқаро авиацияси давлат илмий-тадқиқот институти ҳисоботидан маълум бўлишича, ушбу самолётларнинг тўртдан бир қисми 2030 йилгача фойдаланишдан чиқарилади, бизнинг фикримизча, бу паркни тўхтатиш анча олдинроқ, яъни 2028 йилдан бошланади», деди Зорин 8 ноябр куни Федерация кенгашида бўлиб ўтган давра суҳбатида.

«Ангара» авиакомпанияси вакили Ан-24 ва Ан-26 самолётлари хизмат муддати тезроқ тугатаётганининг сабаблари орасида чет эл лайнерларидан россияликларга ташувларни қайта тақсимлаш, уларни капитал таъмирлашнинг фойдасизлиги, шунингдек, ушбу самолётларнинг хизмат қилиш муддатини узайтириш учун Украина ишлаб чиқариш бюллетенларига «уланишнинг иложи йўқлиги»ни айтиб ўтди.

Эски самолётларни алмаштирадиган ҳеч нарса йўқ

Шу билан бирга, Зорин ҳали Ан-24 ва Ан-26 ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади. ТВРС-44 уларнинг потенциал вориси бўлиши мумкин, аммо ишлаб чиқарувчи биринчи 10 та бундай самолётни фақат 2027 йилда етказиб беришга тайёр. «Ангара» бош директори ўринбосари сўзларига кўра, нархи 2 миллиард рублни ташкил этадиган ТВРС-44 қиймати алоҳида масала. «Бу қисқа ва ўрта масофага учувчи реактив самолётларнинг нархи билан тенг, улар сиғими 3-4 баравар катта», деди Зорин.

Ўз навбатида, «ИрАэро» бош директори ўринбосари Сергей Крупнов ғарб санкцияларидан олдин PowerJet Россия-Франция компанияси ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатишни амалга оширган Sam146 самолёт двигателларининг маҳаллий аналоги йўқлиги сабабли Sukhoi Superjet самолётлари мавжуд парки парвозлари тўхтатилиши мумкинлигидан хавотир билдирди. 

Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Европа Иттифоқи РФга самолётлар ва эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатиш ва суғурта қилишни тўхтатди. Қўшма Штатлар авиация саноати товарлари экспортини ҳам чеклаб қўйди ҳамда «Аэрофлот» лайнерлари ва Россиянинг бошқа авиакомпанияларига нисбатан санкциялар киритди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид