Ўзбекистон | 07:54 / 11.01.2024
3933
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда сурункали касалликларни бошқариш дастури синовдан ўтказилади

Ўзбекистонда сурункали касалликка чалинган беморларни соғломлаштириш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

“Аҳоли саломатлиги-2030” миллий стратегиясининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган амалий тадбирлар режасига кўра, бу борада тегишли норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Унда “Тиббий реабилитация” республика-ҳудудий ва туман вертикал тизимини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 208 та кўп тармоқли поликлиникаларда реабилитология бўлимларини ташкил этиш, реабилитолог, кинезиолог мутахассислари фаолиятини таъминлаш назарда тутилган.

17 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари тиббиёт ходимларининг реабилитология бўйича билим ва малакаси оширилади.

Онкологик клиника ва бошқа шифохоналарда “Паллиатив ёрдам” тизими йўлга қўйилади.

Сурункали касалликларни бошқариш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар йили 350 минг нафар диабет, 1,5 млн нафар юрак қон-томир ва 120 минг нафар онкологик касалликларга чалинган беморларни даволаш мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид