Ўзбекистон | 18:10 / 25.02.2020
32528
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этилади

Президент иштирокидаги йиғилишда Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келаётгани, маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаётгани, ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмагани қайд этилиб, тиббий ёрдам сифати ва кўламини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунларидан тинчлик ва соғликни таъминлашни ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилаган эди. Ўтган йилларда бу борада улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

2018 йил 7 декабрдаги Президент фармонига мувофиқ, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда тегишли дастур тасдиқланди. Барча ҳудудларда шифохоналар бунёд этилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50тадан 126тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

Одамлар энг кўп мурожаат қиладиган шошилинч ва тез ёрдам йўналишида марказлашган яхлит тизим яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг сони 818тадан қарийб 2 мингтага етказилди ва аҳолига янада яқинлаштирилди. Ихтисослашган автомашиналар парки янгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, адолат ва рақобатни таъминлаш бўйича ўз мулоҳазаларини баён этган эди.

Бугунги йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Аввало, ихтисослашган тиббий ёрдам сифати ва кўламини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Мамлакатда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келаётгани, маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаётгани, ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмагани қайд этиб ўтилган.

Даволаниш учун ордер бериш тизимида ижтимоий адолат таъминланмаётгани, бу жараёнда фақат давлат муассасалари иштирок этиши рақобатни чеклаётгани кўрсатиб ўтилган. Шу боис ордер бериш тизимини такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизими танқидий таҳлил этилган. 20-30 фоиз маблағ самарасиз сарфланаётгани кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария учун ажратилаётган маблағ улуши 35-40 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.

Давлат ва хусусий тиббиёт учун тенг шарт-шароит, рақобат муҳити яратилмагани, молиялаштиришда электрон тизимнинг йўқлиги маблағлар унумдорлигини таҳлил қилиш имконини бермаётганига эътибор қаратилган.

Соҳани молиялаштиришни такомиллаштириш, мажбурий тиббий суғуртага оид қонунлар қабул қилиб, уни босқичма-босқич жорий этиш муҳимлиги айтилган.

Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам камчиликлар мавжудлиги, масалан, фақат 12та олий таълим муассасаси узлуксиз касбий малака ошириш ҳуқуқига эгалиги, ҳозирда 50 фоиз шифокор малака ошириш билан қамраб олинмагани таъкидланган.

Шу боис мазкур тизимни қайта кўриб чиқиб, бу борадаги қамровни кенгайтириш, малака ошириш курсларини Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказларида ташкил этиб, мутахассисларга қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берилган.

«Эскича услубда қолиб кетган тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиб, дарс ва амалиётни замон талаблари асосида ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари бюрократик тузилма бўлиб қолгани, ҳудудий даражада касалликларни таҳлил қилиш бўйича тизимли ишлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари айни пайтда марказий шифохона бош шифокори бўлгани сабабли вақти ва маблағнинг асосий қисмини касалликларни даволашга сарфламоқда.

Давлатимиз раҳбари касалликлар профилактикаси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бошқарув идоралари ишини айнан шунга йўналтириш лозимлигини таъкидлади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, тўғри овқатланиш ва пиёда юришнинг саломатликка фойдасини тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди», дейилади хабарда.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари ушбу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот ўтказди.

Мавзуга оид