Жамият | 18:07 / 17.04.2021
4643
9 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда деҳқонларнинг эркинлиги қай даражада таъминланган ёхуд уларга яратилаётган имкониятларга бир назар

Ҳозирда дунёда аҳоли сонининг жадал суръатларда ўсиб бориши, экин ерлари ва сув ресурсларининг чеклангани, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш барча мамлакатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда томорқалар ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш нақадар муҳим аҳамиятга эга экани барчамизга маълум.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 340 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 46866 гектар экин ерларидан фойдаланиб келмоқда ва шу билан бир қаторда 5116 фермер хўжалиги 301813 гектар ер майдонларида меҳнат қилмоқда. 

Янги тизим асосида, уйма-уй кириб, томорқага экин экишни тарғиб қилиш ишларига кенг жамоатчилик жалб қилинган бўлиб, бунда ОАВ орқали томорқа майдонларида сермаҳсул фаолият юритаётган миришкорлар меҳнатлари ёритилишининг ҳам ўрни катта бўлмоқда.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 26 апрелда 3680-сонли Президент қарори билан Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  қўллаб-қувватланмоқда.

Жойларда томорқа ва деҳқон хўжаликлари учун хизмат қиладиган “Томорқа хизмати” корхоналари ташкил этилаётган бўлиб, жамғарма ва ўз маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистонда бу борада Амударё тумани учун 5 млрд 27 миллион сўм ва Бўзатов туманига 800 миллион сўм маблағ йўналтирилган, Нукус туманида 2 млрд 500 миллион сўмлик ва Бўзатов туманида қурилиш ишларининг иккинчи босқичини бошлаш учун кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда деҳқонлар ва фермерларнинг эркинлигини таъминлаш бўйича қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Лекин бу билан деҳқонлар эркинлиги тўлиқ таъминланяптими? Бу борада маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳамон хавотирли хавфлар мавжуд бўлиб қолмоқда. Биргина ўтган 2020 йилнинг ўзида 4 фермер хўжалиги ерлари маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари билан олиб қўйилди. Бу бўйича судларга аризалар киритилиб, туман ҳокимликларининг ноқонуний қарорлари бекор қилинди ва фермерларнинг ер майдонлари қайтариб берилди. Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўра бундай можаролар ҳали ҳам давом этиб келмоқда.

Ҳозирда дала майдонларида меҳнат қилаётган заҳматкашларнинг яна бир муаммоси кун тартибига кўтарилмоқда. У ҳам бўлса йиғиб олган пахталарини сотиш. Амалда пахта хомашёсини эркин бозор муносабатлари тамойили асосида биржа савдолари орқали сотиш мавжуд эмас. Унда фермерлар ўз пахталарини ҳозир қандай сотишмоқда? Бугунги кунда пахта саноатида йирик тадбиркорлик объектларига айланиб улгурган кластерлар билан фермерлар тўғридан тўғри шартнома қилиб, ўз ҳосилини сотишмоқда. Республикамиздаги фермер хўжаликлари пахта кластерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу борада биргаликда иш олиб бормоқда. Ўтган йили Республикадаги 5 та кластер билан қилинган шартнома асосида фермерлар ўз ҳосилларини топширди. Шундан 4 та кластер миришкорларнинг пулларини тўлаб берган. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, Амударё туманида жойлашган “Amudaryo tex” МЧЖ томонидан жами 362 та фермер хўжаликларига 24 млрд 60 млн 395 минг сўмлик тўланиши лозим бўлган қарздорлик юзага келган. Бу борада судларга даъво аризалари киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилган. Фермер хўжаликларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Қорақалпоғистонда ушбу йилдан бошлаб янгича ташаббус илгари сурилмоқда, бу уч томонлама шартнома. Бунда фермер бир тараф, кластер иккинчи тараф ва фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ва шартнома тўлиқ ўз вазифасини бажаришини таъминлаш учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши учинчи тараф сифатида шартномага имзо чекади. Биргина имзо чекиш билан муаммо ўз ечимини топиб қолмаслиги аниқ. Бу борада ишлар адолат асосида олиб борилсагина натижага эришиш мумкин.

Кичик ер эгалари синфини шакллантириш бўйича ҳам амалий ишлар давом эттирилмоқда, лекин бу борада ҳам оқсашлар бор эканини айтиб ўтиш керак. Ҳозирда Қорақалпоғистонда 2085 деҳқон хўжаликлари ва 340250 томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, улар 46866 гектар экин майдонларида меҳнат қилишмоқда. Лекин 2 миллионга яқин аҳолиси бор минтақа учун бу оз кўрсаткич. Яқин вақт ичида “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида” ва “Томорқа хўжалиги тўғрисида” қонунлар қабул қилинган эди. Ушбу қонунларнинг татбиқ этилиши ўлароқ, кичик ер эгалари синфи шаклланиши жадаллашиши кутилмоқда. Деҳқон хўжаликларининг ҳамжиҳатликда фаолият юритиши учун кооперацияларнинг ташкил этилиши, улар ўз экин майдонларида биргаликда маҳсулот етиштириши мумкин. Бу борада томорқачиларда анча олға силжиш мавжуд бўлиб, “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида Беруний, Элликқальа, Амударё туманлари мисолида томорқачилар фаолиятини келтирсак бўлади.

Ҳозирда ўрта синфга кириш ва даромад орттириш учун 100 гектарлаб экин майдонларини эгаллаб фермер хўжаликларини тузиш шарт эмас. Бу борада озроқ экин майдонлари билан деҳқон хўжалиги, пахтачиликдан бошқа йўналишларда фермер хўжалиги тузишнинг ҳам афзалликлари мавжуд. Қорақалпоғистонда бугунги кунда “Сабзавотчилик ва полизчилик” йўналиши бўйича 520, “Ғаллачилик ва сабзавотчилик” йўналиши бўйича 504, “Боғдорчилик ва узумчилик” йўналиши бўйича 281, Чорвачилик йўналиши бўйича 869, бошқа йўналишлар бўйича 498 фермер хўжалиги жами 52 719 гектар экин майдонларидан фойдаланиб келмоқда. Биргина “Сабзавотчилик ва полизчилик” йўналиши бўйича фермер хўжаликларининг ўртача ер майдони 9 гектарни ташкил этмоқда. Бу дегани 9 гектар ер билан фермер хўжалигини тузиш мумкин. Бундан ташқари, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга асосан деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкаларини олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисмини 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) олиш имконияти мавжуд.

Мамлакатимизнинг асосий захираси ҳам деҳқончилик қилиш учун яроқли экин ерлари ҳисобланади. Ҳозирда энг асосий муаммолардан бири ишсизлик эканини англаган ҳолда Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ёшларга ер ажратиш бўйича ишлар йўлга қўйилди. Бунда асосий экин майдонларидан бўшаган ерлар иккиламчи шартнома асосида 1 йил муддатга берилмоқда. Қорақалпоғистонда жами 72 минг 520 ёшга 25 минг 200 гектар ер майдонлари ажратилиши режалаштирилган. Бу ҳам ўз навбатида деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар учун бир имконият бўлди десак адашмаган бўламиз.

Шунингдек, 2018 йил 24 декабрда қабул қилинган (ЎРҚ-508) қонун билан Солиқ кодексининг 311-моддасига ўзгартириш киритилиб, деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига суғурта бадалларини энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўлаш орқали бир йил меҳнат стажига эга бўлиши белгилаб қўйилгани ҳам аҳолига яна бир қулайлик бўлди.

Умуман олганда, миришкор деҳқонлар-у, фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, асосийси, уларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича сўнгги йиллари сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишлар изчиллик ва адолат асосида давом эттирилса, кичик ер эгалари синфи ҳам, ўз фаолиятини кенгайтирувчи ўрта синф қатлами ҳисобланган фермер хўжаликлари тоифасининг ҳам давлатимиз ривожидаги ҳиссаси катта бўлади.

Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот хизмати

Мавзуга оид