Ўзбекистон | 19:54 / 03.08.2018
9396
2 дақиқада ўқилади

Янги қарор: Ўзбекистонда «Business city» замонавий ишбилармонлик марказлари қурилади

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти “Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси, республика вилоятлари туман ҳамда шаҳарларида ва Тошкент шаҳрида «Business sity» шаклидаги замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Белгиланишича, туман ва шаҳарларда «Business sity» марказларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси, республика вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уларнинг концепцияси Вазирлар Маҳкамасида мувофиқлаштирилгач қабул қилинади.

«Business sity» марказлари ҳудудида объектларни қуриш инвесторлар маблағлари, жумладан хайрия маблағлари, кредитлар ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Business sity» марказлари фаолиятини самарали ташкил этишни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. 

2019 йилнинг 1 январига қадар тегишли туман ва шаҳарларда «Business sity» марказларини барпо этиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши лозим.

«Business sity» марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида инвесторлар 2021 йилнинг 1 январига қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади. Шунингдек, бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажарилувчи (кўрсатилувчи) ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинади. 

Мавзуга оид