14:20 / 17.11.2021
6196

2022 йилда яна 5та олий таълим муассасаси ташкил этилади

2022 йилда олий таълим муассасалари сони 115тага етказилиши режалаштирилмоқда.

Фото: tsue.uz

Олий маълумотли кадрлар сонини ошириш мақсадида 2022 йилда олийгоҳлар сони яна 5тага оширилиб, 115тага етказилади. 2021 йилда эса уларнинг сони 110тани ташкил этган. Бу ҳақда 2022 йил учун ишлаб чиқилган бюджетномада маълумот берилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилда докторантурага ажратилаётган квоталар сонини 2 баробарга ошириш белгиланган бўлиб, қабул квотаси 3600тагача кўпайиши режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 2022 йилда 453,6 млрд сўм ёки 2021 йилга нисбатан қўшимча 186 млрд сўм ажратилади.

Олий таълим харажатларининг давлат бюджети жами харажатларига нисбатан улуши жорий йилда 1,4 фоизни ташкил этган бўлса, кейинги йилда бу кўрсаткич 1,6 фоизга етиши кўзда тутилган.

2022 йилда давлат бюджетининг таълим соҳасига ажратган харажатлари 46,9 трлн сўм миқдорида ёки бюджет жами харажатларининг 21,9 фоизини ташкил этиши белгиланмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилда 11та, 2019 йилда 10та, 2020 йилда 7та ва 2021 йилда 4та янги олий таълим муассасаси очилган.

Top