Ўзбекистон | 15:39 / 23.02.2022
29036
10 дақиқада ўқилади

“Келгусида давомат бекор қилинади” ёхуд кредит-модулда ўқиётган талабанинг ҳуқуқлари

Ўзбекистон олийгоҳлари кредит-модул тизимига ўтади дейилганда, таълим сифатида ўсиш, талабаларнинг ўқитувчи ва фан танлашида эркинлик бўлишига умид қилинганди. Жорий қилинганининг иккинчи йили давом этар экан, кредит-модулдан нима кутиш керак, Ўзбекистондаги олийгоҳларда тизим тўлиқ ишлаяптими каби саволлар ва шунга оид тушунмовчиликлар ҳам ўртага чиқяпти.

Фото: KUN.UZ

Кредит-модул тизими нима?

Халқаро олий таълимда қўлланиладиган академик кредит тизими бакалавр, магистр ва PhD талабаларнинг ўзлаштиришини ўлчайдиган тизим ҳисобланади. Тизимнинг асосий мақсади – бир олийгоҳ талабасига бошқа давлатдаги олийгоҳда ўқишини давом эттириш имконини бериш.

Кредит тизимининг бир неча хил турлари бор. Масалан, Европа давлатлари ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System), Америка SCH (Semester credit hours) ва Буюк Британия CATS (Credit Accumulation and Transfer Scheme).

Шу жойда аниқлик киритиш керак бўлган жиҳат шуки, кредит-модул тизими турли хил бўлса ҳам, улардаги кредитлар конвертация қилинганда бир-бирига мос келади. Яъни SCH'да таълим олаётган талаба, ECTS'да ўқитилаётган университетда ҳам ўқиши мумкин бўлади ёки тескариси.

Буларнинг ичида ECTS кенг тарқалган ва Ўзбекистон ҳам 2020 йилдан бошлаб шу тизимга ўтишни бошлади. Ўзбекистон олий таълимида жорий қилинган тизим Европадан андоза олган экан, аввало ECTS тизими билан танишиш мақсадга мувофиқ.

ECTS

1989 йилда Европадаги 145та олийгоҳ йиғилиб, ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System), яъни Европа мамлакатлари бўйлаб талабаларнинг алмашинуви ва эркин таълим олишига имкон берадиган тизимни қабул қилган.

Бунда бакалавр талабаси бир ўқув йили учун 60 кредит, битта семестр учун 30 кредит йиғиши керак бўлади. Бир кредит 25-30 соат шуғулланиш натижасида йиғилади. Кредитлар дарсдаги фаоллик, тестлар, лойиҳа ва тадқиқот ишлари, оғзаки ёки ёзма имтиҳон баҳолари кабиларга асосланади. Бу тизим Европа олий таълим ҳудуди (European Higher Education Area)га аъзо барча университетлар учун амал қилади. ECTS берадиган афзалликлардан яна бири – шу тизимда ўқиган талаба Европа ҳудудида иш топиши осонлашади.

Ўзбекистон олийгоҳларини кредит-модулга ўтказишдан мақсад нима?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020/21 ўқув йилидан бошлаб, республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиладиган бўлди. 2021/22 ўқув йилида республикадаги деярли барча олийгоҳлар кредит-модулга ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Аббос Хўжаевнинг тушунтиришича, бундан мақсад – халқаро стандартлар асосида таълим жараёнини ташкил этиш ва Ўзбекистоннинг жаҳон таълим маконига интеграциясини кенгайтириш.

“Бунинг асосий шартларидан бири – кредит-модул тизимига ўтишдир, – дейди Аббос Хўжаев. – Шу билан бир қаторда, ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси”га ўтилди, олийгоҳларга академик ва молиявий мустақиллик берилди. Энди шунинг асосида олий таълим муассасаларимизнинг халқаро таълим агентликлари регистрациясидан ўтиши, халқаро рейтингларда қатнашиш имкониятлари кенгайди.

Талабаларимиз бемалол бошқа мамлакатлардаги олийгоҳлар билан кредит мобиллик асосида академик алмашинув, қўшма диплом дастурлари ва ўқишни кўчириш жараёнларида иштирок этиши мумкин, ўқитувчилар алмашинувини ҳам кенгроқ йўлга қўйишимиз мумкин”.

Мутахассиснинг изоҳича, кредит-модулнинг айнан ECTS турига ўтилишига сабаб, бу дунё бўйича энг мақбул вариант ва Ўзбекистонга қўшни давлатлар ҳам шу тизимдан фойдаланади.

Ўзбекистонда жорий қилинган кредит-модул Европадагидан қандай фарқ қилади?

Солиштирувларимизга кўра, ECTS'ни Ўзбекистонда жорий қилиш низомидаги талаблар Европа олий таълимидагидан деярли фарқ қилмайди. Лекин амалиётда маҳаллий олийгоҳларнинг аксарияти бу тизимни ўзига мослаштириб олган, яъни EСTS'нинг ҳамма талаблари ҳам бажарилмаяпти.

Аввало, Вазирлар Маҳкамаси қарори ва низомида олийгоҳларга қандай талаблар қўйилгани билан танишсак. Қарорда келтирилишича, талаба 1 йилда 60, 4 йилда 240 кредит йиғиши керак. 1 кредит ўртача 25-30 академик соатлик ўқув юкламасига тенг. Яъни талаба муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур. Ўқув юкламаси бакалавриатда – 40-50 фоиз аудитория соати, 50-60 фоиз мустақил иш соатига, магистратурада –30-40 фоиз аудитория соати, 60-70 фоиз мустақил иш соатига бўлинади. Бу Европада жорий қилинган ECTS билан бир хил.

Талабага профессор-ўқитувчи танлаш имкониятининг берилиши

Полша ва Корея университетларида талаба-алмашинув дастурида ўқиб келган  Таҳсинабону Муфтоҳиддинова ҳам кредит-модул тизимининг асосий афзаллиги сифатида ўқитувчи танлаш имкониятининг борлигини кўрсатади.

“Масалан, – дейди у, – мен ўқиб келган олийгоҳларда талаба университетга кирса, унга фанлар ва ўқитувчилар рўйхати берилади. Айтайлик, математика фанидан A, Б, C ўқитувчилар бор ва ҳаммаси битта фанни ҳар хил вақтда ўқитади. Талаба ўзига ёққан ёки ўзига қулай вақтдаги ўқитувчини танлайди. Лекин Ўзбекистондаги аксар олийгоҳларда талабага ҳали бундай имконият берилмаяпти”.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имкониятини бериш талаби қўйилган. Аббос Хўжаевнинг бунга қўшимча қилишича, профессорларни танлашда талабага тютор ёрдам беради. ОТМда нечта фан бўлса, барчасида етарлича ўқитувчи бор.

“Баъзи фанлар жуда ноёб ҳисобланиб, ўқитувчи кам бўлиши мумкин. Лекин шунда ҳам ўқитувчиларни топиб, керак бўлса, хориждан профессорлар таклиф қилиш керак. Олий таълим талабага фақатгина битта ўқитувчи бериб, фақат шуни танлайсан дейиши нотўғри”, – деди вазирлик бўлим бошлиғи.

Давомат мажбурийми?

Европа таълимида талаба дарсларда доимий иштирок этишга мажбурланмайди. Талаба давомат қилиб борилади, лекин бу кредитлар йиғишга жиддий таъсир қилмайди. Шунингдек, ECTS тизими жорий қилинган Янги Ўзбекистон университети проректори Элёржон Жумаев ҳам ОТМда шундай тизим жорий қилинганини таъкидлади.

“Кредит системасида давомат ҳисобга олинмайди. Масалан, бизда талабанинг дарсда қатнашгани учун кредитнинг 15 фоизи берилади. Талаба кейинчалик шу фанни ўзи етказиб ўқиб олишига ишонса, маълум дарсларга қатнашмай мустақил ўзлаштириб олиши мумкин. Масалан, талаба дарснинг 50-60 фоизида қатнашган бўлса, 8 ёки 9 балл берилади. Лекин қолган фанларни ўзлаштириш бўйича ўз талаблари бор. Масалан, 15 фоиз давомат, 25 фоиз оралиқ имтиҳон, қолгани дарсдаги фаоллик ва якуний имтиҳон учун берилади. Лекин шу томони борки, бизда битта дарсларни қолдирган талаба кейинги дарсни ўзлаштириши қийин, чунки мавзулар ўртасида боғлиқлик бор”, – деди у.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида талабаларнинг ўқув машғулотларга қатнашиши ҳақида белгиланган тартиб бор. Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ва бу фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.

Аббос Хўжаевнинг изоҳлашича, кредит-модул тизими, “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси”, олийгоҳларга академик ва молиявий мустақиллик бериш жараёнлари янгилик бўлгани учун олдинги тизимнинг айрим тартиб-қоидалари ҳозирча маълум даражада сақланиб қолмоқда.

“Шунинг асосида давомат масаласи ҳам бирмунча вақт сақланади. Давомат юритишни бекор қилишни мониторинг натижалари кўрсатади. Келгусида давомат юритишга эҳтиёж қолмаган тақдирда у бекор қилинади”, – деди у.

Талабада фанларни танлаш ҳуқуқи бор

ECTS тизимида талаба учун мажбурий ва танлов фанлари блоки жорий қилинган. Талаба қайси соҳага ихтисослашувига кўра маълум фанларни ўзи танлаши мумкин.

“Кредит-модулда шахсий таълим траекторияси деган жойи бор, – дейди Аббос Хўжаев – танлов фанлари шу траектория учун муҳим. Масалан, қайсидир йўналиш бўйича 5та танлов фани бор. Ана шу 5танинг ҳар бирида 3-4та альтернатив фанлар бўлади. Талаба келгуси касби, режалаштираётган иш жойи, фаолият турига қараб ва буларга зарур бўладиган билим ва кўникмаларни ҳисобга олиб ана шу фанларни танлайди”.

Бундан кўринадики, талаба ўзи ўқиётган олийгоҳдан унга фанларни танлаш имконияти берилишини талаб қилишга ҳақли.

Етарли кредит йиғолмаган талаба тўлов қилиб, қайта ўқийди

Қарорда келтирилишича, академик қарздор талаба таътил вақтида ёки кейинги семестрларда ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос тўловни амалга оширади ва ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу нима дегани?

Олий таълим вазирлиги расмийси Аббос Хўжаевнинг тушунтиришича, талаба фанлардан етарли кредит тўплай олмаса, ўзлаштирилмаган кредитлар учун 1 марта тўлов қилиб, уларни “ёзги семестрда” қайта топшириради.

Талаба қуйидаги ҳолларда академик қарздор ҳисобланади:

– аудитория соатини 25 фоиз сабабсиз қолдирган бўлса;

– якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган бўлса;

– назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган бўлса.

Олийгоҳлар зиммасидаги мажбуриятни бажариши, пул тўлаётган талаба эса талаб қилиши керак

Хулоса ўрнида, кредит-модул тизими жорий қилинган олийгоҳда ўқийдиган талабага берилиши керак ва талаба олийгоҳдан талаб қилиши мумкин бўлган жиҳатларни умумлаштирамиз.

Талаба кейинчалик қайси соҳада ишлашига қараб, ўзи фан танлаш ҳуқуқига эга ва олийгоҳ талабага бундай имкониятни бериши шарт.

Талаба ўқитилаётган фан бўйича ҳам ўқитувчини ўзи танлаш ҳуқуқига эга ва олийгоҳ бунга шароит яратиб бериши шарт.

Талаба муайян мавзуларни мустақил ўзлаштира олишига ишонса, бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизигача миқдорда дарсларга келмасликка ҳақли. Агар бу 25 фоизга етса ёки ундан ошса, талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери