Жамият | 17:48 / 27.07.2021
39369
10 дақиқада ўқилади

Фарзанд кўрсангиз 10 000 АҚШ доллари — Норвегиядаги ўзбек оиласи билан суҳбат

Uzbeklife бир неча кун олдин ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Норвегияда яшаб тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган, Шаҳбоз Долимов ва унинг рафиқаси, OsloMET университети талабаси Нигина Жўраева билан суҳбат уюштирган эди.

Бугун унинг ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Бир давлатга бордингизми, 9 ойгача у ердан чиқиб кетманг”

Японияга 2012 йил кетганман. Ўқишга топширган вақтимда баъзи бир сабабларга кўра йиқилганман. Кейин чет элга кетиш истаги пайдо бўлди. Инглиз тили ўрганиб юрган пайтларим Япониянинг бир университетидан ўзбек талабалар келишган ва тақдимот қилиб беришган. Менга жуда маъқул бўлган бу. Кунчиқар мамлакат, бизнес, иқтисод модели бор давлат... Университетга топширганман ва грант ютиб, 4 йил у ерда бизнес администрацияси йўналишида ўқидим. Албатта, қийинчиликлар бўлган. Биринчидан, маданияти бошқача. Овқатларига мослашиш қийин бўлган. Янги давлатга чиққанингизда маданий шок бўлади ва бу депрессияга олиб келиши мумкин. Ўз инсонларингизни соғинишни бошлайсиз. Лекин маслаҳатим, бир давлатга бордингизми, 9 ой чиқиб кетманг. Мослашиш учун ўша ердан 9 ой кетманг. Сабр қилиш керак. Қатъиятли бўлмасангиз, нега борганингизни ўзингизга такрорлаб турмасангиз, сизга бошқа биров эслатмайди. Қолаверса, маҳаллий тилни ўрганиш жуда муҳим. Тил ўрганиб атрофни тушуна бошлайсиз. Кўпроқ дўстлар орттириш лозим. Япония таълим тизими дунё стандартларига жавоб беради. Лекин ҳайратланарли даражада бўлмаган. Мен ўқиган университетда 50 фоиз талабалар халқаро, 50 фоиз маҳаллий. Мана шу 50 фоизни 90дан ортиқ давлатдан келган талабалар ташкил қилади. Global citizen деган тушунча бор, халқаро фуқаро дейлик, университетда улар учун ҳамма шароитлар яратилган эди. Барчага бир йилдан кўпроқ муддат чет элда яшаб келишни тавсия қилган бўлардим. Мустақил ҳаётга қадам қўйишга пойдевор бўлади. Ҳар битта талабага бориб ишлашни маслаҳат бераман. Бу харажатларингизни қоплабгина қолмай, молиявий бошқарувни ҳам ўргатади. Талаба зўр ишда ишламаслиги мумкин. Шахсан мен идиш-товоқ ювишдан бошлаганман.

“Ўзимни ташқарида кўришни хоҳладим, Япония комфорт зонага айланган эди”

Япониядан кетишимга сабаб комфорт зона бўлиб қолгани эди. Ўзимни ташқарида кўришни хоҳладим. Иккинчидан, йўналишимни, ўзимни топа олмагандим ҳали. Магистратурага топшириш истаги бор эди. Бир профессоримиз келиб, Норвегияда яхши университет борлиги ҳақида айтдилар. Қандай давлат экан у деб кирганман. 2016 йил дунёнинг энг бахтли давлати Норвегия эди. Ўша йили ўқишга кирдим. Швеция, Дания ва Норвегияга топширганман ва Норвегияни танладим. У ерда паст бинолар, оддий кийимдаги одамлар, бу ерда қиммат машиналарни учратмайсиз. Қаерга келиб қолдим дер эдим бошида. 1 йилдан кейин нега бахтли давлат эканини тушунганман. Устозим бор, кўз шифокори Бекзод ака Тошбоев. Айтадиларки, бирор давлатга борсангиз, учта нарсага жиддий эътибор беринг: тиббиёт, таълим ва солиқ. Булар ривожланганми, демак у ривожланган давлат. Таълим тизимида устоз ва талаба ўртасида девор йўқ. Тиббиёт талаба учун текин. Солиқ тизимида қанча кўп даромад топсангиз, шунча кўп солиқ тўлайсиз. Лекин ишсизлик тўлови катта. Ишсизлик даражаси эса паст.

Бир одамни биламан, уни миллиардер деса ҳам бўлади. Лекин ишга автобусда келиб кетади. Бекзод аканинг яна бир гапларини келтираман, борган давлатингда бой ва камбағални ажрата олмасанг, сен тўғри давлатдасан. Дўстларим бор, катта-катта компанияларда ишлайди. Лекин улар билан бир жойга йиғилганимизда ишдаги статус, топадиган даромад унутилиб, дўстлик ўртага чиқади. Самимий суҳбатлар қурамиз.

“Норвегияга ўқишга бормоқчи бўлсангиз...”

Норвегияга ўқишга бормоқчи бўлсангиз, 13 минг доллар тайёр бўлиши керак. Икки хил университет бор: давлат ва хусусий. Хусусий университетларда контракт бор, давлат университетларида ўқиш текин. Давлат университетида университет ҳисобига 13 минг доллар қўйишингиз керак бўлади. Давлат ҳисоблаб чиққан, бир талаба учун яшаш, ейиш-ичиш, кийиниш учун бир йилда шунча пул кетаркан. Яъни давлатга келганингизда сиз оч қолмайсиз. Ўша тўлов чекини олиб, визага топширасиз. Ўзбекистондан кетаётган бўлсангиз, билет бир тарафга 500 доллар. ТТЖлар ўртача нархи 400–500 доллар. Олдиндан икки ойлик пулини тўлаган бўлишингиз керак. Ва ўртача ойига 500 доллар кетар эди. Оила бўлиб яшасангиз, оилалар учун ҳам талабалар ётоқхонаси бор. Ижарада туриш учун ўртача нарх — 1,5 минг доллар. Норвегияга бакалаврга бормоқчи бўлсангиз, сиздан бир йиллик бакалавр даражаси талаб қилинади. Ҳужжат топшириш сентябрдан декабргача бўлади. Феврал ойларида жавоб чиқади.

“Иш топишда анъанавийликдан қочиш керак”

Ўзингизни қаерда қулай ҳис қилсангиз, яхши қабул қилинсангиз ва яхши қабул қилсангиз бу иккинчи ватан бўлади. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашганмиз ва улар ҳам Норвегияда яшашни маъқуллаганлар. Норвегияда ўзбеклар кўп эмас. Лекин деярли ҳамма бир-бирини танийди. Бу ерда иш топишда рақобат жуда катта. Лекин бу ерда соғлом рақобат бор. Молиячилар, иқтисодчилар кўп. “Айтичи”ларга эса талаб катта. Иш топишда уялмаслик керак. Иш берувчига ходим, иккинчи томонга иш керак. Мен анъанавий тизимдан воз кечиб офисга борганман,. Бу позицияда одам борлигини айтишган. Лекин тинглаб кўришларини илтимос қилиб ўз имкониятларим билан таништирганман. 5 дақиқа ичида ютуқларимни айтганман. Ва улар алоҳида бир ўрин очишган. Анъанавийликдан қочишни тавсия қиламан. Масалан, ҳамма резюме юборганда мен видео юборганман.

“Ишсизлик нафақаси тўланади”

Ўша пайт ишлаётган компаниямда 90 фоиз одамни ишдан четлатишди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Лекин бу йил мен учун омадли келди дея оламан. Фарзандли бўлиб, унинг улғайишини кўриш имконим бўлди. Ишимни йўқотдим, лекин давлат менга аввал топган пулимнинг 65 фоизини бериб турди. Ишдан бўшаганингиздан кейин иш берувчи қоғоз беради. НАВ деган ташкилот бор, онлайн тарзда иш йўқотганингиз ҳақида маълумот тўлдирасиз. Кўриб чиқилиб, 2 йилгача охирги топган ойлигингизнинг 65 фоизини бериб туришади. Бир шарти бор: ҳар 14 кунда ишга топшираётганингиз ҳақида ҳисобот бериб туришингиз керак бўлади.

“Юртимиздаги ўзгаришлардан хурсанд бўлдим”

Ўзбекистондаги бизнесимга ҳафтасига 2-4 соатгача ажратаман. Ишонган бошқарувчиларим ҳалол, масофадан бошқариш қийин эмас. асосий иштироким – стратегик мақсадларда. Агар менга имконият берилганда Норвегиядаги рақамлаштириш ва солиқ тизимини юртимизга олиб кирган бўлардим. Ҳамма нарса онлайн. Ҳаттоки ҳар бир инсоннинг рақами бор. Ҳамма маълумот шу рақамга жамланган. Барча ерда сизнинг рақамингиз сўралади. Юртимизда ҳам рақамлаштириш сиёсати кетяпти, дейилмоқда. Бу жуда яхши нарса. Яқинда бир кунда ID олдим, бир кунда Ягона дарчадан “права”ни тайёрлаб беришди, ҳайрон қолдим ҳам хурсанд бўлдим. Бундай тез ҳал бўладиган ишлардан хурсанд бўламиз. Аввал келгим ҳам келмасди, тўғриси. Янгиланиш жараёнида аҳолида норозилик кўп бўлади. Ўзгаришлар бўлаётган пайтда шундай бўлади. Норвегияда ҳам камчиликлар йўқ эмас. Масалан, ота-она фарзанди учун қаттиқ назорат остида бўлади. Овқатларини соғинамиз. Яқинда бир ўзбек оиласи яхши бизнес қилишди. Улар уйда ўзбек овқатларини тайёрлаб сотишяпти. Ресторан очиш ниятлари бор.

Нигина Жўраева:

“Манфаат учун эмас, инсон бўлганингиз учун муносабат қуришади”

Норвегияга 14-15 ёшимда кетганман. У ерда лицейни тамомлаб, университетга кирдим ва ҳозир ҳам талабаман. Норвегия халқи жуда содда, улар манфаат учун эмас, инсон бўлганингиз учун сиз билан муносабат қуради. Бу ерда уй олиш учун кўп йиллар ҳаракат қилдик ва сотиб олдик. 15 фоизни бошланғич тўлов сифатида тўлашингиз керак. Кейин ҳар ой ижарага тўланган пулни уй учун тўлайсиз. Пандемия бошида ҳамма қўрқди. 1-2 ой ҳамма уйда ўтирди. Лекин ёз ойларига бориб очилди. Чунки ҳамма ишсиз қолганди. Ўша йил мен фарзандли бўлдим. Таълимда бўлажак оналарга академик таътил олиш имконияти бор. Агар аёллар ишламайдиган бўлса ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасидан кейин 10 минг доллар тўлаб берилади. Агар аввал ишлаб юрган бўлсангиз, ойлигингизнинг саксон фоизини тўлаб беришади ҳар ойда. Фарзанд дунёга келгач, ҳар ой тиббий кўрик бўлади. Норвегияда 10 ойлик болани ҳам боғчага бериш мумкин. Фақат тезроқ сўров бериш керак бўлади, чунки навбат кўп. Бола 6 ёшгача боғчага боради кейин мактабга ариза топширилади. Аҳолининг катта қисми фарзандини давлат мактабига беради. Камчилик хусусий мактабга беради, улар боласи инглиз тилида ўқишини хоҳлашади. Давлат мактабида таълим норвег тилида. Ишчи тиллар инглиз ва норвег тиллари.

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Улуғбек Исматов суҳбатлашди

Мавзуга оид