Ўзбекистон | 21:43 / 30.11.2021
66217
1 дақиқада ўқилади

Фуқаро Mercedes Benz S500 автомобилини Тошкент шаҳар ҳокимлигига совға қилди

Фуқаро Латипова Зиёда Баҳромовна ўзига тегишли Mercedes-Benz S500 Hybrid русумли автомобилни Тошкент шаҳар ҳокимлигига беғараз тақдим этди.

Фото: Electric Vehicle Web

Шаҳар ҳокимининг 30 ноябрдаги қарори билан фуқаронинг таклифи маъқулланди ва автомобил ҳокимлик балансига қабул қилинди. E-qaror платформасига жойланган ҳужжатга Telegram'даги “Ҳоким қарори” канали эътибор қаратди.

Қарорда автомобил қора рангда экани, “01 M 798 HM” давлат рақам белгисига эгалиги қайд этилган; ишлаб чиқарилган йилига аниқлик киритилмаган.

Ҳам бензин, ҳам электр зарядида ҳаракатланувчи Mercedes-Benz S500 гибрид модели 2014 йилдан сотувга чиққан.

Avtoelon.uz сайтига 30 ноябр куни жойланган эълонда 2021 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 500 русумли автомобил 223 минг еврога нархланган. Эълон муаллифи ўзини Mercedes-Benz'нинг расмий дилери деб таништирган.

  • Пойтахт ҳокимининг қарорига асосан, ҳокимликнинг ишлар бошқармасига машинани техник кўрикдан ўтказиб, ундан самарали фойдаланиш чораларини кўриш топширилган.
  • Шаҳар молия бошқармасига бу автомобилни сақлаш харажатларини 2022 йилги маҳаллий бюджетга киритиш вазифаси юклатилган.

Мавзуга оид