Жамият | 12:21 / 05.02.2021
9891
2 дақиқада ўқилади

14 кишини Европага ишга юборишни ваъда қилиб, Украинада текинга ишлатган фирибгарларга жиноий иш очилди

14 нафар ўзбекистонликни Украинага ойига 500 доллар ойлик тўланадиган қурилиш ишларида ишлаб, кейин Европа давлатларига ишга ўтказиб беришни ваъда қилиб, уларни чув туширган фирибгарларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан жабрланувчиларнинг мурожаати асосида ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар М.А. ва С.С. олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг ишончига кириб, уларни Европа давлатларига ойига 2000-3000 доллар тўланадиган ишга юбориш ҳамда ишчи визаларини олиб бериш эвазига 5500 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Бундан ташқари, С.С. ва бошқалар 2019 йилнинг ноябр ойида 14 нафар фуқарони Украинанинг Киев шаҳрида ойига 500 доллар ойлик тўланадиган қурилиш ишларига жойлаб, кейин Европа давлатларига ишга ўтказиб беришга ишонтиришган. Бироқ уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, Киевдаги қурилиш фирмасида уларнинг паспортини олиб қўйиб, 75 кун давомида оғир меҳнат шароитларида ишлатишган. Шунингдек, 17 500 доллар миқдоридаги иш ҳақларини бермай алдаб келишган.

Шундан сўнг ушбу фуқароларни Беларуснинг Гомель шаҳрига ва Россиянинг Москва шаҳрига олиб боришиб, шу ердан Европага ишчи визасини олиб бериш ҳақида такроран чув туширишган. Натижада ўзбекистонликлар мазкур давлатларда ишсиз юриб, турли қийинчиликларга дучор бўлишган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролар М.А., С.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», – дейилади Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотда.

Мавзуга оид