Ўзбекистон | 16:38 / 30.01.2021
23649
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия тизими йўлга қўйилиши кутилмоқда

Пенсия жамғармаси раҳбари Абдулазиз Ҳайдаров журналистлар билан суҳбатда янги жорий этилиши кутилаётган жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳақида қисқача маълумот берди. 

29 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири ташкилот раҳбарига жамғариб бориладиган пенсия тизимининг афзаллиги нималарда экани тўғрисидаги савол билан юзланди.

Мутасадди сўзларига кўра, бу тизимда фуқаролар жамғарган маблағларини келгуси ҳаётлари учун инвестиция қилиши мумкин.

«Бизнинг асосий мақсадимиз фуқаро эртага пенсияга чиққанда, унга жамғарган суммаларини инвестиция қилиш тизимини йўлга қўймоқчимиз. Масалан, фуқаро 25-30 ёшдан тўловни бошласа, 60 ёшга етганда ўзига қарилигини таъминлайдиган маблағ жамлаши керак.

Бунинг учун унинг маблағлари ишлаши керак. У учун маблағларни инфляциядан кам бўлмаган миқдорда индексация қилиш лозим. Бу энг минимал кўрсаткич. Лекин биз ундан ҳам кўп миқдорда маблағни кўпайтириб бориш механизми ҳақида ўйлаяпмиз. Яъни ҳеч қанақа иш қилмасдан қўлида яхши қариликни таъминлайдиган маблағ бўлиши керак. 

Масалан, нимага хорижий давлатлар фуқаролари пенсияга чиққач бошқа давлатларни айланиб, саёҳат қилиб юради? Улар бошқа нарса ҳақида ўйлашмайди. Чунки қўлига кафолатланган маблағни олиб бемалол қарилик гаштини суради.

Бизнинг ҳам жамғариб борадиган тизимимиз шуни назарда тутяпти. Бизлар қандай қилиб йиғиладиган маблағни инвестиция қилиш, ўзидан ўзи даромадни кўпайтириш механизми ҳақида ўйлаяпмиз», – деди жамғарма директори.

Аввалроқ пенсия тизимида бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани, бу бўйича махсус концепция ишлаб чиқилаётгани хабар қилинганди.

Янги тизим яратиш режасида уч босқичли пенсия тизимига ўтиш, минимал пенсия миқдорларини босқичма-босқич ошириб бориш, минимал иш стажини бажарган фуқароларга кафолатланган пенсия миқдорини таъминлаб бериш, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган даромаднинг юқори чегарасини босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилган.

Жамғарма маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 8 минг нафардан ортиб, аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилди. Шундан 3 миллион 400 минг нафардан ортиғи пенсия, 400 минг нафардан зиёди нафақа олувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2020 йилда 333 минг 450 нафар фуқароларга пенсия ва нафақалар тайинланди. Шундан 275 минг 109 нафарига пенсия ва 58 минг 341 нафарига нафақа тайинланди.

Мавзуга оид