Жаҳон | 11:03 / 08.06.2024
4310
2 дақиқада ўқилади

Путин ишлаётган фуқароларга пенсия индексациясини қайтаришни таклиф қилди

Владимир Путиннинг сўзларига кўра, ишлайдиган пенсионерлар учун пенсияларни индексация қилиш мамлакатда ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал этади.

Фото: gg34.ru

Владимир Путин 7 июн, жума куни Петербург халқаро иқтисодий форумидаги («ПМЭФ») нутқи давомида Россия Федерацияси Давлат думасини ишлаётган пенсионерлар учун пенсияларни индексация этишни янгиловчи қонунни қабул қилишга чақирди.

«2025 йил 1 февралдан бошлаб нафақат пенсияга чиққанлар, балки ишлашда давом этаётганлар учун ҳам пенсиялар ҳар йили оширилади», — деди Россия президенти. Шу билан бирга, Путин ишлайдиган пенсионерларнинг пенсияларини индексация қилиш бюджетдан қўшимча харажатларни талаб қилишини таъкидлади, аммо бу чора, унинг сўзларига кўра, мамлакатда ишчи кучи танқислиги муаммосини ҳал этади ва юқори малакали мутахассисларнинг пенсияга чиқишининг олдини олади. 

Россия Ижтимоий жамғармасининг маълумотларига кўра, 2024 йил 1 март ҳолатига кўра, Россия Федерациясида пенсионерлар сони 41 миллион кишини ташкил этди: уларнинг 18,8 фоизи (тахминан 8 миллион киши) ишлайдиган пенсионерлар ва 81,2 фоизи (33 миллион киши) ишламайдиганлар. Ишлайдиган пенсионерлар учун ўртача пенсия миқдори 17,3 минг рублни, ишламайдиган пенсионерлар учун - 21 минг рублни ташкил этди. 

2016 йилда ишлайдиган пенсионерлар учун индексация бекор қилинди

Путин 2016 йил 1 февралдан Россияда ишлайдиган пенсионерларга пенсия тўловларини индексация этишни бекор қилган. Мораторий федерал бюджет ва Пенсия жамғармаси бюджетини мувозанатлаш учун вақтинчалик чора сифатида киритилган. 

Ўшандан бери Давлат думаси ва Федерация кенгашида кам иш ҳақи билан ишлайдиган пенсионерлар учун пенсияларни индексация қилишга қайтиш бўйича таклифлар бир неча бор киритилган, аммо расмийлар бу масала бўйича умумий келишувга эришмаган. 2023 йил 1 августдан бошлаб ишлайдиган пенсионерлар учун пенсиялар қайта ҳисоблаб чиқилди. Максимал ҳисоблаш миқдори тахминан 370 рублни ташкил этди.

Мавзуга оид