«Жойлардаги муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътибори қаратилмоқда» – Президент ОАВ ходимларига табрик йўллади
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллади.
Муҳтарам дўстлар!
Барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларга аёнки, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.
Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, уларнинг веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.
Охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.
Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир.
Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда.
Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда.
Бу борадаги энг асосий вазифа – ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборат.
Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.
Биз бўлғуси журналистларимиз чуқур билим ва касб маҳоратини, она тилимиз билан бирга чет тилларни, фаол фуқаролик позициясини, ахборот-коммуникация технологиялари, нотиқлик малакасини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Ана шундай етук кадрларни тайёрлашда энг аввало ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта натижа бўлади. Бу борада жадидлар, хусусан, бу йил 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Сиз азизларнинг бугунги касб байрамингиз баҳона бир эзгу таклифни илгари сурмоқчиман. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этсак, ўйлайманки, бу ҳам ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Шунингдек, айни вақтда жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.
Муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларни ва сизларнинг ижод маҳсулингиздан баҳраманд бўладиган жамики муштарий ва мухлисларингизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Мавзуга оид
21:19 / 21.12.2024
Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
15:00 / 21.12.2024