Иқтисодиёт | 00:06 / 22.04.2020
31410
8 дақиқада ўқилади

Америка нефти яна плюсга чиқди. Инқироз тугадими?

20 апрель куни Нью-Йорк биржасида бутун дунёни ҳайратга солиб WTI навидаги нефть нархи -40 долларгача тушиб кетди. Тўғрироғи, май ойида етказиб бериш бўйича фьючерслар нархи (агар буни нарх деб бўлса) шу қадар пастга шўнғиганди. Шу куни биржа савдолари WTI нархи -25 доллар бўлган ҳолда якунланди. Аммо 21 апрель куни нархлар яна мусбат қийматга кўтарилди. Демак нефть инқирози тугади, деса бўладими?

Фото: Reuters

Аввало бир нарсани тушуниш керак: Кечаги савдоларда ҳеч ким нефтни кўчага чиқариб қўйиб «Олинг, эвазига пул берамиз», дегани йўқ. Бочкадаги қора қуюқ кўринишда бўладиган нефть хом ашёси эмас, май ойида етказиб бериш бўйича фьючерс қоғозларининг нархи манфий қийматга тушиб кетди. Фьючерс бу – биржадаги молиявий ҳужжат бўлиб, у олди-сотди шартномаси ҳисобланади. Фьючерсда товарларнинг ҳажми эмас, фақат етказиб бериш вақти келишилган бўлади.

Кечаги савдоларда айнан май ойида етказиб бериш бўйича фьючерслар нархи пастлаб кетди. Май ойи учун фьючерслар муддати 21 апрель куни якунланарди. Шу боис нефть ҳеч кимга керак бўлмаган бугунги кунда инвесторлар фьючерсларнинг амал қилиш муддати тугаши арафасида омборлардаги нефтдан қутулишга мажбур бўлишди. Омборларга ижара пули тўлашдан кўра уни олиб кетганларга пул бериш арзонроқ тушгани сабаб нарх манфийга қараб кетган.

Гап шундаки, АҚШ бозорларида, айниқса биржада иқтисодиёт шунчалик автоматлашиб кетганки, у баъзан реал ҳаётга ҳам мос келмай қолади. Кеча айнан мана шундай воқеа содир бўлди ва нефть манфий қийматга тушиб кетди. Ҳозир нефть омборлари тўлиб кетди. АҚШ ва Сингапурдаги асосий омборларга талаб шунчалик каттаки, уларда маҳсулот сақлаш учун нархлар икки баравар қимматлаб кетган. Йўқ, улар атайин нархни кўтаришмаган, жаҳон бозорида нарх-наво таклиф асосида ўзгаради. Ҳозир омборларга талаб катта.

Июнь ойида нефтга бўлган талаб бироз ортиши мумкинлиги ҳисобида июнда етказиб бериш бўйича савдоларда WTI 22 долларгача сотилган. Бугунги савдолар бошида 26 доллардан сотилган Brent навли нефть нархи ҳам пастлади. Олий навли бу нефтнинг 1 баррели 2002 йилдан буён илк марта 19 доллардан пастлади. Техас нефтининг пастлаши табиийки қолган навдаги хом ашё нархига ҳам таъсир қилмай қолмади. Россиянинг Urals нефтининг 1 баррели -2 долларгача тушиб кетди. Вақтинча, албатта.

Пулингиз бўлса, танкер олинг

Энди танкерлар ташиш учун эмас, нефтни сақлаш учун фойдаланилмоқда - нархлар ўсгунча улар очиқ денгизда қолади / REUTERS

Омборлар нефть билан тўлиб тошгандан сўнг нефть сотувчи корхоналар хом ашёни денгиздаги танкерларда ҳам сақлашда мажбур бўлишмоқда. Айни дамда денгизлардаги танкерларда 160 миллион баррель нефть борлиги айтилди. Улар нефтни ҳеч қаерга ташимай сузма омбор вазифасини бажармоқда.

Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. 2008 йилги жаҳон молиявий инқирози вақтида танкерларда максимум 100 миллион баррель нефть сақланган. Ҳозир ҳар бирига 2 миллион баррель нефть сақлаш мумкин бўлган дунёдаги 770та супертанкер «омон-омон» даврлар келгунига қадар денгизда қолиши мумкин.

Айни дамда дунёдаги нефть омборларининг тўртдан уч қисми тўлган. Ўша бир қисмда ҳам 1 миллиард баррель нефть сақлаш мумкин. Бу эса инқирозгача бўлган даврда кунлик дунё эҳтиёжидан 10 баравар кўп дегани. Ҳозир эса талаб деярли йўқ. Омборларни тўлиқ тўлдириб бўлмайди, чунки қазиб олинаётган нефтни қўйиш учун жой керак. Қазиб олишни эса тўхтатиш имконсиз, аввало мижозлар қочиб кетади, бундан ташқари қудуқларни ёпиб яна очиш мижозларга бепул нефть тарқатгандан қимматроқ тушади. Қудуқлардан нефть қочиши ҳам мумкин. Ҳа, нефть савдоси мана шундай реалликдан узоқ бўлган даражада ғалати.

Америка нефть бозори учун «қора душанба»га айланган савдоларда нарх манфийга қараб кетганининг асосий сабаби талабнинг камлиги. Айни дамда талаб 30 фоизга камайган. Яъни, нефтни қайта ишловчи корхоналар ҳар куни 30 миллион баррель ортиқча нефтни қаердадир сақлашга мажбур. Юқорида айтганимиздек, қимматлашган омборларда нефть сақлагандан кўра уни текинга, керак бўлса пул бериб тарқатган афзал бўлиб қолди.

АҚШ нима қилади?

Америкада бозор иқтисодиёти шунчалар эркинлашиб кетганки, давлат қайсидир секторни назорат қилиши мумкин деган тушунча ҳам эсдан чиққан. Ахир айнан шу эркинлик сабаб бу давлат Америка бўлган-да! Шу боис ҳозир Оқ уй нимадир қилиб нефтни қиммат қилиб юбора олмайди, бунга ҳаракат ҳам қилмайди.

Трамп бундай вақтда нима қилиш мумкинлигини айтди. Унга кўра, мамлакат узоқ йиллардан буён илк марта 75 миллион баррель нефть билан федерал захираларини тўлдириб олади. Албатта, -40 доллар эвазига эмас. Бу омборлар АҚШда «стратегик захира» деб аталади. Дарвоқе, Хитой ҳам 80-100 миллион баррель нефть олиб омборларини тўлдиришни мақсад қилгани айтилмоқда. Баъзи манбалар Жанубий Корея ҳам бу улгуржи харидларга қўшилиши мумкинлигини ёзишди. Бу гигант мамлакатлар уч ой ичида миллий захираларини умумий 200 миллион баррелгача тўлдириб олиши мумкин.

Бундан ташқари, Оқ уй нефть корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар учун пулни аямоқчи эмас. АҚШ ҳеч қачон ўз тадбиркорларини ёлғизлатиб қўймайди ва бу мамлакатнинг ўзига хослиги ҳам мана шунда.

Аниқ сабаблар ҳам бор

Кўпчилик нефть нархининг манфийга қараб кетганида талабнинг камлиги деган қайсидир маънода мавҳум сабабни келтирмоқда. Аммо нефть бу қадар қадрсизланишининг аниқ сабаблари ҳам йўқ эмас. Масалан, Саудия Арабистони мартнинг охирги кунида нефть қазиб олиш бўйича рекорд ўрнатди. 31 март тунда Саудия тарихида илк марта кунига 12 миллион баррель нефть қазиб олинди. Эртасига рекорд яна янгиланди: 12,111 миллион баррель. Ниҳоят бу кўрсаткич 12,323 миллион баррелгача етди.

Маълумот учун, бу Япония, Германия, Франция, Буюк Британия, Испания ва Италия каби саноат ривожланган йирик давлатларнинг бир кунлик эҳтиёжидан ҳам кўпроқ дегани.

Саудия нефть қазиб олиш темпини туширмай бозорга ҳаддан ташқари кўп нефть чиқарди. АҚШга ҳам 7та супертанкерда нефть юборилди. Мана шу ҳам бозордаги нархларнинг реалликдан узоқлашиб кетишига сабаб бўлди.

Келажакда нефть қимматлаб кетиши мумкин

 

Хитой портидаги супертанкер / REUTERS

Ҳозир нефть қадрсизланиб, унга боғлиқ корхоналар зарар кўрмоқда. Улар катта-катта кредит олишга, қарз бўлишга мажбур. Баъзи нефть корхоналари эса банкрот бўлишга ҳам улгурди. Бундай ҳолатда ҳозир кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаётган бир нарсани тахмин қилиш мумкин. Ҳаммаси ўз изига тушиб, нефтга талаб юқори даражага чиқса, унинг нархи кескин кўтарилиши ҳеч гап эмас. Ахир нефть корхоналари ўз соҳаларида юз берган тарихдаги энг йирик инқирозни бошдан кечиришди. Бу инқироздан чиқиб кетгач, улар аста-секин кўрган зарарларини қоплаш ҳақида ўйлай бошлашлари табиий.

Бундай вақтда нефть экспорт қиладиган давлатлар принципиалликни ҳам унутиб, бирлашишни ва бозорда нефтни камайтириб, «қора кунлар»даги зарарларни қоплаш ҳақида биргалашиб ўйлашларини тахмин қилса бўлади.

Мавзуга оид