Ўзбекистон | 21:56 / 20.09.2023
14469
3 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳри ҳокими ўзини 75 млн сўм билан мукофотлаганди. Ушбу қарор бекор бўлди

Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини рағбатлантириш учун 75 млн сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарганди. Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, ҳокимлик расмий муносабат билдириб, ҳокимнинг ишини оқлашга уринди. Аммо рағбатлантириш қарори Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасига кўра бекор қилинган. 

Нормўмин Холбоев

Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев 2023 йил 25 август куни ўзини рағбатлантириш учун маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарди

Қарорда ҳокимликнинг 2023 йилдаги захира маблағлари ҳисобидан “Энг ташаббускор сектор” дея эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш “харажатларига 75 млн сўм маблағ ажратиш белгиланган.

Шаҳар ҳокимининг қарорига Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори асос қилиб олинган.

Ҳолатга шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат берди. Унда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори билан тасдиқланган Низомга асосан “Энг намунали сектор” ва “Энг ташаббускор сектор”ни аниқлаш ҳамда ғолиб бўлган секторларни моддий рағбатлантириш тартиби белгиланган.

Мазкур тартибга кўра, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 1 мартдаги йиғилиш баёнига асосан 2022 йил якуни бўйича самарадорлиги юқори баҳоланган сектор раҳбарлари орасида Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари вилоятда энг юқори кўрсаткичга эга секторлар учлигига киритилиб, “Энг ташаббускор сектор”, деб эътироф этилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 536-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг 2023 йил 16 февралдаги алоқа хати ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 24 августдаги вилоятда “Энг ташаббускор сектор” деб эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тўғрисидаги кўрсатма хатига асосан 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш харажатлари учун белгиланган тартибда маблағ ажратилган”, дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.  

Бироқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумот беришича, Қарши шаҳри ҳокимининг қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинган. Шу сабабли, агентлик томонидан Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган. 

Рағбатлантириш тўғрисидаги қарор тақдимномага асосан Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2023 йил 19 сентябр кунги қарори билан бекор қилинган. 

Шунингдек, мазкур ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга тегишли қонуний чора кўриш учун Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилгани айтилмоқда. 

Мавзуга оид