Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши керакми? — мутахассис фикри
Ҳар бир, маълум сиёсий ва иқтисодий қудратга эга бўлган давлат ўзининг халқаро ўрнини юқорилатишга уринади — сиёсий ва иқтисодий нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Бунга табиий ҳол ўлароқ қарамоқ лозим. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) тузилган пайтда ҳам бу каби мақсадлар кўзланганига шубҳа йўқ — минтақанинг энг қудратли давлати — Россия Федерацияси минтақа давлатлари, хусусан, Марказий Осиё минтақасида ўз манфаатларини «юрғизиш»ни мақсад қилганига ҳеч бир сиёсий ёхуд иқтисодий таҳлилчи шубҳа қилмайди.
Хўш, биз ЕОИИга киришимиз керакми? Унга аъзолик бизга нима беради ва биз нимани йўқотамиз? Бу саволлар устида бироз фикр юритамиз.
I. Қисқача кириш
ЕОИИга аъзолик масаласи илк бор президентимизнинг Сенат мажлисидаги нутқида янгради. Шундан кейин таниқли иқтисодчи мутахассислар масалага доир ўз фикрларини айтишди. Эндиликда ҳуқуқшуносларнинг ҳам фикр билдириш пайти келди, деб ўйлайман. Чунки ЕОИИ авваламбор қонун-қоидаларга асосланган, Европа иттифоқининг ташкилий шаклини маълум даражада ўзига ўрнак олган ташкилот бўлиб, унга аъзо бўлиш ҳуқуқ ва мажбуриятларни тақозо қилади.
ЕОИИ ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, Россия, Беларусь, Қозоғистон 2011 йилдан божхона иттифоқи, 2015 йилдан бошлаб эса иқтисодий иттифоқни ташкил этишган. Унга 2015 йилда Қирғизистон ва Арманистон давлатлари аъзо бўлиб кирган. Евроосиё иқтисодий интеграцияси марказида маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва меҳнат кучи учун ягона бозорни ташкил этиш ётади. Ташкилотнинг низоларни ҳал этувчи алоҳида суди, Евроосиё тараққиёт банки, шунингдек, Барқарорлик ва ривожланиш жамғармаси мавжуд.
Ҳозирда Ўзбекистон икки фронтда эркин савдо борасида жадал музокаралар юритмоқда: Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ва Европа иттифоқи билан кенгайтирилган битим тузиш масалалари.
Президент берган ишорасидан биз учун Европа иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилоти билан музокаралар тугаганидан сўнг энг муҳим масала бу — энг аввало МДҲ давлатлари бозорига кириш эканлигини тахмин қилсак бўлади. Энг камида, мен шундай тушундим.
II. ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойдалари
Катта бозор. Авваламбор, ЕОИИга аъзолик биз учун 182 миллиондан ошиқроқ инсон истиқомат қилувчи, қиймати эса 1 триллион 587 миллиард АҚШ долларига тенг бозорга кириш имконини беради. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин.
ЕОИИ маҳсулотларга қўйиладиган техникавий, санитария, ветеринария ва фитосанитария стандартлари ва нормаларини учинчи давлатларга нисбатан маълум даражада қаттиққўллик билан татбиқ этмоқда. Бизнинг тадбиркорларимиз шу сабабдан юртимиз маҳсулотларини ЕОИИ бозорига киритишга қийналишмоқда.
Саидорифхон Саидазимов, маргарин ва сариёғ экспорти билан шуғулланувчи «Mega Prodex» корхонаси раҳбари:
«Яқинда биз ўз маҳсулотимизни Қозоғистонга экспорт қилишга уриндик. У ерда, содда қилиб айтганда, Ўзбекистон маҳсулотига тақиқ қўйишди. 2015 йилда Россиянинг Тула шаҳрида ўзбек маҳсулотида вирусли касаллик топишган экан. Ўшандан бери бизнинг сут, маргарин, сариёғ ва бошқа чорва маҳсулотларимиз импортига тақиқ қўйилган экан. Рухсат ололмаяпмиз.
Биз Қирғизистонга маргарин экспорт қилар эдик. Аммо яқинда Божхона иттифоқи конвенция қабул қилди — энди, масалан, Қозоғистон бирор нарсага тақиқ қўйса, бу тақиқни бошқа аъзо давлатлар тан олишади. Улар тарифларни ўзгартиришмайди, шунчаки ветеринар назорат оддий қоғоз билан ўзбек сути, гўшти, колбасаси, маргарини учун МДҲ бозорларининг эшигини ёпиб қўяди. Бизнинг маҳсулотимиз 2–3 баробар арзон. Улар, оддий қилиб айтганда, ўз бозорларини ҳимоя қилишади».
Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириб боради ва тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар вужудга келади. Бунинг натижасида, ЕОИИ бозорини кўзлаган хорижий инвестициялар оқими юзага келиши мумкин. Зеро, шу пайтгача 33 миллионлик бозор учун ишлаб келинган бўлса, ЕОИИга кириш натижасида 200 миллион кишилик бозорга ҳеч қандай божларсиз кириш имкони пайдо бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг инвестициялар учун жозибадорлигини оширади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ЕОИИга аъзо мамлакатлар улуши 25–30 фоизни ташкил этади. Бошқача сўз билан айтганда, юртимиз ҳали аъзо бўлиб улгурмасидан, ЕОИИ биз учун энг катта ташқи савдо ҳамкори бўлиб турибди. ЕОИИга кириш бу кўрсаткични шаксиз юқорилатади. Бундан ташқари, ЕОИИга азо давлатларнинг маҳсулотлари бозоримизга кириб келиши рақобатнинг кучайишига хизмат қилади. Бундай рақобат эса истеъмолчи учун яхши.
Нотариф тўсиқлар камайиши. Халқаро савдо муносабатларида тариф (божлар билан) савдо алоқалари тўсилишига қанчалик муаммо деб қаралса, нотариф тўсиқларга ҳам шундай қаралади. Жаҳон савдо ташкилотининг «аждоди» бўлмиш ГАТТ пайтидаёқ бундай муаммо юзага келган — нотариф тўсиқлар — турли хил сертификатлар, стандартлар, қарор ва фармонлар орқали ўзаро савдога халақит берувчи, рақобатни бузувчи нарх белгилашга оид тўсиқлар юзага келган. Ҳозирги ЕОИИ ҳудудидаги жами экспорт қиймати ичида нотариф тўсиқлар юки 15–30 фоиз экани ҳақида илмий таҳлиллар мавжуд.
Тасаввур қилинг, сиз бир маҳсулотни 100 рублга Россияга экспорт қиляпсиз ва унинг таннархи ичидаги 15–30 рубль турли-туман тўсиқларни ошиб ўтиш учун сарфланади. Бу жуда катта миқдор. ЕОИИнинг ичида тўсиқлар бу даражада бўлса, учинчи давлатлар учун қай даражада бўлишини тасаввур этса бўлади. Ўзбекистон ЕОИИга қабул қилинса унга аъзо 5 давлат билан стандартларни бирлаштириш орқали чегаралардаги ортиқча текширув ва улардан келиб чиқадиган вақт исрофининг олдини олиш мумкин. Экспорт қилувчиларимиз маҳсулотларини ЕОИИ ҳудудига анча эркин чиқариши мумкин бўлади.
Меҳнат мигрантларимиз учун қулай шароит. ЕОИИга аъзо мамлакатлар меҳнат мигрантлари учун лицензия ва рухсат олиш талабларини ўзаро жиддий камайтиришган ҳамда ишлаш мамлакатида қолиш муддатини узайтиришган. Агар мигрант ишчи расмий равишда ишга ёлланган бўлса, унда унинг фарзандлари ўша мамлакатдаги боғча ва мактабларда ўқиши мумкин бўлади, шунингдек унинг барча оила аъзолари мажбурий тиббий суғурта билан қамраб олинади. Барча (фармацевтика, тиббиёт, ҳуқуқ ва педагогика соҳаларидан ташқари) дипломлар ўзаро тан олинади. Демак, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса муҳандислик соҳасида университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқароси Россия ёки Қозоғистонга бориб, у ердаги фуқаролар билан тенг шароитларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Пенсия таъминоти каби ҳал этилмаган муаммолар мавжуд бўлса-да, умумий меҳнат бозорининг ЕОИИда бирмунча шаклланганини тан олиш зарур.
Бошқа томондан, юртимизга инвестиция оқими кўпайиши натижасида фаол қўл меҳнатини талаб этувчи соҳаларга инвестиция оқими кучайиб (labour-intensive sectors), натижада ишчи ўринлари кўпайиши ва бунинг натижасида ташқи миграция камайиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳали ЕОИИга кириш билан хорижий инвестициялар оқимининг ўсиши орасидаги боғлиқлик ҳали етарлича ўрганилгани йўқ. Шунинг учун бу масалада қатъий бир фикр айтиш қийин.
Қоидаларга асосланган халқаро муносабат. Россия ва Қозоғистон каби минтақанинг иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатлари билан икки томонлама эмас, балки институтлашган-ҳуқуқий меъёрлар орқали алоқаларимизни қайтадан тартибга солиш имконига эга бўламиз — ҳамма учун тенг, очиқ ва шаффоф, низоларни ҳал этиш механизмига эга ташкилотга кириш нисбатан кичик ва иқтисодий жиҳатдан ҳали қудратли бўлмаган мамлакатлар учун бу фойдадан холи бўлмайди. Россия каби давлат ўз манфаатлари йўлида баъзан ЕОИИ қоидаларини бузган тақдирда ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари иттифоққа қўшилса, ташкилот ичидаги Марказий Осиё давлатларининг вазни ортади ва аъзо давлатларнинг қоидабузарлигини камайтириш мумкин бўлади.
ЕОИИнинг ривожланиш жараёнида иштирок этиш имконига эга бўламиз. ЕОИИ бу эркин иқтисодий ҳудуд бўлиб, аъзо мамлакатларнинг ташқи божхона сиёсатини мувофиқлаштиради. Шундай экан, ЕОИИга аъзо давлатлар учинчи мамлакатлар ёки шундай иттифоқлар билан эркин битимлар туза олади. Ҳозиргача ЕОИИнинг Вьетнам билан шундай битими мавжуд. Миср, Эрон, Исроил ва Ҳиндистон каби давлатлар билан эса эркин битимлар тузиш борасида ишлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, ЕОИИ умумий энергия бозори, умумий акциз маҳсулотлари бозори (алкоголь ва тамаки), умумий аудиторлик хизматлари бозори, умумий пул бирлиги бозори каби муҳим ўзгаришларни ҳам кўриб чиқиши кутиляпти. Ўз вақтида ЕОИИга азолик бундан кейинги ташқи савдо алоқаларининг ривожланишида ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишида катта рол ўйнайди. ЕОИИга киришни кечиктирсак, мазкур жараёнларда иштирок этишдан мосуво бўламиз, шаклланиб бўлган тизимни қабул қилишга мажбур бўламиз.
Яна бир муҳим омил бу — давлат институтлари ишлашининг яхшиланиши. Россия, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатлар билан яқиндан ишлаш давлат хизматчиларимизнинг даражаси юксалишига ва давлат институтлари томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳа ва хизматлар сифати яхшиланишига олиб келади. Бунга мисол — 1973 йилда Кариб ҳавзасидаги 15та давлатнинг интеграциялашуви ўзаро савдодан ҳам кўра давлат институтларининг самарадорлиги ўсишига олиб келган.
III. ЕОИИга киришнинг салбий томонлари
Протекционистик тарифлар. Иттифоқ амалда Россиянинг ташқи бож сиёсатини ўзида акс этган бир томонлама эркин бозор ҳудуди бўлиб, Жаҳон савдо ташкилотига кирганимиз тақдирда ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон каби божларни кўтаришга мажбур бўламиз. Бу эса юртимизга келадиган техника ва технологиялар нархи қимматлашувига сабаб бўлади.
ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида Арманистон ва Қирғизистоннинг ташқи божлари кўтарилиши
Илмий таҳлиллар орасида айниқса Арманистон ва Қозоғистоннинг ЕОИИга кириши уларнинг иқтисодига манфий таъсир кўрсатгани борасида таҳлиллар ҳам мавжудлигини қайд этиш зарур.
Иттифоқнинг ташкилий тузилма сифатида заифлиги. Гарчи бошида Европа иттифоқи тузилмаси ўрнак қилиб олинган бўлса-да, ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмаслиги кўриниб қоляпти. Мисол учун, аъзо давлатлар Евроосиё комиссиясига, хусусан, иттифоқ қоидаларини бузган давлатни иттифоқ судига бериш каби ўта муҳим ваколатни тақдим этишмаган. Натижада, ЕОИИ аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келадиган, рақобатни бузиш ҳолатлари бўйича юзага келадиган низоларни бартараф эта олмайди. Евроосиё комиссияси ЕОИИ битими қоидаларининг қандай ижро этилаётгани ҳақида умумий назоратни амалга оширгани ҳолда, қоида бузилишлари бўйича аъзо давлатларни хабардор қилади, холос. Бундай маълумот беришлар эса ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Фақатгина аъзо мамлакатлар учун «обрў йўқотиш» бўлади. Европа иттифоқи суди қарорлари эса ташкилот азолари учун мажбурий характерга эга.
ЕОИИ суди хусусий бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида яхши натижаларни кўрсата олгани йўқ. Бунинг катта сабабларидан бири — аъзо давлатлар томонидан ижро этилмаган суд қарорларини кўриб чиқиш ваколати йўқлиги. Бундай масалалар фақат Олий кенгаш ваколати доирасига киради. Кенгаш эса, ўз навбатида, ҳар бир қарорини консенсус — овозлар якдиллиги билан қабул қилгани учун, хоҳлаган аъзо давлат суд қарори ижросига вето қўя олади. Натижада, бизнес субъектлари халқаро ёки маҳаллий судларга мурожаат қилишни афзал кўришади.
Сиёсий қудрат келишилган қоидалардан устун кўрилиши. Евроосиё иқтисодий иттифоқи Европа иттифоқи каби олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра ҳал этиладиган ташкилот бўла олгани йўқ. Сабаби, муҳим давлат манфаатлари тўқнаш келганда иттифоқ қоидаларини бир томонлама бузиши кузатилмоқда.
2015 йил март ойидаги қарори билан Россия Конституциявий суди инсон ҳуқуқлари ва конституциявий асосларини бузадиган ҳолатларда иттифоқ битимлари нормаларининг Россия ҳудудига тўғридан-тўғри татбиқ этилмаслигини билдирди. Бу бир томонлама қарор бўлди. Аввалига қоидаларга асосланиши кўзда тутилган иттифоқ унинг мотор вазифасини ўтовчи Россиянинг юқори суди қарори билан 2015 йилнинг ўзидаёқ бўғилди, десак, адашмасак керак.
Ҳозирда савдо урушлари ҳатто ЕОИИ ичида тез-тез кузатилмоқда. Мисол учун, Россиянинг Европа иттифоқи ва Молдовага нисбатан бир томонлама киритган санкциялари натижасида иттифоққа аъзо давлатлар ва Молдовадан кириб келадиган маҳсулот ва хизматларнинг бошқа ЕОИИ давлатларига ўтиши қийинлашмоқда. Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги гўшт, майонез, шоколад, қовун ва сут маҳсулотлари ёки Қозоғистоннинг Қирғизистондан келадиган картошка маҳсулотлари бўйича қўйилган чекловлар ички бозорнинг нормал фаолиятига тўсиқ бўляпти. Гўшт ва сут маҳсулотлари бўйича Россия ва Беларусь ўртасидаги савдо уруши ҳаммага маълум. Натижада, шу кунгача Арманистондан ташқари деярли барча иттифоқ аъзолари бир бирлари билан савдо урушларини бошларидан ўтказишга улгуришди.
ЕОИИ ўзининг ҳар биз аъзосини ташқи бож сиёсатини шакллантиришга оид суверен ҳуқуқини чеклайди. Натижада, икки давлат тўғридан-тўғри икки томонлама савдо битими туза олмай қолади. Ўрнига ЕОИИ комиссияси музокаралар ўтказади. Натижада, узоқ йиллар давомида музокара қилиб келинган, масалан, Ўзбекистон Жанубий Корея билан тузилажак эркин савдо битим амалда ўртадан кўтарилади. Ҳар доим учинчи давлат билан битим тузишда ЕОИИ давлатлари розилиги керак бўлади. Бу эса ташқи иқтисодий сиёсатда эркинликнинг катта қисмини қўлдан чиқариш деганидир. ЕОИИнинг учинчи давлатлар билан тузилиши мўлжалланаётган эркин савдо битимлари эса юртимиз учун келажакда фойдали бўладими, йўқми, буни ҳам билмаймиз.
ЕОИИ доирасидаги ўзаро савдо ҳажми ЕОИИга аъзо давлатларнинг учинчи дунё мамлакатлари билан бўладиган савдо ҳажмидан анча кичик. 2016 йилдаги ЕОИИ давлатларининг 88 фоиз экспорти ва 83 фоиз импорти учинчи давлатларга тўғри келган. Бу дегани ЕОИИга аъзо давлатлар асосан ташқи давлатлар билан савдо юритади дегани. Бизнинг ҳам шу пайтгача бўлган ташқи савдомизнинг 70 фоизи ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлар ҳисобига тўғри келади. Агар Ўзбекистон келгусида Европа иттифоқи билан ҳамкорликка оид битимини янгилаб, GSP+ тизимига кира олса ҳамда ЖСТга аъзо бўлса, унда ЕОИИ ташқарисидаги давлатлар билан ташқи савдо янада ўсади. Шундай экан, бизнинг асосий савдо шерикларимиз ЕОИИга кирмаган давлатлар бўлади. Инчунун, ЕОИИга кириб, ташқи божларимизни кўтаришимизда маъно йўқ.
ЕОИИни тузган Россия Федерацияси ривожланиб кетмаяпти. Балки ҳаракатлар иқтисодий эмас, кўпроқ сиёсий тус олгани кузатиляпти. Умумий иттифоқ манфаатлари учун ҳаракат қилувчи Германия, Франция каби давлатларнинг шижоати Россияда кам кузатилади.
IV. Таҳлил
Энди юқоридагиларни бироз таҳлил қилиб кўрайлик. Аввало, айтиш керакки, Ўзбекистон келажакда иттифоққа кириб, кейин ундан чиқиши жиддий сиёсий хавфга айланиши мумкин. Негаки, ЕОИИга киргандан кейин ундан чиқиш энг камида ЕОИИ давлатлари билан ўзаро савдо урушига, Россия томонидан эса бизга нисбатан жиддий санкциялар қўлланишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳам ушбу масалада чуқур ўйланган қадам ташланиши лозим.
Бунда юртимизнинг ЕОИИ давлатларига нисбатан қандай ҳолатда эканлигини инобатга олиш лозим. Агар Арманистон ўзининг Озарбойжон билан сиёсий муаммолари борлиги туфайли ЕОИИга қўшилган бўлса, Қирғизистон Россия ва Қозоғистонга мигрант ишчилар жўнатиш ва экспорт бозорини кенгайтириш учун иттифоққа кирган. Беларуснинг Россия бозори билан қай даражада боғланганини эса айтишга ҳожат йўқ. Россия билан келишилган қоидалар асосида муносабат олиб бориш Қозоғистон учун пировард мақсад бўлган. Лекин бу мамлакатларнинг бирортаси Ўзбекистон билан бир хил вазиятда эмас.
V. Ўзбекистон учун муқобил йўллар
Шу ерда бир савол ўртага чиқади: Ўзбекистон учун ЕОИИга аъзоликдан бошқа йўл мавжудми?
Биринчи муқобил йўл: ЕОИИнинг Вьетнам билан тузган эркин савдо битими каби эркин савдо битими тузиш. Бунда икки тараф ҳам бир-бирига нисбатан маҳсулотларга қўйиладиган тариф (бож)ларни ўзаро пасайтириш ва уларга оид стандартларни мувофиқлштириш бўйича мажбурият олади. Билишимча, Ўзбекистон ЕОИИга кириш ўрнига, Ўзбекистон-ЕОИИ эркин савдо битими тузишни таклиф этиб улгурган.
Бунда бизнинг ЕОИИ эркин тижорат ҳудудига киришимизга эҳтиёж қолмайди, аммо ЕОИИ ҳудудига пасайтирилган тарифларда маҳсулотларимизни экспорт қилиш имконига эга бўламиз. Исроил, Сербия ва Сингапур каби давлатлар билан шу вариант кўриб чиқилмоқда.
Биз учун муҳим бўлган ишчи мигрантлар масаласини ҳам шу битим ичида келишиб олса бўлади. Одамларнинг эркин бориб келиши ва ишлашига оид масалалар мисол учун Япониянинг Индонезия билан тузган эркин савдо битими орқали тартибга солинган. Арманистон ва Россия, Тожикистон ва Россия ўртасида мигрант ишчи кучи масаласида икки томонлама битимлар мавжуд бўлиб, ушбу битимлар Арманистон ва Тожикистон давлатларидан келадиган ишчилар учун Россияда яна ҳам кўпроқ қолиш ва яхшироқ шароитларда ишлаш имконини беради.
Шавкат Мирзиёевнинг Россияга қилган 2017 йилги сафари чоғида иккита шундай шартнома тузилган ва ўзбекистонлик ишчилар ҳолати бироз бўлса-да яхшиланган. Ҳозирда тарафлар мигрант ишчиларнинг пенсия таъминотига доир битимни имзолашни кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг 2019 йил май ойидаги ташрифи давомида олий академик дипломларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистоннинг Россияга кирадиган маҳсулотлари бўйича божхона баҳолаши бўйича маълумот алмашишга доир протоколлар имзоланганини ҳам қайд этиш керак. Кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳам Россия билан бундай масалаларни икки томонлама битимлар билан тартибга солса бўлади. ЕОИИ билан кенгайтирилган даражадаги эркин савдо битими тузиш, яъни нафақат маҳсулот ва хизматлар, балки капитал ва фуқаролар эркин ҳаракатланишини тартибга солувчи халқаро шартнома тузиш Ўзбекистон учун энг мақбул вариант, деб ўйлайман. Зеро, шунда ЕОИИнинг Россия бозорини ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган протекционистик ҳалқасига кирмай туриб, ЕОИИ давлатлари бозорига кириш имкони туғилади.
Иккинчи йўл: ЕОИИ аъзо давлатлари билан мавжуд эркин савдо битимларини янада чуқурлаштириш. Аслида, Ўзбекистоннинг Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь ва Арманистон билан аллақачон эркин савдо битими мавжуд (МДҲ давлатлари ўртасидаги эркин савдо ҳудудига оид битим). Бу битимга Ўзбекистон 2013 йил декабрь ойида қўшилган. Шундай экан, Ўзбекистон ўзининг манфаатларини юқоридаги битим орқали ҳам рўёбга чиқариши мумкин. Айтиш керакки, МДҲ эркин савдо битими ЕОИИ ёки ЖСТга қараганда анча саёз бўлса-да, маҳсулот савдосининг катта қисмини қамрайди.
Учинчи йўл: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида иқтисодий ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаяпти. Мисол учун, шу йилнинг июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтган ташкилотнинг йиллик саммитида президент Мирзиёев ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ишбилармон доиралари алоқаларини фаоллаштириш учун ШҲТ иқтисодий форумини минтақавий форматда ўтказиш тарафдори эканлигини айтиб ўтди. Бу таклиф ҳатто Ҳиндистон томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, Хитой ҳукумати ШҲТни тобора иқтисодий ташкилотга айлантиришга ҳаракат қилмоқда ва 2013 йилдан бери ҳар йиллик ШҲТ бошлиқлари саммитига ШҲТ тараққиёт банкини биргаликда очиш таклифини илгари суриб келмоқда. Шундай экан, гарчи тезкор натижа кутиш қийин бўлсада, келажакда ШҲТ доирасидаги иқтисодий интеграция мавзуси актуаллашиши аниқ.
Тўртинчи йўл: Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги эркин савдо ҳамкорлигига эътибор қаратиш. Бу масала ҳали ҳам тўлиқлигича амалга ошмай келаётган, аммо минтақа давлатлари учун муҳим бўлган масала ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари орасидаги иқтисодий интеграциялашув қандай натижаларга олиб келиши миллий ва чет эллик олимларимиз томонидан кўп ва хўб тадқиқ қилинган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистоннинг ўзини-ўзи яккалаштириш сиёсати деярли барҳам топди ва давлатимиз қўшни давлатлар билан ўзаро ишончга асосланган конструктив дипломатияни юритмоқда. Бу йўлдаги энг биринчи ва муҳим қадам — Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг норасмий маслаҳатлашув кенгаши. Бундан ташқари, 2019 март ойида илк бор Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Форум мақсади ўзаро савдо ва туризмни ривожлантиришдан иборат бўлди. Расмий Тошкент Марказий Осиё минтақасида ҳам ўзига хос интеграция жараёнини фаол қўллаб-қувватламоқда ва бу ташаббус нафақат минтақа раҳбарлари, балки Европа иттифоқи каби узоқ, аммо муҳим ҳамкорлар томонидан ҳам ижобий кутиб олинмоқда. Фақат бундай интеграциянинг муваффақиятли амалга ошиши йўлида уч нарса талаб этилади: Россия манфаатлари билан тўқнашувдан қочиш, умумий энергетика ҳамкорлиги йўлида ўз бозорини очиш, фидокорлик руҳидаги дипломатия. Бунинг учун эса Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан бошланган янги лойиҳалар — 2019 йилда иккинчи бор ўтказилиши лозим бўлган, аммо номаълум сабабларга кўра кечга сурилаётган Марказий Осиё раҳбарларининг норасмий маслаҳатлашув кенгаши йиғилишини ўтказиш, бу тадбирнинг жиддий тадбир эканлигини минтақа давлатларига кўрсатиши керак. Бунга 2019 йил илк бор Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари иқтисодий форуми ҳам киради. Бунда давомийлик муҳим.
VI. Олдин ЕОИИми ёки ЖСТ?
Ўзбекистон ЕОИИга қачон ва қай тарзда кириш лозим — Жаҳон савдо ташкилотидан олдинми ёки кейин? ЖСТга аъзоликка эришиш йўлида, масалан, Қозоғистон истисно тариқасидаги чораларни узоқ муддат давом эттириш учун рухсат олишга (phasing out) муваффақ бўлган. Натижада, бу мамлакат 2025 йилгача ЖСТга ваъда берган тарифлар бўйича иш юритиш ҳуқуқига эга бўлиб, 2025 йилдан кейингина ўзининг ташқи божларини ЕОИИ билан тенглаштириши (кўтариши) мумкин бўлди. Шундай экан, Ўзбекистон ҳам авваламбор ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш жараёнларини тугатганидан кейингина ЕОИИга аъзолик масалаларини кўриб чиқиши лозим, деб ўйлайман. Бу Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо учинчи мамлакатлардан яна ҳам арзонроқ маҳсулот, айниқса ЕОИИ давлатлари ишлаб чиқарадиган технологияга рақобатбардош молларни ЖСТ давлатларидан маълум муддат арзон нархга олиб кириш имконини беради. Шунинг учун ҳам ЕОИИ музокаралари ЖСТга аъзолигимиз масаласи ҳал этилмасдан туриб бошланмаслиги тарафдориман.
ЖСТга оид ЕОИИ давлатларининг қисқа муддатлик тарифдан озод этилиши ҳолати
Хулоса ўрнида
Аввало, Ўзбекистон Европа иттифоқи ва ЖСТ билан музокараларни жадаллаштириши лозим. ЖСТга аъзоликнинг бозоримиз ва саноатимизга қандай таъсир қилишини тадқиқ қилиш, кейин, лозим бўлса, ЕОИИга аъзолик масаласини кўтариш керак деб ўйлайман.
Баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлганидан кейин ЕОИИга киришига ҳожат қолмайди. Зеро, ЖСТга кириш учун пасайтириладиган тарифлар Россия тарифларини ўлчов қилиб олган ЕОИИ тарифларидан албатта паст бўлади. ЖСТдан кейин ЕОИИга кириш эса яна тарифлар оширилишини билдиради. Шу сабаб ЕОИИ мамлакатлари, айниқса ташқи савдо алоқаларимизда муҳим роль ўйновчи Россия ва Қозоғистон каби шимолий қўшнилар билан икки томонлама алоқаларни кучайтириш юртимиз учун энг оптимал вариант бўлиб кўриняпти.
Модомики Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, ташқи савдо сиёсатимизда катта ўзгариш юз беришини, ҳам ички, ҳам ташқи ишлаб чиқарувчиларга таъсир этишини ҳисобга олиб, Ташқи савдо ва инвестиция вазирлиги тадбиркорларга ва умуман, аҳолига ЕОИИга киришнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида етарлича маълумот бериши, мавзу соҳа мутахассислари ўртасида баҳс этилишини таъминлаши зарур бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи савдо алоқалари қайси траектория бўйича ривожланади, деган саволга имкон қадар тезроқ аниқ жавоб бериш керак бўлади. Шубҳа йўқки, ҳукуматимиздан бундай аниқ сигнални ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар кутмоқда.
Алишер УМИРДИНОВ,
Нагоя (Япония) иқтисодиёт университети, бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга оид
11:59
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
13:43 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича АҚШ билан музокаралари расман якунланди
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
14:38 / 07.11.2024