Жамият | 21:30 / 09.05.2020
11725
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ҳар бир фахрий 10 млн сўмдан пул мукофоти олди. Уйга муҳтож фахрийга вилоят ҳокими уй берди

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилоятида “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

Бугун Тошкент вилоят ҳокимлиги мажлислар зали Иккинчи жаҳон урушида ватан озодлиги учун жанг қилган, уруш ва меҳнат фронтида мардонавор курашган бир гуруҳ юртдошларимиз тантанавор мусиқа садолари остида вилоят ҳокими Рустам Холматов, сектор раҳбарлари иззат-икром билан кутиб олинди.

Уларга Ўзбекистон президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди ҳамда пул мукофоти, медаль, эсдалик совғалари тантанали вазиятда топширилди.

Ўзбекистон президенти тўғридан-тўғри видеоконференц-алоқа орқали уруш фахрийлари, фронт ортида жасорат кўрсатган юртдошларимизга самимий дил сўзларини, байрам табрикларини йўллади. Жойларда, уруш қатнашчиларининг уйларида ташкил этилган студияларда, вилоят ҳокимлигидаги тантановар жиҳозланган студияда мазкур мулоқотни фахрийлар катта қизиқиш, эътибор билан тинглади.

Сўнгра тўкин дастурхон атрофида уруш ва меҳнат фахрийлари файзли суҳбатни давом эттиришди.

Вилоят ҳокими Рустам Холматов Нурафшон шаҳридаги “Мотамсаро она” монументи пойига гулчамбар қўйди ва ҳурмат бажо келтирди. Маросимда сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича жами 84 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Байрам арафасида вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари уларнинг хонадонларида бўлиб, пул мукофоти, эсдалик совғалари топширдилар.

Байрам арафасида вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги уруш қатнашчилари хотирасига ўрнатилган ҳайкаллар, монументлар ҳолати ўрганилиб, реставрация қилиш ва атрофини ободонлаштиришга ҳам эътибор қаратилди.

Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Италия қаршилик ҳаракатининг фаол аъзоси, Совет Иттифоқи ҳамда Италия миллий қаҳрамони Фёдор Полетаев хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент вилояти Ангрен шаҳар “Саид Ота” маҳалласида 1972 йилда монумент ўрнатилган.

Қисқа вақт ичида монументни қайта таъмирлаш ва ён-атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Маҳоратли ҳайкалтарош, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти кафедра мудири Рашид Хўжаниёзов, ҳайкалтарош Руфат Раҳматов томонидан Фёдор Полетаев бюсти тайёрланди.

Бугун “Қизил тоғ” шаҳарчаси“Саид Ота” маҳалласида Фёдор Полетаевнинг бюсти реставрациядан сўнг жойига қайтарилди.

Тошкент вилоятида Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ёдгорликлар, хусусан, Чирчиқ шаҳридаги машҳур шоир Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” шеърига бағишлаб барпо этилган монумент, Юқори Чирчиқ туманидаги “Уч аскар” ҳайкали ўз даврининг ёдгори сифатида сақланиб турибди.

Шунингдек, бугун Олмалиқ шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 101 яшар Абдураҳим ота Мавлонов янги уйга кўчиб ўтди. Абдураҳим отага Ўзбекистон президентининг табрик мактуби ўқиб эшиттирилди ҳамда "Ғалабанинг 75 йиллигига" эсдалик медали, 10 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Абдураҳим ота бундан 2 ой аввал ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд шаҳардан узоқроқда, чекка ҳудудда бўлганлиги сабабли коммуникациядан қийналаётганини, иложи бўлса, шаҳар марказидан уй ажратишини сўраб, вилоят ҳокимига мурожаат қилган эди.

Отахоннинг бу мурожаати инобатга олиниб, Тошкент вилояти ҳокими Р. Холматовнинг топшириғига кўра, Олмалиқ шаҳри марказидан 1 хонали хонадон жиҳозланган ҳолда ажратилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид