Жамият | 17:50 / 02.12.2023
78410
10 дақиқада ўқилади

Омборхонада ўлдирилган ота ва ўғил. Қарнабдаги мудҳиш қотиллик қандай фош этилганди?

Бундан 3 йил олдин Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғида содир этилган мазкур жиноят қишлоқ одамларини бир неча кун қўрқувда ушлаб турган. Чунки кичик ошхона очиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган фуқаро ва унинг ўғли ўз ҳовлисида ваҳшийларча ўлдириб кетилган, аммо қотил топилмаётганди. Тўрт томони дашт бўлган қишлоққа кимдир четдан келиб, бу ишни қилиб кетиши эҳтимолдан йироқ эди. Шу сабабли одамлар қотил ораларида юрганини сезиб туришарди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Тонгда тарқалган совуқ хабар

2020 йилнинг 8 октябри. Қарнаб қишлоғи аҳолиси учун тонг қўрқинчли бошланди: қишлоқда яшовчи Машраб Саидов (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) ва унинг ўғли ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тилдан тилга кўчарди.

Ҳовлисида кичик ошхона очиб, туппа-тузук ишлаб юрган, бировга ёмонлиги тегмаган одам нега ўғли билан бирга ўлдириб кетилди? Қотиллик сабаби нима? Қотил ким? Қишлоқ одамларини мана шу каби саволлар тинч қўймасди.

Қолаверса, Қарнаб қишлоғининг тўрт томони бепоён даштликлардан иборат, бошқа ҳудуддан кимдир келиб, ярим тунда бу жиноятни содир қилиб кетиши эҳтимолдан анча йироқ эди. Қишлоқ аҳли ваҳший қотил ораларида юрганини сезиб туришар, ҳатто бир-бирларига шубҳа билан қарашарди. Уларнинг бу шубҳаси охир-оқибат ҳақиқат бўлиб чиқди: қотил ўзини ҳеч вақодан хабари йўқдай тутиб, уларнинг орасида юрганди.

Очиқ қолган дарвоза

Қишлоқдаги тез тиббий ёрдам бўлимида ҳамшира бўлиб ишловчи оила бекаси ўша мудҳиш тунда навбатчиликка тушганди. У турмуш ўртоғи билан соат 21:18 да телефон орқали суҳбатлашади.

Эртасига эрталаб соат 7:43 ларда ошхона ишларида турмуш ўртоғига кўмаклашадиган ишчи унга қўнғироқ қилиб, ҳовли очиқ турганини, аммо ҳеч ким йўқлигини билдиради. Оила бекаси ўша атрофга бирор жойга чиққандир, деган ўйда навбатчиликни топшириб, уйига боради. Кўрсаки, уйда турмуш ўртоғи ҳам, ўғли ҳам йўқ.  

Оила бекаси ишчига ишларни бошлайверишини айтиб, уйга киради. Шунда унинг нигоҳи хонада ётган қоғоз қутига тушади. Турмуш ўртоғи оиладаги жамғарма пулларни ана шу қутида сақларди. Кўнгли бир нохушлик бўлганини сезган аёл омборхонага киради ҳамда музлаткич ёнида ерда устма-уст ётган турмуш ўртоғи ва ўғлини кўради.

Аввалига уларни ток урган деб ўйлайди. Сўнгра биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида бориб ўғлини ушлайди ва бақириб юборади: уларнинг танаси совиб қолган, турмуш ўртоғи ҳам, фарзанди ҳам аллақачон вафот этганди.

Қотиллик

Марҳумларнинг яқинлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари воқеа жойига етиб борганида Машраб Саидов ва ўғлининг мурдаси омборхонада қонга беланиб ётарди. Уларнинг ҳар иккиси бошининг орқа қисмига қаттиқ жисм билан урилиши оқибатида вафот этгани шундоқ кўриниб турарди.

Тезкор ходимлар ишга киришишади: ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди, суд-тиббий экспертизаси тайинланади. Хонадондан катта миқдорда пул ва тилла тақинчоқлар йўқолган эди.

 Ҳудуддаги мактабда штаб ташкил этилиб, ҳудуддаги жиноят қилишга мойиллиги бўлган шахслар, ичкиликка берилганлар, шубҳали фуқаролар сўроқ қилина бошлайди. Аммо ҳа деганда калаванинг учи топилавермайди. Бу эса қишлоқ одамлари ўртасида турли шубҳа-ю гумонларга сабаб бўлади. 

Бу орада одамлар орасида юрган қотил ҳам бир неча маротаба штабга сўроққа чақирилган, унинг ўзини тутиши тергов ходимларида шубҳа уйғотиб, кузатувга олинганди.

Қотилни ошкор қилган хато

Қарнабда яшовчи Ботир Чориев қишлоқдан гипс маҳсулотлари олиб, Тошкентга олиб бориб сотар ва шу орқали рўзғор тебратарди. 2020 йилнинг 9 октябр куни ҳам у ўз ишлари билан Тошкентда юрганди. Ботирга кутилмаганда қўшниси қўнғироқ қилиб қолади. Суҳбат давомида қўшниси ҳамқишлоқлари Машраб Саидов ва унинг ўғлини кимдир ўз уйида ўлдириб кетганини айтади.

Ботир Чориев бу хабарни эшитиб, қалтираб кетади, аммо у буни сездирмасдан тез орада қишлоққа етиб боришини айтади. У ўша куни кечга Қарнабга етиб боради. Қараса ҳамма жойда орган ходимлари, барчанинг тилида мудҳиш қотиллик воқеаси. Ботир ҳам бир неча маротаба сўроқ учун ҳудуддаги мактабда ташкил қилинган штабга чақирилади.

15 октябр куни Ботир Чориев қўшни Тутли қишлоғига боради. У олдинроқ шу қишлоқда яшовчи икки танишидан қарзга пул олган, бироқ қўли калталиги сабабли пулни ўз вақтида қайтара олмаётганди. Ботир қўшни қишлоқда танишларига улардан олган 14,5 млн сўм қарзини қайтариб, улар билан бироз суҳбатлашиб ўтиради. Кейин эса мотоциклини минганича ортга қайтади. 

Айни шу ҳолат – кутилмаганда қарзларини узиши Ботир Чориевни ошкор қилиб қўяди. Аслида барча излаётган ва топилмаётган қотил у эди...

“Сўроққа валерианка ичиб борарди”

Ботир Чориевнинг турмуш ўртоғи ундаги ўзгаришларни сезган, лекин ўз эри қотил экани ҳаёлига ҳам кириб чиқмаганди.

Аслида қотил Тошкент шаҳрига 2020 йил 8 октябр куни соат 4:00 ларда чиқиб кетган, бу пайтда у ўзи олдиндан режа қилган жиноятни содир қилиб келган бўлган.

“2020 йил 7 октябр куни турмуш ўртоғим кун бўйи уйда бўлди. Шу куни ярим тунда ҳовлимизнинг кириш қисмида янги қурилган хонага жой солиб беришимни, ўзи алоҳида ухлашини айтди. Турмуш ўртоғимга айтган хонасига жой солиб бердим, ўзим эса фарзандларим билан ётиб ухладим. Шу куни кечаси турмуш ўртоғимни қайта кўрмадим.

2020 йил 8 октябр куни соат тонгги 4:00 ларда асосий уйимизнинг ошхонасидаги шовқинни эшитиб, уйғониб кетдим. Қарасам турмуш ўртоғим кўчага чиққанида киядиган кийимларини кияётган экан. Қаерга кетаётганини сўраганимда иш бўйича Тошкент шаҳрига бориши кераклигини, танишлари смс ёзиб чақирганини айтди ва чиқиб кетди.

Кейин ётиб ухладим ва эрталаб фарзандларимни мактабга жўнатиб, акамнинг уйига бордим. Ўша ерда дугонам билан телефонда гаплашдим. Шунда дугонам қишлоғимизда яшовчи бир фуқаро ўғли билан биргаликда ўлдириб кетилганини айтиб қолди. Бу хабардан ҳайрон бўлдим.

2020 йил 9 октябр куни соат 19:00 ларда турмуш ўртоғим уйга кириб келди. Уйга ИИБ ходимлари келиб, уни сўраб кетишганини айтдим. У ушбу гапимга қисқача қилиб, «ҳаммадан суриштиришяпти шекилли», деб қўяқолди.

2020 йил 10 октябр куни ҳам ИИБ ходимлари турмуш ўртоғимни чақиртириб, савол-жавоб қилишди. Ҳар сафар қишлоқдаги мактабда ташкил этилган штабга чақиртирилганида турмуш ўртоғим негадир жуда қўрқиб қолиб, саросимага тушар ва “валерианка” дорисини ичиб оларди. Ўша кунларда кечқурунлари уйқусида бир неча бор “қўрқяпман”, дея бақириб уйғонди”, дея кўрсатма берган судда гувоҳ сифатида сўралган аёл.

Қотиллик қандай содир бўлди?

Машраб Саидовни пул учун ҳамқишлоғи Ботир Чориев ўлдирганди. У мазкур жиноятни олдиндан режа қилган.

Қотил жиноятга қўл уришдан икки ой олдин Машраб Саидовдан 2 млн сўм қарз сўраб борган. Машраб Саидов хўп дея пул олгани уйига кирган. Ботир Чориев эса унинг ортидан кириб, оила пуллари қаерда сақланишини кўриб қолган.

У ўша кунданоқ ушбу пулларни қўлга киритиш режасини туза бошлайди. Атрофдаги танишларидан қарзи кўплиги, топиш-тутиши ўхшамаётгани уни бу жиноятни қилишга тобора кўпроқ ундарди.

У жиноий режасини амалга ошириш мақсадида 2020 йил 7 октябрдан 8 октябрга ўтар кечаси тунгги соат 2:00 ларда темир болға билан қуролланиб, Машраб Саидовнинг уйи томонга йўл олади. Манзилга етиб борганида Машраб ҳовлисида бироз маст ҳолатда ўтирганини кўради. Ҳамқишлоқлар бироз суҳбатлашиб ўтиришади. Шу орада уй эгаси спиртли ичимлик олиш учун ҳовлидаги омборхонага киради, Ботир Чориев эса унинг ортидан эргашади.

Машраб омборхонага кириб, спиртли ичимлик олиш учун эгилганида Ботир ёнидаги темир болға билан унинг бошига зарба беради. Машраб биринчи зарбаданоқ ерга йиқилади. Қотил қўлидаги “қуроли” билан яна 6 марта зарба бериб, уни қасддан ўлдиради.

“Ишни битириб” бўлган Ботир аста омборхонадан чиқади. Ҳовлида бўлаётган шовқиндан Машрабнинг уйда ухлаб ётган ўғли уйғониб кетган ва ташқарига чиққанди. Шошиб қолган қотил унга отаси йиқилиб тушганини, ёрдам кўрсатиш кераклигини айтади. Ўғил югуриб омборхонага киради ва ерда йиқилиб ётган дадасини кўриб, унга ёрдам кўрсатиш мақсадида эгилади. Шу пайтда Ботир унинг ҳам бош қисмига ўша болға билан 6 марта зарба бериб, қасддан ўлдиради.

Сўнгра уйда бошқа ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, хонадондан 1,6 млн сўмлик қўл телефони, 48 млн сўм нақд пул, 1400 АҚШ доллари, бир қанча тилла тақинчоқлар – жами 72,7 млн сўмлик моддий қимматликларни олганича ўз уйига кетади. Йўл-йўлакай жиноят қуроли бўлган болғани уйлардан бирининг томига улоқтириб юборади.

Мудҳиш жиноят эвазига қўлга киритган бойлигини ўз хонадонининг турли бурчакларига яшириб қўйган қотил эртаси куни тонгда Тошкентга бориш баҳонасида уйидан чиқиб кетади.

Жиноят жазосиз қолмади

Ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган қотилга суд 22 йил муддатга  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Суд материаллари асосида Руслан Сабуров тайёрлади.

Мавзуга оид