15:56 / 16.05.2024
7045

“Автомобилда эмас, велосипедда ишга борамиз” — Европанинг қайси давлатларида велосипедда юриш учун пул тўланади?

Европа давлатларида йилдан йилга кўпроқ одам ишга бориш-келиш учун велосипедни танлаяпти. Ҳукуматлар ҳам уларни қўллаб-қувватлаш учун велосипедда босиб ўтган ҳар бир километр учун пул тўлайди. Одамларда шунчаки велосипед ҳайдаб ҳам даромад олиш имкони бор.

Кўпчилик учун эрталаб ишга бориш тирбандликда анча пайт йўқотиш ёки одам тўла метродан амаллаб жой топиб олишни англатади. Бироқ Европада ундай эмас. Бу ерда вақт ўтгани сари кўпроқ одам автобус, автомашиналарни велосипедларга алмаштирмоқда.

Велосипед нафақат соғлиқ учун фойдали, балки ҳавога зарарли чиқиндилар чиқарадиган автомашиналар учун ажойиб алтернатив бўла олади.

Кўплаб Европа давлатларида велотизим мавжуд. Бироқ ҳаммасининг даражаси бир-биридан фарқ қилади.

Нидерландия

Нидерландияликлар кунига ўртача 2,6 кмни велосипедда босиб ўтади. Тадқиқотлардан бирида аниқланишича, агар бутун дунёда шу кўрсаткич бўлганда йиллик глобал углерод чиқиндилари 686 миллион тоннага қисқарган бўларди.

Нидерландия ҳукумати одамларни велосипедда ҳаракатланишга рағбатлантириш дастурларини ишлаб чиққан.

Бу давлатда 2006 йилдан бери корхоналар ўзларининг велосипедда ишга келадиган ходимларига бир километр учун 0,19 евро пул тўлайди. Ҳукумат эса бизнес эгаларига бу тўловлар эвазига солиқдан чегирма беради. Бошида бу имтиёз фақатгина машина ҳайдовчиларга ёнилғини қоплаш учун ишлатиш имконияти билан берилган бўлса, кейинроқ исталган велоҳайдовчилар ундан фойдалана бошлади. Велосипед ҳайдовчилар бензин сотиб олиб ўтириши шарт эмас. Бу пул уларнинг чўнтагига қолади.

Ҳозир Нидерландияда 5 кунда ўртача 10 кмни велосипедда босиб ўтадиган одам бу тизимдан йилига 450 евро фойда кўради.

Белгияда ҳам велосипедда ҳаракатланувчилар учун худди Нидерландиядагига ўхшаш тизим ишлайди. Улар ҳар бир км учун 0,24 евро олишлари мумкин.

Францияда эса бир км учун 0,25 евро атрофида тўланади. Йилига эса 200 еврогача даромад олиш мумкин. Мамлакатда велосипед минишни рағбатлантиришга алоқадор бир пилот лойиҳа сабаб унда қатнашган 18 та компаниянинг ходимлари ўртасида велосипедда ҳаракатланиш 50 фоизга ошган.

Италия

Италияда велотизимга оид имтиёзлар ҳудудларга қараб фарқланади.

Масалан, Шимолия Флоренция шаҳри яқиндагина 3 июндан йил охиригача амал қилувчи янги тизимни таништирди.

Унга кўра, машинасини ташлаб, ишга велосипедда боришни бошлаганлар шаҳар ичида велосипедда юрган ҳар бир километр учун 0,20 евро олишади. Ишга аллақачон велосипедда боришни бошлаганлар эса ҳар бир километр учун 0,15 евро олади. Иштирокчилар Pin Bike иловаси ёрдамида рўйхатдан ўтишлари керак. Иловада энг кўп балл тўплаган 200 фойдаланувчига ҳар ой 100 евро миқдорида бонуслар бериш режалаштирмоқда.

Италиянинг Пуглиа вилоятининг маркази Бари шаҳрида эса велосипедчилар ишга борадиган ҳар бир километр учун 0,21 евро олади. Улар ойига 25 еврогача олиши мумкин.

Италия ҳукумати йўловчиларга янги велосипед сотиб олиш учун ваучерлар ҳам таклиф қилади.

Буюк Британия ва Люксембург

Баъзи давлатлар ҳар бир километр учун тўлов бермайди, лекин уларда велосипед сотиб олиш учун имтиёзлар бор.

Люксембургда ишга велосипедда борадиган одамлар янги улов сотиб олиш учун ойлик даромад солиғидан 300 еврогача имтиёз олиши мумкин.

Буюк Британияда эса ходимлар иш берувчилари орқали велосипед сотиб олишлари мумкин. Улар велосипеднинг харид нархидан 32 фоизини солиқ имтиёзи сифатида қайтариб ололади.

Нега велосипедда юриш керак?

Транспорт сектори иссиқхона газларининг тўртдан бир қисмини ишлаб чиқаради. Бунинг ярми эса шахсий автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Машиналар ҳавони зарарли газ ва кимёвий моддалар билан ҳам тўйинтиради.

Шунинг учун Европа давлатлари велосипедда ҳаракатланишни фаоллик билан ёйишга ҳаракат қилмоқда. Сабаби бу оммалашса, ҳавога зарарли чиқинди ажралмалари камаяди.

Бундан ташқари, тадқиқотларда велосипедда ҳаракатланиш саратон хавфини 45 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфини эса 46 фоизга камайтириши аниқланган. 

Top