Жаҳон | 21:59 / 03.06.2024
7434
4 дақиқада ўқилади

Европада газ нархи энг юқори даражага кўтарилди

Нархларнинг кўтарилиши, омборлардаги газ миқдори рекорд даражага яқинлашганига қарамай, бозордаги беқарорлик давом этаётганини кўрсатади. 

Фото: Bloomberg

Норвегия газни қайта ишлаш заводидаги носозликдан сўнг, Европада газ нархи жорий йилда энг юқори даражага кўтарилди. Юзага келган вазият Россия импортидан воз кечилганидан кейин Норвегиянинг таъминотчи сифатидаги муҳим ролини кўрсатади. 

Financial Times нашрининг ёзишича, Қитъалараро биржада Европа TTF эталони нархи мегаватт-соатига 38 евродан ошиб, 13 фоиздан кўпроққа кўтарилди, бу декабр ойи бошидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Бу Европада деярли рекорд даражадаги газ захирасига қарамай, бозорлардаги вазият қалтис экани белгисидир. 

Норвегия ҳозир Европанинг энг йирик табиий газ етказиб берувчиси ҳисобланади. Ўтган йили Европага етказилган газнинг 30 фоизи Норвегия ҳиссасига тўғри келган. Норвегияда режадан ташқари узилишлар тез-тез кескин бозор реакцияларини келтириб чиқармоқда. 

Европа етарли миқдорда газ захирасига эга бўлишига қарамай, нархлар барибир кўтарилди. 1 июн ҳолатига кўра, Европа Иттифоқи омборлари 70 фоиздан кўпроққа тўлган, бу эса йилнинг ушбу даври учун иккинчи энг юқори рекорд кўрсаткичдир. Европа Комиссияси ноябр ойига қадар захира кўрсаткичини 90 фоизга кўтаришни мақсад қилган. 

«Нархларнинг кескин ўсиши Европа газ бозорининг мўртлигини ва тобора камайиб бораётган таъминот манбаларига ҳаддан ташқари қарамлик кучайиб бораётганини кўрсатади», деди Европа газ тадқиқотлари бўйича LSEG директори Уэйн Брайан. 

«Захиралар Европа Иттифоқи ўрнатган даражага етгунга қадар, Европадаги газ нархлари юқори, заиф ва ҳар қандай таъминотда узилиш юз берган тақдирда нархларнинг ўзгарувчанлигига мойил бўлиб қолаверади», деб қўшимча қилди у.

Австриянинг OMV энергетика гуруҳи суд қароридан кейин Россиянинг «Газпром» компанияси газ таъминотини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргач, май ойи охиридан бери газ нархи ошиб бормоқда, бу эса Европага етказиб берилаётган Россия газининг қолган қисмини ҳам шубҳа остига қўймоқда. 

«Норвегия ва «Газпром» мижозлари атрофидаги воқеалар Европадаги газ нархларининг асосий омили», деди Том Марцек-Мансер, ICIS консалтинг компаниясининг газ таҳлили бўлими раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, узилиш Норвегия оқимини 20 фоиздан кўпроқ қисқартириши мумкин. Шу билан бирга, Осиё суюлтирилган табиий газ (СТГ) захираларини қисқартирмоқда, шунинг учун СТГ жалб қилиш учун Европада газ нархи юқори туриши зарур. 

«Қиш мавсумида глобал таъминотда СТГ етишмаслиги вазиятни узоқ муддатда бўлса ҳам ёмонлаштиради, Норвегия ва Россия қувурлари орқали таъминот эса жиддийроқ ташвиш уйғотмоқда», деди Марцек-Мансер. 

Россиянинг Украинага босқини бошлангач, Украина Россия газини Европага транзит қилишда давом этди. Бироқ таъминот ҳажми сезиларли даражада қисқарди. Энергетика вазири Герман Галушченконинг айтишича, амалдаги шартнома муддати якунланганидан кейин Россия газини Украина ҳудуди орқали транзитини давом эттиришнинг имкони йўқ. Унинг сўзларига кўра, транзитнинг давом этиши энергия хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. 

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг энергия масалалари бўйича комиссари Кадри Симсоннинг таъкидлашича, Украина ва Россия ўртасидаги транзит шартномаси 2024 йил охирида якунига етганидан сўнг, Европа Иттифоқи Россия гази таъминотини тўсатдан эҳтимолий тўхтатилишига тайёргарлик кўрмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид