Жаҳон | 12:41 / 11.07.2021
46574
8 дақиқада ўқилади

«Коллектив ҳаракатсизлик шартномаси». Марказий Осиё давлатлари КХШТга ишониши мумкинми?

Ташкилотга Марказий Осиёдаги 3та давлат: Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо ҳисобланади. Афғонистондаги вазият кескинлашиши фонида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши ушбу давлатларга ташкилот томонидан ҳарбий ёрдам кўрсатилиши мумкинми?

Фото: Нозим Каландаров / ТАСС

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) — Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган ҳарбий иттифоқ ҳисобланиб, ҳеч қачон олтита аъзо давлатларда ҳам, уларнинг ташқарисида ҳам жуда машҳур бўлмаган. Бу ерда гап умуман аъзо давлатлардан катта харажатларни талаб қилишда ёки тажовузкор экспансия сиёсатини олиб боришда эмас.

Ebert Foundation томонидан ўтказилган 2019 йилги сўров натижаларига кўра, украинларнинг 57 фоизи, латишларнинг 62 фоизи ва полякларнинг 66 фоизи КХШТ ролини кучайтиришни қўллаб-қувватлаган. Тадқиқотчилар ушбу мамлакатларда жуда кўп русларни «ёқтирадиган» одамларни топиши мумкин, аммо респондентлар ўзлари билмаган ташкилотнинг номини ёқтиришган. «Коллектив хавфсизлик»ка ким қарши чиқади?

Сўнгги бир йил ичида КХШТ шу қадар кўп муаммоларга дуч келдики, ташкилот ҳақидаги мунозаралар тор доирадаги экспертлар муҳокамаларидан барча аъзо давлатларда кенг сиёсий баҳсларга сабаб бўлди. Натижада КХШТ нима билан шуғулланиши кераклиги ва бу ҳақиқатан қанчалик аъзо давлатларга керак экани тўғрисида саволлар пайдо бўлди.

КХШТ учун асосий муаммо ўтган йил кузда Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги Қорабоғ урушида юзага келди. Ташкилот можарони эътиборсиз қолдиргани Арманистон жамоатчилиги ҳафсаласини пир қилди, улар КХШТнинг расмий равишда Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олинган Тоғли Қорабоғда жанглар бўлиб ўтди деган ҳуқуқий далилларини қабул қилмади. Озарбойжон ракеталари Арманистон ҳудудига тушганида, ушбу далил арманлар учун айниқса ишонарли эмас эди.

Назарий жиҳатдан, ташкилот шартномасининг 4-моддасида белгиланишича, аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади. Ушбу моддадан иқтибос келтирган ҳолда, арманистонлик сиёсатчилар бош вазир Никол Пашинянни КХШТга мурожаат қилишга чақиришди, аммо у буни бажармади.

Пашинян фақатгина, 2021 йил баҳорида, Озарбойжон қўшинлари икки мамлакат чегараларини қайта демаркация қилиш учун ҳаракат бошлаганида КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Душанбеда бўлиб ўтган вазирлар саммитида эса ёрдам сўрови рад этилди. КХШТ иттифоқчисини ҳимоя қилиш учун куч ишлатиш тўғрисидаги қарор аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан бир овоздан қабул қилиниши ва ҳар йили сайланадиган раис аввало бу масалани кун тартибига олиб чиқиши керак.

Замонавий урушлар чегара можаролари, саботаж ва киберҳужумлардан иборат бўлиб қолган пайтда, КХШТ низоми Иккинчи жаҳон уруши услубидаги кенг кўламли ҳарбий босқинларгагина асосланган.

Арманистон жамоатчилиги ўз иттифоқчиларининг муносабатини хиёнат қилишдан бошқа нарса эмас деб баҳолади. Унинг барча аъзолари орасида Арманистон ҳар доим КХШТга энг катта умид боғлаб келган, чунки у ерда уруш хавфи жуда юқори.

КХШТ учун иккинчи муаммо, жорий йилнинг апрель ойида унинг икки аъзоси: Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги қуролли чегара можароси ҳисобланади. Айни ўша фавқулодда вазиятда, Қирғизистон мудофаа вазири ҳам, Хавфсизлик Кенгаши котиби ҳам Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги КХШТ мудофаа вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этаётган эди.

КХШТ Бош котиби Станислав Зась иккала томонни ҳам сулҳга чақирди, аммо бу катта ёрдам бермаслиги аниқ эди.

КХШТ низоми шунчаки унинг икки аъзо давлатлари ўртасида уруш пайдо бўлишига йўл қўймайди. Масалан, Россия ёки Қозоғистон томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган барча ташаббуслар — воситачи ва музокаралар столида қатнашиш — уларнинг КХШТга аъзо бўлишига дахли йўқ.

Учинчиси, Беларусь етакчиси Александр Лукашенко намойишчиларни мамлакатнинг «барқарорлиги» учун таҳдид деб атаганига қарамай, КХШТга мурожаат қилолмаган. Қонунан бу КХШТга чоралар кўришига имконият яратиши мумкин эди.

Аъзо давлатлар КХШТ имижини яхшилашга ва унинг тамойилларини ҳаракатга айлантиришга ҳаракат қилмаган деб айтиш қийин, албатта. 2017 йилда Россияда КХШТ нафақат унинг чегараларида, балки Суриядаги вазиятга ўхшаш таҳдидларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилган. Москва ўз иттифоқчиларидан у ерга контингент юборишни илтимос қилган, аммо фақат Арманистон миналарни тозалаш учун ўз қўшинларини юбориш мажбуриятини олган, холос. Бу ҳам кўпроқ Москвага ўзининг содиқлигини намойиш этиш учунлигини англаш қийин эмас эди.

Шарқий Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар пайтида у ерга тинчликпарвар кучларни юбориш мавзуси кўтарилганда, улар КХШТдан бўлиши керак деган таклиф бор эди. Аммо тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолгани сабабли, бу оптимистик сценарий унутилган.

Шунингдек, КХШТ таркибида террористик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тузишга уриниш бўлган, аммо бу бир қанча сабабларга кўра имконсиз бўлиб чиқди. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳозирда Курдистон ишчилар партиясини Туркия билан шериклик манфаатларини кўзлаб террористик ташкилот сифатида тан олишмоқда. Бошқа томондан, Москва Анқарага бундай имтиёзларни беришни хоҳламайди.

Натижада, КХШТ ҳақиқатан ҳам ҳарбий машғулотлар ва «ҳарбий ва сиёсий вазият» мавзусидаги давра суҳбатлари ўтказиладиган учрашувга айланиб қолган. Ушбу учрашувлар Қўшма Штатлар постсовет ҳудудидаги лабораторияларда яратаётган «биологик таҳликани» муҳокама қилишни ўз ичига олади, аммо бу ерда яна бир муаммо ётади: КХШТга аъзо икки мамлакат: Арманистон ва Қозоғистонда Москвага тегишли лабораториялар мавжуд.

КХШТни кенгайтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган. Бир неча йил олдин, Озарбойжоннинг ушбу ташкилотга қўшилиши мумкинлиги тўғрисида жуда кўп мунозаралар бўлган. Чунки у 1992 йилда Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Аммо эндиликда Иккинчи Қорабоғ урушидаги ғалабасидан сўнг, Озарбойжон ортиқча мажбуриятларни ўз зиммасига олиш эҳтимоли жуда ҳам паст.

Шунга қарамай, КХШТ ҳали ҳам ўзининг фойдали ташкилот эканлигини исботлаш имкониятига эга. Агар у Афғонистондан АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан кейин самарали ҳаракатларни амалга ошира олса. КХШТ бу йил Тожикистонда учта ва Россияда битта машғулот ўтказишни режалаштирмоқда. АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан Марказий Осиёда қандай муаммолар пайдо бўлишини аниқ айтиш қийин. Минтақадаги 3та мамлакат ушбу ташкилотнинг аъзоси эканлигини ҳисобга олсак, келгусидаги хатарларнинг олдини олиш учун изчил стратегия ишлаб чиқилиши керак.

Маълумот учун, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига 1992 йил 15 майда Тошкентда асос солинган. Ўшанда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. 1993 йил 9 сентябрда Грузия, 24 сентябрда Озарбойжон ва 31 декабрда Беларусь шартномани имзолаган. Шартнома 1994 йил 20 апрелдан кучга кирган. У 5 йилга мўлжалланган бўлиб, узайтирилиши кўзда тутилганди. 1999 йил 2 апрелда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон президентлари шартномани яна беш йил муддатга узайтириш тўғрисидаги протоколни имзолади, аммо Озарбойжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришни истамади ва ташкилотдан чиқиб кетди.

2006 йил 16 августда Ўзбекистон КХШТ таркибига қайтадан кирди. 2012 йил 28 июнда эса Тошкент КХШТга аъзолигини тўхтатиб туришини билдирди.

КХШТнинг мақсади шартномага аъзо давлатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи сиёсий тажовузлардан ҳамда йирик миқёсдаги табиий офатлардан биргаликда армия ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар ёрдамида ҳимоя қилиш ҳисобланади. КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий иттифоқ сифатида жанговар операцияларда ҳеч қачон иштирок этмаган.

Мавзуга оид